Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:47

The Diplomat: Ўзбекистонда бир-биридан жуда фарқли икки блогер сўзи учун жазоланди


Миразиз Бозоров ва Фозилхўжа Орифхўжаев.
Миразиз Бозоров ва Фозилхўжа Орифхўжаев.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда икки блогер - Фозилхўжа Орифхўжаев ҳамда Миразиз Бозоров ўз чиқишлари учун озодликдан маҳрум қилинди.

Уларнинг биринчиси диний масалаларда зиддиятли чиқишлари билан танилган бўлса, иккинчиси Ўзбекистон ҳукуматига қарши коррупция айбловлари ва Жиноят кодексидан «Бесоқолбозлик» моддасини чиқариш ҳақидаги чақириқлари билан танилган.

The Diplomat нашри бош муҳаррири Кэтрин Путцнинг ёзишича, бу икки блогернинг жазога тортилгани Ўзбекистон ҳукумати экстремистик қарашларга эга прогрессив блогерларга ҳам, консерватив блогерларга ҳам тоқат қилмаслигидан далолат беради.

Фозилхўжа Орифхўжаев 26 январь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Бу жазога Орифхўжаев 2021 йилнинг 6 мартида Facebookда ёзган пости асос бўлди. Блогер ўз постида бошқа дин вакилларини диний байрамлари билан табриклаш тўғри ёки йўқлиги ҳақида ўз фикрини билдирган.

Аммо Орифхўжаев бу постни ёзганидан кейин бир неча ой ўтгач қўлга олинди. Хабар қилинишича, блогер 2021 йилнинг 26 июнида бошқа бир блогер ва уламо Аброр Абдуазимов ваъз ўқиётган Тошкентдаги «Тўхтабой» масжидига боради. У ерда Орифхўжаев ҳукуматпараст блогер Абдуазимовни (ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан танилган) "иккиюзламачи" деб атайди.

28 июнь куни ички ишлар ходимлари Орифхўжаевни чақиртириб, уни майда безориликда айблаб, ҳибсга олишган ҳамда уяли телефонини тортиб олишган. Ўша куни суд блогерни 15 суткага ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Тошкент суди Орифхўжаевни ҳибсга олиш муддатини аввал уч ойга, кейинроқ 2021 йил 13 декабригача узайтирган.

Абдуазимовнинг яқинда қамоқ жазосига ҳукм қилинган бошқа блогер – Миразиз Бозоровнинг ишига ҳам алоқаси бор. Бозоров блогер ва ҳуқуқ фаоли бўлиб, Ўзбекистон ҳукуматни очиқчасига танқид қилиб ҳамда Ўзбекистонда бир жинсли шахслар ўртасида жинсий алоқани декриминаллаштиришга чақириб танилган. 2021 йилнинг март ойида бир гуруҳ номаълум шахс блогерни ўз уйи олдида калтаклаб кетди. Ҳодиса Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп-мусиқаси тадбирини ЛГБТ анжумани деб ўйлаган оломоннинг «Оллоҳу Акбар!» деган ҳайқириқларидан кўп ўтмай юз берган.

Оғир тан жароҳатлари олган Бозоров касалхонага ётқизилар экан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси блогернинг ўзини айблаб чиқди. Бозоров устидан суд тўрт нафар шахснинг даъвоси асосида кўрилди. Булар юқорида тилга олинган блогер Абдуазимов, YouTube тармоғидаги канали билан танилган Шуҳрат Мусаев, Telegram тармоғида фаолият юритувчи блогер Абусолиҳ Салимов ҳамда Тошкентдаги 110-мактабнинг бир ўқитувчисидир. Хабарларга кўра, ўқитувчи эътирозига Бозоров TikTok тармоғида «Мактаб – қул кампирлар ва омадсизлар ёш авлодни қул ва омадсиз бўлишга ўргатадиган жой» деган гапи асос бўлган.

21 январь куни Тошкентнинг Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди шу кунга қадар уй қамоғида сақланаётган Бозоровга 3 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Маҳкама бошланганидан бир кун ўтиб эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Бозоров Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми г-банди билан «ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат» қилишда айбдор, деб топилган.

Мақола муаллифига кўра, бу икки блогер иши Ўзбекистонда сўз эркинлиги чеклангани ҳамда сўз ва ифода эркинлиги устидан давлат назорати сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Декабрь ойида Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Орифхўжаевга қўйилган «асоссиз» айбловларни бекор қилиш ва уни зудлик билан озод қилишга чақирганди.

Ташкилот ўз баёнотида Орифхўжаевнинг фикрлари ким учундир баҳсли бўлиши мумкинлиги, аммо зинҳор жиноят эмаслигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG