Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

Украина-Россия: "Украина ҳудудида Россия ҳарбий техникаси ҳаракатланмоқда"


Украина-Россия чегарасидаги украин ҳарбийси, 2022, 19 февраль.
Украина-Россия чегарасидаги украин ҳарбийси, 2022, 19 февраль.

Киев ўз назоратидаги ҳудудлар ўтган тунда россияпараст айирмачилар томонидан 53 марта, айирмачилар эса ўз ҳудуди украин ҳарбийлари томонидан 50 марта ўққа тутилганини иддао қилмоқда.

17 февралдан бери Донбасс минтақасида Украина ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачиларни ажратиб турувчи фронт чизиғи бўйлаб вақти-вақти билан отишмалар содир бўлмоқда.

Ғарб Москва босқинчилик учун баҳона қидираётганидан хавотирда. Москва эса бу иддаоларни муттасил рад этмоқда. Халқаро жамоатчилик Байден билан Путин 21 февраль куни келишиб олган бўлғуси саммитга умид боғламоқда.

Ўтган тунда Донбасс минтақаси яна ўққа тутилди

Киев расмийлари ўтган тунда Украина назоратидаги ҳудудлар камида 53 марта ўққа тутилганини даъво қилмоқда.

Донбассдаги Украина Бирлашган кучлари штабига кўра, россияпараст айирмачилар барча ҳолатларда Минск келишувлари билан тақиқланган қуроллар - миномёт, гранатомёт ва йирик калибрли пулемётлардан ўт очган.

Отишма натижасида снаряд парчаси тегиб, бир ҳарбий ўртача жароҳат олгани ва касалхонага ётқизилгани айтилди.

Украина кучлари, жумладан, Луганск вилоятида Ўт очишни тўхтатиш масалаларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш қўшма марказининг украин ҳарбийларига тегишли юк машинаси йўқ қилинди, демоқда.

Айирмачилар эса, ўз навбатида, ўт очишни тўхтатиш режими бузилишида украин ҳарбийларини айбламоқда. Тан олинмаган “Луганск халқ республикаси” сутка давомида Украина томони ўз ҳудудини 50 марта ўққа тутгани, 24 та аҳоли пунктини нишонга олинганини иддао қилди.

Россияпараст “Донецк халқ республикаси” айирмачилари, якшанба куни украин ҳарбийлари уларни ҳам 37 марта ўққа тутгани, “Минск битимлари билан ман этилган қуроллардан” жавоб зарбасини берганини иддао қилган.

CIT: Украина ҳудудида рус ҳарбий техникаси юрибди

Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи сўнгги кунларда очиқ маълумотларда пайдо бўлган фотосурат ва видеоларга асосланган ҳолда, Россия ҳарбий техникаси Украина ҳудудида ҳаракатлана бошлаганини маълум қилди.

Гуруҳнинг билдиришича, ҳарбийларни Россиянинг бошқа ҳудудларидан Украина чегараларига жамлаш жараёни ниҳоясига етган бўлиши эҳтимол. Чунки авваллари ҳудудга техника темир йўл ёки танк ташувчи юк машиналарида олиб келинган бўлса, эндиликда ҳарбий техника ўзи ҳаракат қила бошлади.

“Техника эҳтимолий ҳужум уюштириладиган асосий позицияларга жойлаштирилаётган бўлиши мумкин”, - дейилади хабарда.

CIT қўлга киритилган маълумотларда чегара яқинидаги рус ҳарбийлари оғир шароитларда яшаётгани, марказлаштирилган озиқ-овқат таъминоти йўқлиги қайд этилганини таъкидлаган.

“Қўшинни узоқ пайт бундай аҳволда ушлаб туриш мумкин эмас. Шунинг учун яқин кунларда ё ҳужум қилинади ёки ҳарбийлар қисман олиб чиқиб кетилади”,-деб ёзди гуруҳ тадқиқотчилари.

АҚШ ва Ғарб давлатлари разведкасининг билдиришича, Россия Украина билан чегарага 150 минг аскар ва ҳарбий техникани жамлаган.

ФХХ: Украина ҳудудидан отилган снаряд Ростовга тушди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати 21 февраль эрталаб Украина ҳудудидан отилган снаряд Ростов вилоятидаги чегара хизмати объектини вайрон қилганини иддао қилмоқда.

ФХХнинг билдиришича, Украина чегарасидан 150 метр узоқликда жойлашган объектга снаряд тушган пайтда бу ерда ҳеч ким бўлмаган. Аммо, Россия томони вайрон бўлган объектнинг аниқ манзили ҳақида маълумот бермади.

Бундан ташқари Россия томони Украинага тегишли 2 та ҳарбий техника душанба куни эрталаб чегарани бузиб кирганини ҳам иддао қилмоқда. Россия томонига кўра, техникалар яксон қилинган.

Ҳозирча бу маълумотларни бирорта мустақил манба тасдиқламади.

Россия: Тергов қўмитаси 2 та жиноят иши очди

Ҳозиргача, Россия Тергов қўмитаси Донбассдаги отишмалар юзасидан иккита жиноят иши очганини маълум қилган.

Улардан бири Луганск ҳудудидаги Пионерское қишлоғи ўққа тутилиб, икки киши ҳалок бўлгани, иккинчиси эса Ростов вилояти ҳудудига Украина томонидан снаряд учиб келганига доир иддаолар билан боғлиқ.

Украина томони эса, ўз техникаси чегарани бузиб киргани ёки ўз ҳарбийлари Россия томонига снаряд отгани тўғрисидаги қарши томон баёнотларини инкор этди.

Аввал ҳам Кремль Украинадан отилган бир неча снаряд Россия ҳудудига келиб тушгани тўғрисида хабар берган. Украина президенти Владимир Зеленский бу хабарларни ёлғон ва провокация сифатида баҳолаган.

Сўнгги кунларда ЕХҲТнинг Махсус мониторинг миссияси Донбассда ўт очишлар интенсивлиги кескин ортганини қайд этмоқда.

Бу воқеалар Россиянинг Украина чегаралари яқинида катта куч тўплагани ва Ғарб мамлакатлари Россиянинг бирор провокация баҳонасида Украинага ҳужум қилишидан хавфсираётгани манзарасида рўй беряпти.

Париж: Байден ва Путин “умуман олганда” саммитга рози

21 февраль куни Франция президенти маъмуриятининг маълум қилишича, АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин Украина теварагидаги вазиятни муҳокама қилиш учун саммит ўтказишга, “умуман олганда” розилик билдирган.

Уларга Франция президенти Эммануэл Макрон шундай таклиф билан чиққан.

Франция президенти аввалига Владимир Путин билан телефон орқали икки соат суҳбатлашган. Сўнгра Владимир Зеленский ва Жо Байденлар билан ҳам қўнғироқлашган. Кейин яна Россия президенти билан боғлангач, томонлар саммитга рози бўлганини маълум қилган.

Елисей саройи тарқатган хабарномада музокараларга барча манфаатдор томонлар таклиф этилаётгани айтилади. Бу учрашувнинг бир шарти бор: мазкур саммит Россия Украинага ҳужум қилмаган тақдирдагина ўтказилиши мумкин.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки дастлабки келишув мавжудлигини тасдиқлади.

“Биз дипломатияга ҳамиша тайёрмиз. Шунингдек, Россия урушни танлагудек бўлса, шошилинч ва қаттиққўллик билан жавоб қайтаришга ҳам шаймиз. Айни пайтда Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳужумга ўтишга ҳозирлик кўрмоқда, бу ҳужум тез фурсат ичида бошланиши мумкин”, деди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

Аммо, Кремлнинг матбуот котиби учрашув ҳозирча режаланмаган, деб билдирди.

Россия-Украина: НАТО Литвага 1200 аскар жойлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:58 0:00

Reuters: АҚШ Россия банкларига санкция ҳозирлади

Reuters агентлиги АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Америка ва Россия банклари ўртасидаги молиявий муносабатларни тақиқлашга оид ҳужжат лойиҳасини тайёрлаганини хабар қилди.

Агентликка кўра, мазкур ҳужжат Россия Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирдагина кучга киради.

Хабарда таъкидланишича, ҳужжатда биринчи навбатда Россиянинг ВТБ, Сбербанк, ВЭБ.РФ (Внешэкономбанк) ва Газпромбанк билан муносабатлар узилиши қайд этилган. Аммо бу якуний рўйхат эмас, бу қора рўйхатга яна банклар қўшилиши мумкин.

Бундан ташқари Оқ Уй жисмоний ва юридик шахсларга ҳам санкция қўллаш масаласини ўрганаётгани хабар қилинди.

Уларнинг АҚШдаги акциялари музлатилади ва ҳар қандай пул ўтказмалари тақиқланади. АҚШ ҳукумати бу маълумотни ҳозирча изоҳлагани йўқ.

ЕИ: Россияга қарши санкциянинг вақти эмас

Европа Иттифоқи раҳбарияти “ҳозир Россияга қарши санкциялар жорий қилиш вақти эмас”, деб ҳисобламоқда.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, Украинадаги вазият муҳокама қилинган йиғилишда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеф Боррел шуни маълум қилган.

Боррел журналистларга санкциялар “вақти келганда” киритилишини айтган:

“Франция Жо Байден ва Владимир Путин Украина бўйича саммит ўтказишга келишиб олганини айтганидан кейин, Европа Иттифоқи кейинги музокараларни ташкил этиш бўйича уринишларни қўллаб-қувватламоқда. Саммит учрашувлари етакчилар ёки вазирлар даражасида бўладими, қандай форматда бўлишидан қатъи назар, музокара олиб бориш, мулоқот қилиш, урушдан қочиш жуда зарур”.

Киев: санкцияларни ҳозироқ қўлланг!

Киев санкцияларни ҳозироқ - урушнинг олдини олиш учун - жорий этишни сўрамоқда.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, Брюсселда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғинида буни қатъий таъкидлади:

"Европа Иттифоқи санкциялар ҳақида гапириш билангина чекланмаётганини кўрсатиши учун ва ҳозирданоқ бир неча санкцияни қўллашга етарлича, қонуний сабаблар борлигига ишонамиз".

Европа Иттифоқи вазирлари ўтган ой Украинага 1,2 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам пакетини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Украинанинг зобитларини тайёрлаш учун ҳарбий инструкторлар кичик миссиясини йўллаш ҳақидаги узоқ йиллик сўрови ҳам маъқулланди.

Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ковенининг айтишича, блок кўпроқ Москва билан музокараларни осонлаштиришга эътибор қаратиши керак:

“Менимча, урушнинг олдини олишнинг йўли – мулоқот, муросага келиш ва биринчи навбатда босқиннинг олдини олиш йўлларини топпиш. Бу бизнинг ҳозирги устувор вазифамиз бўлиши керак”.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам, Россияни Украина шарқидаги тинч аҳоли билан “масъулиятсиз” ўйин қилишда айблаб, Кремлни музокаралар столига қайтишга чақирди.

Lufthansa: Украинага парвоз вақтинча тўхтади

21 февралга келиб, Lufthansa ва унинг шуъбалари – Eurowings, Swiss, Brussels ва Austrian Airlines – Киев ҳамда Одесса шаҳарларига парвозларни вақтинча тўхтатди.

Бу Россиянинг муҳтамал тажовузи хавфи билан боғлиқ. Львовга рейслар ҳозирча сақланмоқда. Парвозларни тиклаш бўйича қарор вазиятдан келиб чиқиб, кейинроқ қабул қилинади.

Якшанба куни Украина ҳукуматига бўйсунмайдиган Донецк ва Луганск вилоятларидан аҳолини Россияга кўчириш давом этди. Бу ҳақда жума куни халқаро майдонда тан олинмаган ДХР ва ЛХР етакчилари эълон қилди.

Маҳаллий аҳолининг ахборот воситаларига билдиришича, минтақа раҳбарлари аҳолини тезроқ кетишга ундамоқда. Аммо, 18 дан 55 ёшгача эркакларнинг кетиши тақиқланган.

“Бошлиқлар бизга: кетинглар, дейишди. Қулоқ солишга мажбурмиз, чунки қўрқамиз – икки ёш боламиз бор. Уларга бир кори ҳол бўлишидан хавотирланамиз”, дейди Reuters агентлигига гапирган донецклик Анастасия.

Украина шарқий ҳудудларини тарк этаётганларнинг асосий қисми Ростов вилоятига йўл олмоқда.

CBS телеканали: рус армияси босқин ҳақида буйруқ олган

Ўтган оқшом CBS телеканали, Америка разведкасига ҳавола берган ҳолда, Россия армияси қўмондонлари аллақачон Украинага бостириб киришга буйруқ олганини хабар қилди.

Айтилишича, ҳозирда жанг майдонидаги ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Айни чоғда НАТО раҳбари махсус хизматлар қўлга киритган маълумотлар бунинг аксини кўрсатаётганини таъкидлади: разведка маълумотларига кўра, Россия кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга шайлигини тасдиқловчи барча аломатлар ҳамон мавжуд.

Айнан шу маълумотлар 18 февраль куни Байденнинг Владимир Путин Украинага қарши тажовуз бошлашга тайёрлиги ҳақида баёнот беришига асос бўлган.

Москва ушбу хабарга изоҳ бергани йўқ. Аммо, қўшни мамлакатга ҳужум қилиш режаси йўқлигини муттасил такрорлаб келмоқда.

Россия- Украина: НАТО ҳарбийлари жанговар шайликка келтирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:09 0:00

XS
SM
MD
LG