Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

“Бучани тозалаш”. Киев яқинидаги хунрезликлар учун ким жавоб беради?


Буча қурбонларидан қарийб 300 кишининг жасади аллақачон биродарлик қабрларига кўмилган.
Буча қурбонларидан қарийб 300 кишининг жасади аллақачон биродарлик қабрларига кўмилган.

Бучада Россия ҳарбийлари томонидан ўлдирилган тинч аҳоли сони ҳозирча аниқ эмас, номма-ном рўйхатлар энди тузилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар 300 дан зиёд. Маҳаллий дафн этиш хизмати ходимлари икки кундан бери жасадларни йиғишмоқда.

Озодлик радиоси рус хизмати очиқ манбалардан Буча ишғоли бошланган ва тугаган пайтларда шаҳарда қайси ҳарбий тузилмалар бўлганини аниқлашга муваффақ бўлди – улар орасида Чеченистондаги “тозалашлар” билан довруғ қозонган десант бўлинмалари, Кемерово ОМОНи ва “қодировчилар”, шунингдек, Владивостокдан келган денгиз пиёдалари ва хабаровсклик мото-ўқчилар бор.

Бучада нималар бўляпти?

Буча шаҳри дафн этиш хизмати бошлиғи Сергей Капличний 3 апрель куни журналистларга шаҳар озод этилгунга қадар кўчалардан мурдаларни йиғиб олишолмаганини, бунга Россия ҳарбийлари рухсат беришмаганини айтди.

“Рухсат беришмади. “Кун совуқ-ку, ётаверсин”, деб айтишди. Жасадлар орасида уларнинг уч аскари жасадлари ҳам бор, лоақал уларни олайлик, деганимдан сўнг рози бўлишди... Моргда ўликлар йиғилиб кетган, аммо электр йўқлиги сабаб музлаткичлар ишламасди. Даҳшат...”, дейди Капличний.

“ИШИДдан ҳам баттар”. Россия Буча қирғинида айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:36 0:00

3 апрель куни Бучада йиғиб олинган 30 жасад орасида Украина Қуролли кучларининг икки аскари ҳам бўлган экан, улардан бири – Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар ветерани русларга “Молотов коктейли” ирғитгани учун отиб ташланибди. Капличний ўз ходимлари қўллари боғланган ва энсасида ўқ ўрни қолган мурдаларни топиб келишганини айтади.

Бучалик бир киши Озодликнинг украин хизмати мухбири билан суҳбатда кўчалардан бирида ўлиб ётган одамларни снайпер отиб ўлдирганини, эҳтимол, шу боис жасадлари йиғилмай қолганини сўзлаб берди. Айтишича, снайпер кўчада кўринган кимсани отган. Бошқа бучаликларга кўра, шаҳар озод этилишидан беш кун олдин ўқ саслари тез-тез эшитила бошлаган. Улар талай жасадларни шундоққина йўл ёқасига кўмишга мажбур бўлганларини сўзлаб, қабрларни кўрсатишди.

Шаҳар мэри Анатолий Федорчук сўзларига кўра, Буча қурбонларидан қарийб 300 кишининг жасади аллақачон биродарлик қабрларига кўмилган. Улардан бир қисми табиий ўлимдан, очлик ва совуқдан ёки миномёт ва артиллерия ўқларидан вафот этган экан.

Бучада Россиянинг қайси ҳарбий бўлинмалари бор эди?

Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, Буча Россия қўшинлари оккупациясида бўлган пайтда шаҳарда Россия армиясининг қатор бўлинмалари вакиллари бўлишган. Озодлик улардан айримларини аниқлади.

Якшанба куни Владимир Зеленский маъмурияти раҳбарининг маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам Бучада бўлган Россия ҳарбий бўлинмалари рўйхатини эълон қилган эди. Унда биринчи ўринда муқим жойи Хабаровск ўлкасининг Волконское қишлоғида бўлган 64-алоҳида мотоўқчилар бригадаси тилга олинган.

Очиқ манбалар мазкур бригада ҳарбийлари Бучада ростдан ҳам бўлишганини билвосита тасдиқлайди. 3 апрель куни Украинага оид “Оперативний ВСУ” телеграм-канали Буча ишғолида қатнашган бир рус аскарининг телефонидан скриншот эълон қилди. Озодлик инстаграм-аккаунт акс этган ушбу скриншотдаги телефон рақами ёрдамида унинг эгасини аниқлади. У Харьковда туғилган 29 ёшли Евгений Таран бўлиб чиқди. Унинг ўлик ёки тириклиги номаълум, аммо дўстлари орасида ростдан 64-бригада ҳарбий хизматчилари бор: масалан, хабаровсклик Евгений Смирнов. Смирновнинг аккаунтида бригаданинг муқим қароргоҳи жойлашган Князь Волконский қишлоғи геотег қилинган ҳарбий кийимдаги суратлари бор. Евгений Тараннинг дўстлари орасида босиб олинган украин шаҳарларини “тозалаётган” Россия ҳарбийлари ҳозирда маҳаллий аҳолидан зўр бериб қидираётган ўша нацистик рамзлар мухлислари ҳам топилади.

Яна очиқ манбаларга қараганда, Псков вилоятидаги 76-гвардия десант-штурм дивизияси десантчилари ҳам Бучада узоқ вақт бўлишган. Бу дивизия биринчи ва иккинчи чечен урушлари чоғида “тозалаш” амалиётлари билан ёмон ном чиқарган. Чунончи, Гудермесни “тозалаган” айнан псковлик десантчилар эди.

26 март куни украин журналисти ва “Ищи своих” телеграм-канали муаллифи Владимир Золкин ҲДҚ 76-дивизиясининг асирга олинган аскари Тимофей Бобов билан суҳбати видеосини эълон қилди. Ўшанда Бобов, жумладан, уни ва ўртоқларини 24 февраль куни Украина ҳудудига ташлашгани ва “Гостомел ёки Бучани тозалаш” учун жўнатишганини сўзлаб берди. Бобовнинг айтишича, унга кўпқават уйлардаги квартиралар эшигини лом билан бузиб, ичкаридаги одамларни ертўлага ҳайдашни буюрганлар. Унинг сўзларини британиялик журналистлар эълон қилган эшиги бузиб ташланган квартиралар суратлари ҳам тасдиқлайди.

76-дивизия Бучада бўлганини тасдиқловчи яна бир маълумот 11 мартга оид: шу куни шаҳарда ҲДҚ 76-дивизияси таркибига кирувчи 234-гвардия десант-штурм полкининг ўзиюрар артиллерия батареяси командири Геннадий Баюр ҳалок бўлган.

Чеченистон урушларида Россия омончилари ҳам уруш қонун-қоидаларини оёқости қилиб “шуҳрат қозонишган”. 2000 йил 5 февраль куни омончилар Грозний яқинидаги Новие Алди қишлоғи аҳолисини қатлиом қилганини эслаш кифоя. ОМОН ва Росгвардия қўшинлари Россия-Украина урушининг илк кунларида Гостомелдан Буча ва Ирпень орқали Киевга ўтишга урингани ҳужжатлаштирилган.

Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи Беларусда Киевга ҳужум қилишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда Костромадан 98-ҳаво десанти дивизияси бўлинмалари етиб келиб, Россия қўшинлари таркибига қўшилганини, Киев вилоятида – Бучага қўшни Гостомел ҳудудида эса ОМОН ва Росгвардиядан ташқари “қодировчилар” ҳам бўлганини эслатади.

Озодликнинг беларус хизмати Бучада 98-дивизияга мансуб 331-гвардия парашют-десант зарбдор полки аскарлари ҳам бўлганини тахмин қилмоқда. Мазкур дивизия десантчилари, хусусан, 1994-1995 йилларда Грозний учун кечган қақшатқич жангларда иштирок этганлар.

Бучада 2014 йили Донбассдаги урушда қатнашиб ёмон ном қозонган “бурят танкчилари” ҳам бўлган. Масалан, “Люди Байкала” сайтида эълон қилинган бурятиялик ва иркутсклик ҳалок бўлган ҳарбийлар рўйхатида 13 март куни Бучада ўлган Павел Лукьянов фамилияси қайд этилган – у 5-махсус гвардия танк бригадасида (Улан-Удэ) механик-ҳайдовчи бўлиб хизмат қиларди. Қолаверса, Буча қирғини гувоҳларидан бири Belsat телеканалига одамларни “бурятча акцентда гапирадиган аскарлар” отишгани ҳақида сўзлаб берган.

28 март куни “Ищи своих” телеграм-каналида Бучада ўлган “2-взвод 2-бўлинмаси” аскарлари рўйхати эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, уларнинг аксари Россиянинг Волгоград вилоятидан бўлган. Озодлик рус хизмати улар муқим қароргоҳи Волгограднинг Камишин шаҳрида бўлган ва ўтган йили декабрда аннексия қилинган Қримдаги Феодосия шаҳрига кўчирилган 56-гвардия десант-штурм полкига мансублигини тахмин қилмоқда.

Буча оккупациясининг сўнгги кунларида шаҳарда бўлган ва катта эҳтимол билан тинч аҳолини қатлиом қилишга бош қўшган қисмлар сирасига денгиз пиёдаларини ҳам киритиш мумкин. 1 апрелда РФ Мудофаа вазирлигининг “Звезда” телеканали “денгиз пиёдалари командири Алексей Шабулин”га ҳавола берган ҳолда Россия денгиз пиёдалари Гостомел – Буча – Озера йўналишида “аҳоли пунктларини тозалаш ишлари”ни бажараётганини маълум қилди. Озодлик Шабулин айнан қайси ҳарбий қисмда хизмат қилишини аниқлай олмади, лекин аввалроқ Узоқ Шарқ ОАВлари 155-махсус денгиз пиёдалари бригадаси (Владивосток) ҳарбий хизматчиси Киев яқинида ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Озодликнинг уруш бошланишидан бир ой олдин – январь ойида эълон қилинган суриштирувида ушбу бригада “қўшма ҳарбий машқларда қатнашиш учун Беларусга йўлланган бўлинмалар” қаторида тилга олинган.

Россиянинг реакцияси

Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда Бучада олинган кўплаб фото ва видеодалилларни “фейк” деб атади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса уларни “Украина расмийлари ҳамда уларнинг ғарблик валинеъматлари ўйлаб топган томоша” деб атади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Бучага оид материалларда “қалбакилаштириш ва фейк белгилари аниқланган”ини, шунингдек “фактлар ва воқеалар тадрижи айбловлар фойдасига эмас”лигини айтди.

Россия ҳарбийлари ўзлари назорат қилаётган ҳудудда тинч аҳоли вакилларининг жасадларини кўчалардан йиғиб олмаслиги аввалроқ маълум қилинганди. Би-би-си журналисти Жереми Боуэн 1 апрелдаги репортажида Киев – Житомир трассасининг Буча яқинидан ўтган участкасида 13 жасадни санаганини айтди ва мақолага видео илова қилди. Репортажда Россия ҳарбийларининг трасса яқинида бўлган бошпанаси кўрсатилган, шунингдек тинч аҳоли отиб ўлдирилганига оид гувоҳликлар келтирилган. Боуэн Украина ҳарбийлари ушбу ҳудудларни қайтадан қўлга киритганидан сўнг биринчилардан бўлиб шаҳарга кирган эди. Киев вилояти шаҳарлари кўчаларида тинч аҳоли вакилларининг жасадлари ётгани ҳақида чех журналистлари ҳам хабар қилишган.

Буча марказида оммавий қабрлар Россия ҳарбийлари шаҳарни тарк этишидан анча аввал пайдо бўлгани тўғрисида етарли маълумотлар бор. 12 мартда Ирпень шаҳри дастлабки тиббий-санитария ёрдами маркази директори Андрей Левковский бу ҳақда маълум қилган ва илк қабрлар видеосини ёйинлаган эди. 2 апрель куни эса Буча мэри France Press агентлигига шаҳар ҳудудидаги биродарлик қабрларида 280 киши кўмилганини билдирди.

Россия томони ўз қўшинлари Бучадан 30 март куни чиқиб кетганини, украин армияси 31 мартда шаҳар озод этилганини эълон қиларкан кўчаларда мурдалар борлигини эсламаганини иддао қилиб, ўзини оқламоқда. Шунга қарамай, РФ Мудофаа вазирлигининг юқорида тилга олинган “Россия денгиз пиёдалари Киев вилоятидаги аҳоли пунктларида тозалаш ишларини бажараётгани” ҳақидаги баёноти 1 апрелда берилган. Кўчаларда ётган жасадлар фотосуратларини ОАВлар 3 апрель, якшанба куни чоп эта бошлади, бироқ Бучада тинч аҳоли ўлдирилгани ҳақида ёзган айрим Ғарб нашрларининг журналистлари шаҳарга аввалроқ кирганлар.

Жумладан, Россия қўшинлари Бучани тарк этиши билан шаҳарда бўлган Reuters агентлиги мухбирлари репортажида бир аёл рус аскарлари тинч аҳолини оқ боғич боғлаб юришга мажбур этишганини айтади. Бучадаги айрим мурдаларнинг енгида ростдан ҳам оқ боғич кўринади, бу баъзи фотосуратларда ҳам акс этган.

3 апрелда Human Rights Watch ҳуқуқбонлик ташкилоти “Украина: Россия назоратидаги ҳудудлардаги очиқча ҳарбий жиноятлар” номли ҳисоботини эълон қилди. Унга ҳуқуқбонлар томонидан аввалроқ тўпланган гувоҳликлар кирган. Матнда Бучадан 9 мартда чиқиб кетган бир аёлнинг ҳикояси бор: унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари шаҳарни ишғол этган биринчи ҳафтада аҳолини ертўлалардан ҳайдаб чиқариб, кўчаларда тўпланишга мажбурлаган. Гувоҳ Россия аскарларининг тинч аҳолига муносабати хусусида, чунончи, шундай дейди:

“Бир маҳал ёшгина бир йигитни олиб келишди, кейин яна тўрт кишини. Аскарлар уларга этик ва курткаларини ечишни буюришди. Уларни йўл ёқасида чўккалаб ўтиришга мажбур этишди... Сўнгра бирини энсасидан отиб ўлдирдилар. У йиқилди. Аёллар додлаб юборишди. Қўмондон майдонга ҳайдаб келинганларга қарата: “Қўрқманглар, сизлар яхши одамларсиз. Лекин манавилар ифлос эди. Биз сизни шунақа ифлослардан тозалагани келганмиз”.

Россия аскарлари ўлдирганлар орасида маҳаллий маъмурият аъзолари ҳам бор. Украина пойтахтидан ғарбда жойлашган Макаров шаҳарчаси биқинидаги Мотижин қишлоғида қишлоқ старостаси Олга Сухенко ва унинг эрининг мурдалари топилди. Улар март ойи ўрталарида асирга олинган бўлиб, шу пайтгача дом-дараксиз эди. Дарвоқе, Россия ҳарбийлари украин ҳукумати вакилларини биринчи марта ўлдиришаётгани йўқ. 7 март куни Гостомел мэри Юрий Прилипко ўлдирилгани хабар қилинган эди. Гостомел маъмуриятига кўра, уни маҳаллий аҳолига дори ва озиқ-овқат тарқатиб юрганида отиб ташлашган.

Маҳаллий ҳукумат вакилларининг ўлдирилиши 2014 йили Донбассда рўй берган воқеаларни эсга солади. Славянск ва Краматорск босиб олинганидан сўнг депутат Владимир Рибак изсиз ғойиб бўлган эди. У маъмурий бино пештоқидан “ДХР” байроғини юлиб ташлашга ва Украина байроғини ўрнатишга уринган. Рибакнинг қийноқлардан моматалоқ бўлган жасади Украина Донбасснинг ушбу ҳудудларини қайтадан қўлга киритганидан сўнг топилган эди.

XS
SM
MD
LG