Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Россияга қарши санкцияларга қарамай Ўзбекистонда АЭС қуриш режаси бекор қилингани йўқ


Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Тошкентда АЭС лойиҳаси бошланишига бағишланган маросимда. 19 октябрь, 2018
Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Тошкентда АЭС лойиҳаси бошланишига бағишланган маросимда. 19 октябрь, 2018

Ўзбекистон тўрт йил олдин мамлакат ҳудудида атом электр станцияси (АЭС) қуриш режасини эълон қилганда дунё бошқача эди, деб ёзмоқда Eurasianet нашри.

У пайтда Россия президенти Владимир Путин халқаро миқёсда яккамохов эмасди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Путинни Тошкентда фахрий меҳмон сифатида кутиб олаётган эди.

2018 йилнинг 19 октябрида Мирзиёев ва Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босди.

Қиймати 11 миллиард долларга баҳоланаётган АЭСни Москва кредитлари ҳисобидан Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси қуриши керак эди.

Тошкент АЭС кўмир ва табиий газга бўлган эҳтиёжни озайтиришини айтиб, лойиҳани олқишлади. Шунингдек, Тошкент АЭС ишга тушса, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланаётган газни қўшимча қийматли маҳсулотларни қайта ишлаш учун ишлатиш мумкин бўлишини айтди.

Аммо Россия Украинага бостириб кириши ортидан лойиҳа келажаги ҳақида савол туғилди. Мақолада эътироф этилишича, 2017 йилда Тошкент учун «Росатом» мантиқий ҳамкор бўлган, аммо Россия агрессияга жавобан жорий қилинган санкциялар туфайли «Росатом» билан ҳамкорлик мушкул бўлиши кутилмоқда.

«Росатом» Ўзбекистонда АЭС қуриш режасини агрессив тарзда илгари суриб келмоқда.

Podrobno.uz нашрида 4 апрель куни эълон қилинган мақолада ёзилишича, «Росатом» вакили Вадим Титов:

«Лойиҳа тафсилотлари муҳокама қилинмоқда. Атом электр станцияси қурилиши мамлакатларимиз манфаатларига мос келадиган стратегик икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаси эканлигини барчамиз яхши биламиз», — деган.

Аммо Россияга қарши жорий қилинган мислсиз санкцияларнинг тўлиқ таъсири ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Бу эса «Росатом»нинг Ўзбекистонда АЭС қуриш режасига таҳдид солмоқда.

Колумбия университетининг Глобал энергия сиёсати маркази қошидаги Халқаро хавфсизлик ташаббуси директори Ричард Нефью Eurasianet нашрига:

«“Росатом”нинг ўзи бундай санкцияларга дучор бўлмаган бўлса-да, ҳали тугалланмаган ёки лойиҳалаш босқичида бўлган лойиҳалар санкциялар билан боғлиқ қийинчиликлар ва аралашувларга дучор бўлиши эҳтимоли жуда катта», — деб айтган.

«Молиявий операциялар, технология трансферлари ва шунга ўхшаш нарсаларни нишонга олаётган санкциялар бундай лойиҳаларни амалга ошириш ва якунлаш бўйича ҳаракатларга путур этказади», — дея қўшимча қилади у.

Eurasianet мақоласи муаллифига кўра, лойиҳани давом эттириш ҳам, уни бекор қилиш ҳам Тошкент учун бошоғриқ бўлади.

Мирзиёев 2018 йилда АЭС ўн йил ичида қуриб битказилишини айтган. Лойиҳани амалга ошириш учун янги ҳамкор топиш учун вақт керак бўлади. Бундан ташқари, лойиҳани бекор қилиш агрессив кайфиятдаги Россияни ғазаблантириши мумкин.

XS
SM
MD
LG