Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

"Мен нафақахўрман". Назарбоев ҳеч қаёққа кетмагани ва элита орасида бўлиниш йўқлигини айтди (ВИДЕО)


Қозоғистонда 2 январда бошланган норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликлардан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган собиқ президент Нурсултон Назарбоев 18 январь куни видеомурожаат билан чиқди.

У ўз мурожаатида Нур-Султонда эканини ва мамлакат элитаси ўртасида ҳеч қандай конфликт мавжуд эмаслигини айтди.

-Мен 2019 йилда президентлик ваколатини Қасим-Жомарт Тоқаевга ўтказиб бердим. Ўшандан бери пенсионерман. Айни пайтда мамлакат пойтахти Нур-Султондаман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳокимиятнинг тўлиқ ваколатларига эга. У Хавфсизлик кенгаши раисидир. Тез орада у “Нур Отан” партияси раислигига сайланади. Шунинг учун мамлакат элитаси орасида ҳеч қандай конфликт ёки қарама-қаршилик мавжуд эмас. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир,-деди Назарбоев.

Ўз нутқида собиқ президент Қасим-Жомарт Тоқаев сиёсатини қўллаб-қувватлаш лозимлиги тўғрисида ҳам гапирди.

Президентликдан кетганидан сўнг Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолган эди. Қозоғистондаги норозиликлар ортидан у бу лавозимни тарк этганини билдирган.

Айрим таҳлилчилар Қозоғистондаги воқеаларни Тоқаев билан Назарбоевга яқин одамлар ўртасидаги элиталараро кураш сифатида баҳолаган эди.

  • Назарбоев ҳозир 81 ёшда. У Қозоғистонга 30 йил раҳбарлик қилган, 2019 йилда президент лавозимидан кетган бўлса-да, умри охиригача Хавфсизлик кенгаши раиси ва иқтидордаги партия раҳбари бўлиб қолган. Назарбоевнинг қариндошлари ва яқинлари эса муҳим лавозимларда ишлашда давом этган.
  • Норозиликнинг авж палласида, 2022 йил 5 январь куни Тоқаев халққа мурожатида Хавфсизлик кенгашига энди ўзи раҳбарлик қилишини эълон қилди. Бир неча кун ўтгач Назарбоевнинг матбуот котиби собиқ президент бу лавозимдан ўз ихтиёри билан кетганини айтди. Сўнгги кунларда Назарбоевнинг қариндошлари ва содиқларидан ҳам бир неча киши лавозимидан кетказилди. Буларнинг бари Назарбоев билан унинг вориси бўлмиш Тоқаев ўртасида низо борлиги, шунингдек Назарбоевнинг тақдири ва макони хусусида миш-миш ва мунозараларни пайдо қилди.
  • Қозоғистонда норозилик 2 январь куни газ нархи кескин оширилгани ортидан бошланган эди. Кейинчалик митингчилар сиёсий талабларни ҳам илгари суришди. Назарбоевнинг ҳокимиятдан ва сиёсатдан кетказиш талабини билдирувчи “Шал, кет!” (“Чол, кет!”) хитоби норозилик акцияларининг энг машҳур шиори бўлди.
  • Намойишлар манзарасида қатор шаҳарлар, энг аввало Олмаотада тартибсизлик ва бебошликлар бошланди, қурол қўлланилди. Қозоғистон расмийлари тартибсизликларни норозилар эмас, чет элда етиштирилган террорчилар уюштирганини иддао қилишди. Тоқаевнинг илтимоси билан мамлакатга Россия ва унинг иттифоқчилари ҳарбийлари киритилди. Бир неча кун ўтиб, тартибсизликлар босилгач, қўшинлар мамлакатдан олиб чиқиб кетила бошланди. Назарбоев ўз нутқида Қозоғистонга қўшин киритилганини эсламади, шунингдек террорчилар ҳақида ҳам гапирмади.
  • Расмий маълумотларга кўра, январь воқеалари натижасида Қозоғистонда 225 киши қурбон бўлган, уларнинг аксари тинч аҳоли вакилларидир.
XS
SM
MD
LG