Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Мирзиёев "мудофаа" ҳақида гапирди. Блогерлар Путин Россиясидан узоқ туришга чақирмоқда


Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев.
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев.

Расмий Тошкент Россиянинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузи борасида муносабат билдирганича йўқ.

Тошкент вақти билан 15.30 ҳолатига на Президент матбуот хизмати ва на Ташқи ишлар вазирлиги расмий интернет ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида Украина атрофидаги можарога доир алоҳида баёнот пайдо бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Қорақалпоғистонга 23 февраль куни бошланган уч кунлик сафарини давом эттирмоқда ва унинг пойтахтга олдинроқ қайтиши борасида бирон ишора берилгани йўқ.

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар, ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаб келаётган сиёсатшунослар, журналистлар ҳам сукут сақламоқда.

Мамлакат Хавфсизлик кенгаши ва бошқа хавфсизлик идоралари вазиятни муҳокама қилгани ҳақида ҳам расмий маълумот мавжуд эмас.

Айни пайтда Президент билан Қорақалпоғистонга сафар қилаётган блогер Азиза Қурбонова Мирзиёевнинг Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида 24 февраль куни сўзлаган нутқидан иқтибос келтирди.

"Дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб боряпти. Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак", — деб айтган Мирзиёев.

Ўзбекистон расмий идораларининг бу каби сукут сақлаши ноодатий эмас. Таҳлилчилар минтақа давлатлари Украинадаги воқеалар ривожини хавотир билан кузатаётгани, аммо Москванинг ғазабига сабаб бўладиган бирон баёнот қилишдан тийилишини айтишади.

Аммо ўзбек расмийларидан фарқли ўзбек блогосфераси Россия тажовузини қораловчи ва Украина билан бирдамлик изҳор қилинган шарҳларга тўла.


“21-асрда ҳам агар масъулиятсиз, ёлғончи, ёвуз шахс қўлига ҳокимият, ҳокимият бўлгандаям, чексиз ҳокимият ва яна ядро чемонданчаси билан тушиб қолса, оқибатлари нимага олиб келишини кўзимиз билан кўришимизга тўғри келади. Бу урушда, афсуски, ҳамма ютқазади. Мутлақ ёвузликка қарши курашда биринчи фронтда бўлишга тўғри келаётган Украин давлати ва халқига бутун дунё ёрдамга келиши лозим ва лобуд!” – дея ёзди таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров.

“Украинлар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашяпти. Дуо қилайлик, ғалаба қозонсин”, – дея мазлумнинг ёнида бўлишга чорлади таҳлилчи Сардор Салим.

СССРнинг парчаланишини ўтган асрнинг мислсиз фожиаси деб атаган Путин кейинги йилларда “тарихан Россияга тегишли” ҳудудларга ошкора даъво қила бошлади. Шунга кўра маълум фурсат ўтгач, Кремлнинг нигоҳи Марказий Осиёга қаратилиши борасида фаразлар янграмоқда.


“Ҳа, Россия буюк давлат бўлган. Икккинчи жаҳон урушини енгган, икки қутбли жаҳон сиёсатида иккинчи қутб сифатидаги ролини яхши ижро этган. Лекин кейинчалик, ҳали айтганимиздек, турли пуфак амбициялар унинг шўрини қуритган. Россия ҳали ҳам ўша даъволардан воз кечган эмас. Кремль дунёга 18-аср дурбини билан қараётгандек таассурот уйғотади одамда” – деб ёзди Телеграмдаги “Platforma.uz” канали.

Украина бошига тушган кулфат Путин Россиясидан имкон қадар узоқлашиши кераклигини яна бир карра тасдиқламоқда, деб хулоса қилади ижтимоий тармоқда миллий зеҳният ва манфаатни ифода этиб келаётган кам сонли фойдаланувчилар.


Бир гуруҳ зиёлилар наздида, Путиннинг “Донбассда руслар ҳуқуқи бузилаётгани” иддаоcи билан суверен Украинага қўшин тортиши 1938 йилда Адольф Ҳитлернинг олмон миллатига мансуб аҳоли манфаатларини байроқ қилиб Чехословакиянинг Судет вилоятига бостириб кирганини ёдга солаётир.


“Путин ҳали Ҳитлер қилган жиноятларнинг барини қилишга улгургани йўқ, ҳозир ўша вақтлардагидек жирканчликларни қилиш имконсиз ҳамдир. Аммо бугунги жиноятнинг ўзи, ким билсин, Ҳитлернинг барча жиноятларига тенг бир жиноятдир, эҳтимол. Путин бу билан тўхтаб қолмайди”, – дейди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Ўзбек ва рус тилида ижод қилувчи блогер Умид Ғафуров эса “Путин ақлдан озганини тушуниш учун сиёсатчи бўлиш шарт эмас”лигини таъкидлайди.


