Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:52

НАТО: Рус қўшини қайтарилмаган, балки 7000 ҳарбийга кўпайтирилган


Қатор ғарб давлатлари ва НАТО Россияни Украина билан чегарадош ҳудудлардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетаётгани тўғрисида халқаро жамоатчиликка ёлғон хабар тарқатганликда айбламоқда.

Россия ҳукумати 17 февралда ҳам қўшинларни Украина билан чегарадош ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш жараёни давом эттирилаётганини билдирган.

Аммо АҚШнинг Maxar Technologies хусусий ширкати сунъий йўлдоши коинотдан олган суратларда бунинг аксини кўриш мумкин.

Икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида Россия ҳарбийларининг Украина чегарасидаги ҳаракатини кузатган сунъий йўлдош Ерга узатган фотосуратларда Россия ўз қўшинлари сонини кўпайтираётгани кузатилган.

НАТО маълумотига кўра, сўнгги икки кунда Москва Украина чегарасидаги қўшинлари сонини 7 минг нафарга кўпайтирган.

АҚШнинг Maxar Technologies хусусий ширкати сунъий йўлдоши коинотдан олган суратларда Россия қўшини ҳамон Украина чегарасида эканлигини кўриш мумкин.

Россия ҳарбийларининг Украина чегарасидаги ҳаракатини икки ҳафта давомида кузатган сунъий йўлдош фотосуратларида Россия ўз ҳарбийларини аксинча кўпайтираётгани қайд қилинган.

Ғарб давлатлари ва НАТО Россияни халқаро жамоатчиликка ёлғон хабар тарқатганликда айбламоқда.

“Биз Москва ўз баёнотларига тескари иш тутаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Сўнгги 48 соат ичида Москва Украина чегарасидаги қўшинлари сонини 7 минг кишигача кўпайтирди”,-деб баёнот берди Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Брюсселда 17 февраль куни ўтган НАТО саммити бошланиши арафасида.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 17 февраль куни “Биз Россия ўз қўшинларини олиб чиқаётгани тўғрисидаги баёнотларни эшитяпмиз-у, аммо жой-жойларда вазиятнинг юмшаётганини кўрмаяпмиз”,-деб баёнот берди

Россия Мудофаа вазирлиги 15 февраль куни 130 минг ҳарбийсини Украина билан чегарадош ҳудудлардан “ҳарбий машғулотлар якунлангани муносабати билан” олиб чиқиб кетаётганини билдирди.

Украина президенти Владимир Зеленский Мариуполь шаҳрига ташрифи чоғида Киев Россия ҳарбийларининг кичик ротациясини кўраётгани, аммо бўлинмаларни чегарадан олиб кетиш қайд этилмаганини таъкидлаган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия ва Украина чегарасидаги вазият Европада хавфсизлик инқирозини юзага чиқарганини урғулаган.

"Москвадан дипломатия давом этиши мумкинлигини кўрсатувчи ишоралар бор, аммо ҳозирча биз чекиниш ёки кескинликни пасайтириш аломатларини кўрмаяпмиз. Россия яна бир бор Европа хавфсизлигини таъминловчи тамойилларни писанд қилмаслигини, ўз мақсади йўлида куч ишлатиш билан таҳдид қилиш қобилияти ва истагини намойиш этди. Афсуски, бу биз тайёр бўлишимиз керак бўлган янги одатий ҳолга айланишидан қўрқаман", деди Столтенберг.

Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти баёнотига кўра, Россиянинг Украинага ҳужум қилиши хавфи ҳамон сақланмоқда.

Оқ Уй ҳам Кремль Украина билан чегарадош ҳудудларда аскарлар сонини кўпайтираётгани тўғрисида баёнот берди. Шундан келиб чиққан ҳолда Вашингтон Москванинг Украина чегарасидан ҳарбийлар олиб чиқиб кетилаётгани тўғрисида берган хабарини “ёлғон” деб атади.​

Ўз навбатида Россия Тергов қўмитаси Донбассда 2014 йилда ҳалок бўлган маҳаллий аҳолининг бешта оммавий қабри топилгани факти бўйича жиноят иши очган. Тергов улар Украина армиясининг пала-партиш ўт очиши натижасида қурбон бўлишганини иддао қилиб, тинч аҳоли билан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уруш олиб боришда тақиқланган восита ва усуллардан фойдаланишга доир жиноят иши қўзғатган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Россиянинг оммавий қабрлар топилганига оид иддаолари ёлғон маълумот бўлиши мумкинлигини айтган. Псакига кўра, Вашингтон ҳамон Россия исталган пайтда Украина ҳудудига бостириб кириши мумкин, деб ҳисоблайди, шу боис вазиятни синчковлик билан кузатишда давом этмоқда.

“Кеча Президент ва бугун эртароқ Давлат котиби Блинкен айтганларини эшитганингиздек, биз ҳар қандай вақтда ҳужум содир бўлиши мумкин, деб ҳисобланган паллада турибмиз ва бундан олдин руслар ҳужум бошлаш учун уйдирма баҳона топади. Ва биз кўрдик - ва бу ҳақда шу ерда гапирдик - биз бундай тактикалар ўтмишда қўлланганига гувоҳмиз. Шундай қилиб, сизга ҳавола қилинган ҳисоботда келтирилган - Донбасдаги провокация ҳақидаги даъволар; давлат оммавий ахборот воситаларининг ёлғон хабарларидан ташқари ҳам бўлиши мумкин, менимча, сиз ҳаммангиз кузатиб туришингиз ва бундан хабардор бўлишингиз керак; сохта видеолар; кимёвий қурол бўйича ёлғон айбловлар ёки русларга ҳужумлар ҳақида хабарлар, булар аслида содир бўлмаган. Шундай қилиб, босқиндан олдин бир қанча сохта байроқлар ва баҳоналар бўлиши мумкин", деди Псаки.

17 февраль куни Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган Луганск сепаратчиларига тегишли ижтимоий тармоқларда Украина ҳарбийлари Новая Кондрашовка қишлоғидаги болалар боғчасини бомбардимон қилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Вайрон қилинган болалар боғчаси.
Вайрон қилинган болалар боғчаси.

Луганск сепаратчилари Новая Кондрашовка қишлоғи ва болалар боғчаси ўз назоратидаги ҳудуд эканини иддао қилган. Аслида бу қишлоқ россияпараст исёнчилар эмас, Украина ҳукумати тасарруфидаги ҳудуддир.

Украина расмийлари эса болалар боғчасини “Россия босқинчи кучлари” бомбардимон қилгани тўғрисида баёнот берди. Бомбардимон натижасида катта ёшдаги икки киши жароҳатланган. Болаларга зиён етгани тўғрисида маълумот йўқ.

17 февраль куни эрталаб сепаратчилар Украина қўшинлари гўёки Донбасс ҳудудига ўқ отаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Украина ҳукумати эса 17 февралга ўтар кечасидан бошлаб россияпарастлар оташкесим битимини бузиб, камида 29 марта ўқ отганини, бунинг натижасида 1 нафар украин аскари ва икки нафар фуқаро ҳалок бўлганини билдирди.

Ғарб давлатлари Беларусь ва Россия Украинага яқин ҳудудда қўшма ҳарбий машғулот ўтказаётганидан ҳавотир билдириб келади. Ғарб давлатлари фикрича, Россия исталган пайтда Украинага ҳужумни бошлаш салоҳиятига эга.

Беларуснинг Ғарб давлатлари томонидан тан олинмаган президенти Александр Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин жорий ҳафта якунида учрашади.

Лукашенконинг билдиришича, учрашувда “Россия ҳарбийларининг мамлакатни тарк этиш графиги ва шартлари” муҳокама қилинади.

Украина ҳукуматига кўра, мамлакатнинг Белорус билан чегарасида тинчлик ҳукмрон. Бироқ Киев Белорус билан чегарада ҳам назоратни кучайтиришга қарор қилган.

“Чегара мудофааси барибир кучайтирилди. Россия тажовузкорлигини ҳисобга олиб, бизга мамлакатни ҳимоя қилиш вазифаси ҳам юкланган. Биз доим шаймиз”, Украина чегарачиси Сергей Хоменко.

Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимоли жаҳон бозорида айрим хавотирлар кузатилмоқда.

Жумладан, АҚШдаги бензин нархи билан боғлиқ ҳолат. Бензин нархи кескин ошиб кетиши муқаррарлиги сабаб президент Жо Байден ва Демократик партия учун жиддий муаммога айланиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда америкалик экспертлар.

Россия қўшинларининг Украина чегаралари яқинида жамланиши сўнгги ҳафталарда нефть нархининг тўхтовсиз ўсишига ва сўнгги етти йилда энг юқори даражага етишига олиб келган. Бензин баҳоси йил давомида 40 фоизга ва сўнгги ойда 6 фоизга ошган. Ҳозирда АҚШда мазкур ёқилғи турининг бир литри қарийб бир доллардан сотилмоқда. Россия-Украина ҳарбий можароси юз берган тақдирда Россиядан нефть етказиб бериш хавф остида қолиши мумкин.

Президент Байден 15 февралдаги чиқишида унинг маъмурияти бензин нархи ошишини тўхтатиш учун тасарруфидаги барча куч ва воситаларни ишга солишига америкаликларни ишонтирган.

Россия қўшинлари Украина чегараси яқинига йиғилаётганига оид хабарлар оммавий ахборот воситаларида ўтган йил кузидан бери пайдо бўла бошлаган. АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар Москва ҳарбий ҳужумга ҳозирланаётганини тахмин қилиб, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсата бошлашган.

Кремль бу иддаоларни рад этиб, АҚШ ва НАТОдан хавфсизлик кафолати, жумладан Шимолий Альянсни шарққа томон кенгайтирмасликни талаб қилган. Ғарб вакиллари принципиал масалаларда ён бериш ниятлари йўқлигини билдиришган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG