Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:20

"Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкин". Лукашенко яна Ўзбекистон ҳақида гапирди


Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарининг Беларусга ташрифи чоғида - Минск, 31 июль, 2019
Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарининг Беларусга ташрифи чоғида - Минск, 31 июль, 2019

Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко яқин келажакда айрим собиқ совет давлатлари, жумладан, Ўзбекистон Россия ва Беларус ўртасида тузилган Иттифоқ давлатига аъзо бўлиши мумкинлигини башорат қилди.

Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёвга берган интервьюсида Лукашенко январь воқеалари Қозоғистонга "яхши сабоқ бўлгани"ни айтди. Мазкур интервьюдан парчалар 6 февраль куни Россия медиа платформаларида эълон қилинди.

Бошловчининг “Иттифоқ давлати келажагини қандай тасаввур қиласиз?” деган саволига Александр Лукашенко қуйидагича жавоб берган: “Биласизми, Беларусь аллақачон унга кирган. Ўйлайманки, Қозоғистон ҳам яхшигина сабоқ олди (январь воқеалари назарда тутилмоқда - таҳр.) Агар сиз келаётган 15 йилни назарда тутсангиз, аминманки, Украина Иттифоқда бўлади, агар хато қилиб қўймасак. Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ҳам, ўйлайманки, ўзларининг иқтисодий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қўшилади", деб айтган Лукашенко.

Лукашенко: Ўзбекистон Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқариши керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:30 0:00

Бу Қозоғистондаги январь воқеаларидан буён Лукашенконинг Ўзбекистонни биринчи марта тилга олиши эмас.

10 январь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг онлайн саммити чоғида Лукашенко, ўзининг таъбирича, Қозоғистондаги тартибсизликларни келтириб чиқарган кучларнинг "нигоҳи ҳозирда Ўзбекистонга қаратилгани"ни иддао қилган ва расмий Тошкентни воқеалардан сабоқ чиқариш ҳақида огоҳлантирганди.

Президент Мирзиёев Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги баёнотини “асоссиз” дея танқид қилган.

"Мустақиллик - нисбий тушунча"

Лукашенко Россия “гази, нефти ва бозори”га урғу бериб, “мустақиллик” тушунчасининг “нисбийлиги”дан баҳс этган.

Ўтган ойда Лукашенко Қозоғистондаги январь воқеаларини Беларусь учун “яна бир ибрат” деб атаганди.

Россия ва Беларусь иттифоқ давлати – давлат усти тузилма бўлиб, уни ташкил қилиш тўғрисидаги шартнома 1999 йил 8 декабрда Александр Лукашенко ҳамда Борис Ельцин томонидан имзоланган. Ҳужжатда, жумладан, ягона парламент ва умумий валюта, қонунчиликни ва давлат рамзларини бирхиллаштириш назарда тутилган.

2020 йилги президент сайловидан сўнг Беларусда кенг ёйилган оммавий норозилик ортидан Москва Иттифоқ давлатини шакллантириш бўйича музокараларни тезлаштира бошлади. Лукашенко намойишларни куч билан бостирганидан кейин Россия-Беларусь интеграциясини чуқурлаштириш бўйича музокаралар якуний босқичга кирди.

Ғарб Лукашенкони сайлов натижаларини сохталаштирганликда айблайди ва уни легитим президент деб ҳисобламайди.

Беларусь мухолифатининг қатор вакиллари Лукашенко Москвадан дастак олиш учун ҳатто Беларусь суверенитетидан воз кечиши мумкинлигидан хавфсирайдилар.

ТАСС ахборот агентлиги ёзишича, интервьюда Лукашенко “умумий мудофаа маконининг аҳамияти” ҳақида гапирар экан, “ҳам Қозоғистон, ҳам КХШТ буни исботлаган”ини айтган.

Январь ойининг илк кунларида мамлакат ғарбида бошланган тинч намойишлар кўплаб ҳудудларга ёйилган эди. Хусусан, Олмаотада норозилик қонли воқеаларга уланиб кетди. Намойишлар чоғида ҳукумат интернетни ўчириб қўйди ва мобил алоқани чеклади.

Тоқаев чет элда етиштирилган “20 минг террорчи” Олмаотага ҳужум қилганини айтди, бироқ ўз иддаосига бирон бир далил келтирмади. Қозоғистон раҳбари Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўради.

Шунингдек, куч ишлатар ходимларга намойишчиларга қарата “огоҳлантирмасдан ўқ отиш”га буйруқ берганини эълон қилди.

Қозоғистон расмийлари январь воқеаларида 227 киши, жумладан 19 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими нобуд бўлганини маълум қилишди.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Улар тинч намойишчилар ҳамда норозилик акцияларига мутлақо дахли бўлмаган кишилар орасида қурбонлар борлигини тасдиқловчи далилларни келтиришмоқда.

Кўплаб гувоҳларнинг сўзларига кўра, январь воқеаларидан сўнг мамлакатда қатағонларнинг янги тўлқини бошланган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фаоллар қўлга олинган тинч намойишчиларни дўппослаш ва қийноққа солиш “тизимли” йўлга қўйилганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG