Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Ўзбекистон: Украинадаги урушни "нотўғри ёритган" журналист ва блогерлар ДХХга чақиртирилмоқда


Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси олдини пойтахликлар гулларга тўлдиришган.
Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси олдини пойтахликлар гулларга тўлдиришган.

Россиянинг Украинага уруши юзасидан “бетараф позиция”ни эгаллаган Ўзбекистон давлат матбуоти Украинадаги воқеаларни деярли шарҳламаяпти.

Ўзбекистон расмий идоралари воқеаларни фаол ёритаётган нашрлар ва блогерларга босим ўтказаётгани далиллари мавжуд.

Озодликка маълум бўлишича, ўтган дам олиш кунлари бир неча журналист ва блогер Тошкентдаги ДХХ тергов бўлимига чақиртирилиб, Украинадаги воқеаларга оид мақолалар юзасидан огоҳлантирилган.

Ўз хавфсизлиги туфайли исми ошкор этилмаслигини сўраган журналистлардан бири Озодликка 28 февраль куни Тошкентдаги ДХХ тергов бўлимига суҳбатга боргани, суҳбат давомида Украина воқеаларини “вазмин, нейтрал” позициядан ёритиш талаби қўйилганини айтди.

“Нозик мавзу, шунинг учун иложи борича нейтрал бўлинглар, деган гап бўлди ”, - дейди блогер.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда ҳам айрим блогер ва журналистлар ДХХга чақиртирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

"Нозик мавзу"

“Ҳақиқат вазирлиги” Телеграм-канали 2 март куни расмийлар назарида Украинадаги урушни "нотўғри ёритаётган" журналист ва блогерларга босим ўтказилаётгани ҳақида ёзди.

“Украинага русларнинг босқинчилиги мана шундай нозик мавзулардан. Бу мавзуни "нотўғри" ёритаётган журналист ва блогерлар ДХХнинг “Гвардейский”даги тергов изоляторига чақирилиб, аслида қандай ёритилиш кераклиги борасида "тегишли тавсиялар" олмоқда”.

Ўзбекистондаги энг оммабоп нашрлардан “Кун.уз”нинг икки таъсисчиси ва бош муҳаррири 26 февраль куни ДХХга чақиртирилган.

Нашр таъсисчиларидан бири Умид Шермуҳаммедов бу ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.

“Дам олиш куни Гвардейскийга чақиришса бирам “ёқади”...

Ўзи бормасаммикан деб тургандим, бир мухбиримни, бир ўринбосаримни, кейин шеригимни ҳам чақиришди, энди мени ҳам жуда бир “интизорлик билан” кутишаётган экан. Бунгача бир қараса шаҳарда эмасман, яна бир қарашса жўяли сабаб йўқ… Ҳа, майли Украина воқеалари баҳона яна сиқувга олишади, шекилли”, - деб ёзди Шермуҳаммедов.

“Кун.уз” раҳбарларидан бири Умид Шермуҳаммедов ДХХга чақиртирилгани ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.
“Кун.уз” раҳбарларидан бири Умид Шермуҳаммедов ДХХга чақиртирилгани ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.

Чақирув тафсилотлари борасида Шермуҳаммедов ҳам, нашрнинг бошқа таъсисчилари ҳам сукут сақламоқда.

Шермуҳамедовнинг ўзи эса бу ҳақда Facebookка қўйган постини кейинроқ олиб ташлади.

Аммо Озодлик манбаларининг айтишича, “Кун.уз” раҳбарлари Украина мавзусини ёритиш борасида огоҳлантирилган.

Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси олдини пойтахликлар гулларга тўлдиришган.
Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси олдини пойтахликлар гулларга тўлдиришган.

Айни пайтда Россиянинг Украинага босқини ҳақидаги баъзи мақолалар Ўзбекистондаги сайтлардан йўқолиб қолди.

Пойтахтликлар Тошкентдаги Украина элчихонаси биносига гул ва юмшоқ ўйинчоқлар кўтариб боргани ва шу йўл билан украинларга бирдамлик изҳор қилгани ҳақида “Дарё.уз” нашрида 25 февраль куни чоп этилган мақола кейинроқ сайтда бир муддат ғойиб бўлди. 8 март куни мақола нашр сайтида қайтадан пайдо бўлди.

Путин томонини олган "Халқ сўзи"

26 февраль куни Ўзбекистоннинг ҳукумат нашри ҳисобланган “Халқ сўзи” газетасининг интернетдаги русча саҳифасида босилган “Россия инсониятни учинчи жаҳон урушидан қутқаради” сарлавҳали мақола тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди.

Айрим тармоқ фаоллари ҳукумат нашрини Россия президенти Владимир Путин ва унинг мустақил давлатга агрессиясини қўллаб-қувватлашда айблаб чиқди.

Танқид ва норозилик ортидан мақола ҳеч қандай изоҳсиз сайтдан олиб ташланди.

Ўзбекистонлик журналист Анора Содиқованинг Озодликка айтишича, бир давлатнинг яна бир мустақил, суверен давлат ҳудудига бостириб киришини ёқловчи мақоланинг ҳукумат газетасида босилиши ўта таажжубланарли холдир.

“Ҳамкаблардан эшитдим, ДХХга чақириб, нейтрал бўлинглар, деб тушунтиришаётган экан. Айни пайтда ҳукумат газетасида мана бунақа бир ёқлама тарғибот мақола босиляпти. Балки бу ўша ерда ишлайдиган бир журналистнинг қарашидир, бизда кам эмас бундай қарашдаги одамлар, журналистлар орасида ҳам. Лекин ҳукумат газетасику бу, текширувдан ўтади.

Журналистларни ДХХга чақиртирилаётганига келсак, мени чақиртиришмади, касал эдим. Лекин, чақиртиришган ҳамкабларимни. Нейтрал бўлинглар, деб тавсия беришган. Журналисларнинг хавотири бўлиши керак-ку. Россия қудратини ортиши бизга зарар. Украинада ўйинчоқ ҳукумат тузилиши бошқа постсовет давлатлар учун ёмон мужда бўлади. Ахир, биз мустақил давлат, қандай нейтрал қараб туриши керак?”, - дейди Анора Содиқова.

"Кремлдан қўрқади". Ўзбек зиёлилари Россиянинг Украинага уруши ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:17 0:00

Ўзбекистонлик блогер Ақида Ханум Украинадаги воқеалар ҳақида тармоқларда фикр билдиришга ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаётганини айтади.

“Бизда зомби яшикни (Россия давлат телеканалларига тармоқларда берилган таъриф- таҳр.) кўрадиганлар кўп. Россия пропагандасига учганлар бор. Тармоқда бир нарса ёзсангиз, дарров чиқиб келишади. Лекин уларнинг қараши ҳукуматимиз қарашига айланиб қолмаслиги керак”, - дейди Ақида Ханум.

Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби, собиқ дипломат ва журналист Беруний Алимовга кўра, урушаётган томонларнинг урушни тўхтатишга бўлган интилишини қўллаб-қувватловчи ОАВ чиқишлари муҳим.

"Тўғри, шунчаки “гуманистлик”дан кўра, чуқурроқ мазмунга эга материаллар етарли даражада ёзилмаётганлигини тан олиш керак.

Шундай бўлса-да, ҳар иккала томоннинг урушни тўхтатишга бўлган интилишини қўллаб-қувватловчи ОАВ чиқишлари муҳимроқ, деб ўйлайман. Негаки, ОАВ оддий ўқувчининг нимани сўрагани, аниқроғи, кўпроқ қонли тафсилотларни бергандан кўра, унинг келиб чиқиш сабабларини, ҳозирги ҳолати ва прогнозини нейтрал позицияда туриб бергани маъқулроқ", - дейди Озодлик билан суҳбатда Беруний Алимов.

Озодлик Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигидан бу борада муносабат ололмади.

Президент Мирзиёевнинг ўзи ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳанузгача Россиянинг Украинага тажовузи юзасидан баёнот бергани йўқ.

25 февраль куни Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон мулоқоти ўтказди.

Кремль президент Мирзиёев Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилганини айтди, аммо кейинроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистоннинг расмий мавқейига аниқлик киритди.

Унга кўра, Ўзбекистон бу борада нейтрал позицияда.

“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда. Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим”, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг баёнотида.

XS
SM
MD
LG