Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

“Тадбиркорни жиноятчига чиқаради”. Cолиқ ўзгаришлари эътирозларга сабаб бўлди


Янги йилдан бошлаб жорий этилаётган ўзгаришларга мувофиқ, Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахслар солиқ ҳисоботларини Е-activ ва Е-ijara тизими оқрали тақдим этишлари керак бўлади.
Янги йилдан бошлаб жорий этилаётган ўзгаришларга мувофиқ, Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахслар солиқ ҳисоботларини Е-activ ва Е-ijara тизими оқрали тақдим этишлари керак бўлади.

Ўзбекистон солиқ тизимида янги йилдан бошлаб жорий этилган ўзгаришлар мамлакат солиқ тушумларининг катта қисмини ташкил этувчи кичик ва ўрта бизнес фаолиятига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирлар билдирилмоқда.

Бундан буён мамлакатда юридик ва жисмоний шахслар солиқ ҳисоботларини Е-activ ва Е-ijara тизими оқрали тақдим этишлари керак бўлади.

ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар 2022 йил 1 январдан "E-aktiv" тизимидан фойдаланиши мажбурий ҳисобланади.

Ижара шартномаларини эса, жисмоний ва юридик шахслар E-ijara электрон хизмати орқали тақдим этишлари шарт.

Кўчмас мулк ижара шартномаларини мажбурий равишда солиқ органларида электрон шаклда ҳисобга қўйиш амалиёти ҳам 2022 йил 1 январдан йўлга қўйилмоқда.

Ўзбек расмийлари Е-activ, Е-ijara ва бошқа дастурий комплексларни жорий этиш билан боғлиқ ўзгаришлардан мақсад - бизнесни соядан олиб чиқиш ва "соя иқтисоди"да даромад топаётганларни қонуний ишлаш йўлига ўтказиш эканини айтишган.

Аммо тадбиркорлик субъекти вакиллари ва ҳисобчилар e-ijara ҳамда e-aktiv платформаларида рўйхатга олиш муаммолари, мол-мулк солиғининг ҳаддан ташқари кўп чиқаётганидан шикоят қилмоқда.

Тизим соддалаштириш ўрнига мураккаблаштириляпти

Исми очиқланмаслигини сўраган тошкентлик ҳисобчи Озодлик билан суҳбатда муаммо сабабларини бундай тушунтирди:

“Бундан буён ижара шартномалари E-ijara ва савдо шартномалари e-aktiv тизимлари бўйича қайд қилинади. Ипидан-игнасигача киритиш керак. Агар бирон маълумот кирмаса ёки хато маълумот кириб қолса, тамом бўлдингиз, тизим сизни қизил йўлакка тушириб қўяди. Қизил йўлакка тушди дегани, шубҳали солиқ тўловчи сифатида жавобгарликка тортилиш, дегани. Масалан, фактураларда товар ва хизматлар кодини қўйиш зарур. Лекин у кодлар ҳали ҳам унификация қилинмаган, доим ўзгариб туради. Шунинг учун хато кетиб қолиш хавфи юқори. Хато кетиб қолса, қизил дорожкага туширади, жаримаси бўлади. Жавобгарлик бор, каттагина жарималар бор. Бу тизим битта вергулни хато қилсангиз сизни жиноятчига, даромадни яширувчига чиқариб қўяди. Соддалаштириш ўрнига тизим мураккаблаштириляпти”, - дейди ҳисобчи.

Баъзи молия соҳаси мутахассислари солиқ тизимининг мураккаблашуви қонуний ишлаб келган кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлик субъектларига "соя иқтисоди"га ўтиб, даромад топишдан ўзга чора қолдирмаслигини айтишади.

Фейсбукдаги Потребитель.уз гуруҳидаги муҳокамаларда ўзгаришлар танқид қилинмоқда.
Фейсбукдаги Потребитель.уз гуруҳидаги муҳокамаларда ўзгаришлар танқид қилинмоқда.

Facebook тармоғидаги Потребитель. уз гуруҳида иқтисодчи Лилия Николенко шундай ёзади:

“Агар сиз Ўзбекистонда қонуний ишлаётган бўлсангиз, шак-шубҳасиз, хароб бўлдингиз. 2022 йилда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларнинг аянчли оқибати шу бўлади.

Бир неча кундан буён кўз ўнгимизда кичик ва ўрта бизнес барбод бўлмоқда. Қасдданми ёки ўйламасданми, билмайман.

Агар солиқ тўлаш бўйича бу "фарс" энди тўхтатилмаса, биз жуда катта муаммоларга дуч келамиз. Мен бу даҳшатли тушнинг кўламини тасаввур ҳам қилолмаяпман.

Маъқул йўли, Ўзбекистон бизнеси бўғиб ўлдирилмасидан туриб петиция ёзиш. Бошқа йўли – ноқонуний ишлаш.

Потребитель. уз гуруҳида солиқ ўзгаришлари ҳақидаги бу каби ўнлаб эътирозларга кўзингиз тушади.

Тошкентлик Ойбек Озодов исмли тадбиркор Facebook саҳифасида солиқ тизимидаги ўзгаришлар йирик корхоналар учун ҳам бошоғриқ бўлаётгани ҳақда ёзди.

“Фақат кичик ва ўрта бизнес эмас, йирик корхоналар бу тартибсизликдан жабр кўриши мумкин. Катта корхоналар, керак бўлса кўпроқ жабр кўради, чунки ҳажм катта, савдо айланмалари жуда катта. Агар бундай бўладиган бўлса, бизнесни ёпишдан бошқа чорамиз қолмайди”, - дейди тадбиркор.

Озодлик тадбиркор ва молиячиларнинг янги солиқ тизими борасидаги эътирозлари юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига боғланди.

Ўзини қўмита раиси ёрдамчиси, деб таништирган мулозим яқин кунларда бу эътирозлар юзасидан баёнот берилишини айтди.

“Ҳамма мурожаатлар ўрганиляпти. Раисимизни ўзлари шу масалада маълумот беради, сайтимизда эълон қиламиз, кузатиб боринг”, - деди Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси вакили 14 январь куни Озодликка.

Бизнесни соядан олиб чиқишми ёки аксинча?

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ўтган йил 18 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Е-activ, Е-ijara ва бошқа дастурий комплексларни яратишдан мақсад - бизнесни соядан олиб чиқиш ва солиқ тўловчиларга рақобат учун тенг шароитлар яратиш эканини айтган эди.

“Сув харид қилиб - шина сотувчи” фирмаларни “тутиш” ва яширин иқтисодий фаолиятни фош этиш учун солиқчилар товар ва молиявий оқимларнинг шаффофлиги учун шароитлар яратмоқда. Бу ҳам солиқ тўловчилар, ҳам идора учун осон бўлмайди. Бироқ бусиз солиқлар ставкаларини пасайтириб бўлмайди”, - деган эди Кудбиев.

Ўзбекистондаги солиқ қонунчилиги ҳақида маълумот берувчи “Бухгалтер. уз” сайтига кўра, Е-ijara тизими солиқ органларига ижара шартномалари фирибгарликларининг олдини олиш имконини ҳам беради.

“Cолиқ тўловчиларни фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича солиқ базасини камайтириш юзасидан текшириш имконияти яратилади. Улар ижарага олинган майдон ҳажми камайтириб кўрсатилган ва фойда юзасидан фирибгарликларга йўл қўйилган ҳолатларни аниқлашлари, шунингдек корхона омборидаги ҳақиқатдаги камомадни “захиралар ижарага олинган омборда сақланмоқда” деб изоҳ бериладиган ҳолатларнинг олдини олишлари мумкин бўлади”.

Ўзбекистонда юридик шахснинг 18 кв.м дан кам майдонда рўйхатдан ўтказилиши ноқонуний ҳисобланади.

Янги ташкил этилган айрим корхоналар кўпинча давлат рўйхатидан ўтишни турар жой биноларида ва минимал квадрат майдонлар бўйича амалга оширадилар.

“Бундан буён бу каби ҳолатлар дарҳол Е-ijara тизимида кўринади”, - деб ёзди “Бухгалтер.уз” сайти.

Ўзбекистон солиқчилигини ичидан биладиган тошкентлик ҳисобчига кўра, аксинча, тизим тадбиркорларни соя иқтисодига ўтиб кетишга ундаши мумкин.

“Қонуний ишлаётганларга зулм бўляпти. Ноқонунийлар учун жарима белгиланмайди. Биз ҳам ноқонуний ишлашга ўтар эканмиз-да. Бу кичик бизнесни давлат томонидан атайлаб йўқ қилишми?”, - дейди ҳисобчи.

Давлат солиқ қўмитаси 2022 йил 1 июлга қадар бўлган муддатда хўжалик юритувчи субъектлар техник сабабга кўра, Е-activ тизими билан ишлай олишмаса, уларга нисбатан санкция қўлламаслик механизмлари ишлаб чиқилаётгани билдирган.

XS
SM
MD
LG