“Замонавий давлатда бир киши мамлакатни 20 йилдан ортиқ бошқариши мумкин эмас. Замонавий давлатда президент ўзи учун шаҳар катталигидаги қасрлар қурмаслиги керак... Агрессияни қўллаб-қувватловчиларни чин дилдан тушунмайман. Қанчалик утопик бўлмасин, барча мамлакатларда тинчлик тарафдориман”, – дейди у.

Кузатувчиларга кўра, Кремль одатига содиқ қолган ҳолда Украинага қарши амалиёт жараёнида ҳам ахборий хуруж, дезинформация тарқатиш усулидан кенг фойдаланмоқда.


“Қайси манбадан келмасин, ахборотга дарров ишонманг, муқобил манбаларга ҳам мурожаат қилинг. Шу ўринда фикр лидерлари, журналистлар, блогерлар, зиёлилар, ахборот экспертларини обрўли, тоза, фейклар тарқатмайдиган манбаларни ўқувчиларига тавсия этиб боришга, ишонган манбаларига ҳаволаларни қизғонмай кенг ёйишга, фейкларни эса аёвсиз фош қилишга чақираман. Бу Сизнинг эзгулик учун ҳиссангиз бўлади”, – деб ёзди Ўзбекистон адлия вазири маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова.


“Ўзбекистоннинг йирик сиёсий муаммоларидан бири – мустақил, ишончли, аҳолининг мутлақ аксарият қисмини қамраб, ташқи ахборот хуружларидан бемалол ҳимоя қила оладиган ахборот макони, ахборот ҳудуди мавжуд эмаслиги. Агар, нимадир бўлиб, Россия ОАВлари Ўзбекистон давлатига, ҳукуматига қарши агрессив ва жуда катта хажмдаги ахборот оқимини яратса ва бу билан Ўзбекистондаги вазиятни чайқашни мақсад қилса, расмий Тошкент ҳеч нарса қила олмай қолади”, – дейди К.Раббимов.

Ношир ва блогер Фируз Аллаевга кўра, вазият бу борада кескин чоралар кўришни тақозо этмоқда.


“Менимча, Россиянинг ахборот тарқатувчи телеканалларини республика ҳудудида ўчириш вақти келди. Сиёсий нейтрал каналлар рус тилида бемалол намойиш этилиши мумкин. Лекин, урушни пропаганда қилувчи телеканалларни ўчириш долзарб масала деб ўйлайман. Шундоқ ҳам Кремль пропагандасига ишониб кўр-кўрона урушни қўллаб-қувватлаётганлар кам эмас. Қайсидир давлатнинг сиёсий идеологияси бизнинг ҳудудда тарғиб қилиниши келажакда бизга ҳали яхшигина муаммолар яратиши мумкин”, – деб огоҳлантиради Ф.Аллаев.

“Бизда жуда кўплаб халқаро миқёсдаги воқеаларга расмийларимизнинг муносабатларини билиш қийин. Чунки улар доим президентнинг муносабатидан кейингина муносабат қилишади. Бугунги кун воқеалари Ўзбекистон учун абсолютно алоқаси йўқ ишлар эмас. Россияда ҳам, Украинада ҳам кўплаб ватандошларимиз бор. Бундан ташқари, назаримда, ҳаттоки нейтрал позициядалигимизни ҳам баралла билдириб қўйишимиз керак. Тез орада Президент ушбу воқеаларга муносабат билдиради деб умид қиламан”, – деб ёзади блогер ва таҳлилчи Нурбек Алимов.

Блогер Олимжон Ҳайдаров Путин мутлақо мустақил бўлган давлатга кенг кўламли уруш бошлаганини ёзар экан, бу диктаторни фақат рус халқи тўхтата олиши мумкинлигини айтади:

“Агар бу диктатор ҳозир тўхтатилмаса эртага Украинани эгаллаб олгач, навбат Болтиқ бўйи давлатлари(Латвия, Литва, Эстония)га, унда кейин Полша ва Грузияга, кейин Ўрта Осиёга келади. Шундай экан, уни тўхтатиш керак. Рус халқи уни тўхтатиши керак. Бўлмаса, унинг империалистик шахсий амбициялари сабаб Россиянинг ўзи ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин”.

Олимжон Ҳайдаров
Олимжон Ҳайдаров

Блогер Муҳаммад Матжон фикрича, Россияда мухолифатнинг йўқлиги бу урушни келиб чиқишига сабаб бўлган:

“Немцовлар, Навалнийлар бўлганида Путинга, шахсий уруш амбицияларига қўйиб бермас эди, одамларни кўчаларга олиб чиққан, Путинга қаршилик қилган бўлар эди.

Мана нима учун мухолифат керак.

Хар қандай ҳукуматни тергаб туришнинг мухолиф сиёсий кучлар, мустақил парламент, мустақил суд каби механизмлар ишламаса, сиёсат бир кишининг монополияси бўлса, авторократия, диктатура бўлади.

Путинизм ва унинг глобал оқибатлари замонавий дунёга хос яққол мисол. Маддохликни давом эттираверинг. Маддоҳлар тамом қилади давлатни".

Муҳаммад Матжон
Муҳаммад Матжон

XS
SM
MD
LG