Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Foreign Policy: Қозоғистоннинг Россия билан чегараси бирданига яна очиқ саволга айланди


Дума депутатлари В.Никонов ва Е.Фёдоров Қозоғистон ерларига даъвогарлик қилмоқда
Дума депутатлари В.Никонов ва Е.Фёдоров Қозоғистон ерларига даъвогарлик қилмоқда

Қозоғистонда аҳолининг газ нархлари кўтарилишига қарши норозилигидан бошланган аксилҳукумат намойишлар давом этаркан, Foreign Policy нашри Россиянинг шимолий Қозоғистон ҳудудига даъволари яна ўртага чиққанига эътибор қаратди.

Рус миллатчилари шимолий Қозоғистоннинг катта қисми Россияга тегишли эканига ишонади. Шимолий Қозоғистонда яшайдиган кўплаб этник руслар орасида ҳам Россия таркибига қўшилишни қўлловчилар бор.

Foreign Policy нашрига кўра, Россиянинг Қозоғистон шимолига даъволари Совет Иттифоқи парчаланиб кетган даврга бориб тақалади. Мустақил Россиянинг илк президенти Борис Ельцин Россиянинг чегаралари Кремль хоҳлагандек эмаслигини айтган. Хусусан, Ельцин тўрт ҳудудга кўз тиккан. Биринчиси Грузиянинг Абхазия минтақаси бўлиб, Россия у ерга 2008 йилда бостириб кирди. Иккинчи ва учинчи ҳудудлар Украинадаги Қрим ва Донбасс бўлиб, Россия бу ерларга 2014 йилда ҳарбий юриш қилди. Ельцин кўз тиккан тўртинчи ҳудуд Қозоғистон шимолидир.

Шимолий Қозоғистон Россияга ўтишини қўллайдиган таниқли шахслар кўп. Улар орасида адабиёт бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган рус ёзувчиси Александр Солженицын ҳам бор.

Россиянинг Қозоғистон ҳудудига даъволари Қозоғистон пойтахти Олмаотадан Остонага (яқинда Нур-Султан деб қайта номланган) кўчирилишига туртки бўлган сабабларнинг биридир.

2014 йилда Россия Қримга ҳужум қилишидан олдин Россия ва Қозоғистон раҳбарлари илиқ муносабатда эди. Аммо Россия агрессияси ортидан ўша пайтдаги қозоқ президенти Нурсултан Назарбаев Хитой президенти Си Цзиньпиндан Қозоғистон хавфсизлигини таъминлашда кўмак сўрагани айтилади.

Қрим аннексия қилиниши ортидан талабалар билан бўлиб ўтган учрашув давомида Россия президенти Владимир Путиндан Назарбаев кетганидан кейин Қозоғистонда ҳам Украиндаги ҳолат такрорланиши мумкинлиги ҳақида сўрашди. Бу саволга жавобан Путин қозоқлар «ҳеч қачон давлатга эга бўлмаган», дея жавоб берди. Орадан бир неча кун ўтиб, Қозоғистон ҳукумати Қозоқ хонлигининг 550 йиллигини эълон қилди.

Foreign Policy алоқаси муаллифи Кейси Мишелнинг ёзишича, Россия реваншизми фонида шимолий Қозоғистонда истиқомат қилувчи этник руслар ҳудудни «Бантустан» ва «виртуал» мамлакат ўлароқ таърифлай бошлашган. Муаллиф суҳбатлашган маҳаллий турғунларнинг бири Москва ва Остона ўртасида келишмовчилик юзага келса, Россия ҳукуматига ёнини босишини айтган.

Мишель мақоласида эътироф этилганидек, бундай қарашлар замирида шовинизм ва миллатчилик ётади. Путин Украинани сохта мамлакат дея таърифлагани каби, кўплаб миллатчи руслар Қозоғистон мустақил, суверен мамлакат бўлишга ҳақли эмас, деб ҳисоблайди.

Аммо Қозоғистон шимолидаги айирмачилик кайфиятини ўрганиш учун илмий изланишлар ёки сўровлар ўтказилмаган. Шундай бўлса-да, Мишель Кремль ўз рейтингини оширишга курашар экан, Россиянинг шимолий Қозоғистонга даъволари жиддий эътиборга лойиқ эканини эътироф этди.

Қозоғистон ҳақидаги китоб муаллифи Жоанна Лиллисга кўра, асосан руслар яшайдиган Риддер шаҳрида ўтказилган сўров Шаҳар турғунларнинг тўрдан уч қисми Россияга қўшилиш тарафдори эканини кўрсатган.

Кейинги йилларда Россия депутатлари бу қарашларни пеш қилиб, шимолий Қозоғистон Россия ерлари эканини даъво қила бошлади. 2020 йилнинг декабрида Россия думасидаги Таълим ва фан қўмитаси раиси Вячеслав Никонов Россия давлат телевидениесига берган интервьюсида Қозоғистон «илгари мавжуд бўлмаганини» таъкидлади.

«Шимолий Қозоғистонда умуман аҳоли яшамаган. [Этник қозоқлар] мавжуд бўлган, аммо анча жанубда яшаган. Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг катта совғасидир», деди Никонов.

Никоновнинг бу шарҳидан кўп ўтмай, Россиянинг «Патриот» ҳаракати аъзоси Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси яқинида «Шимолий Қозоғистон – Россия ери» деган баннерни жойлаштирди.

Думанинг яна бир аъзоси Евгений Фёдоров эса Қозоғистон «ўз ҳудудини Совет Иттифоқидан ижарага олган», дея таъкидлади.

Ушбу изоҳлар Қозоғистонда жиддий эътирозга учради. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев қозоғистонликлар «қўшничилик муносабатларини бузишга» уринаётган «баъзи хорижий фуқароларнинг провокацион ҳаракатларига қарши туришлари» кераклигини таъкидлади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Россия Федерациясининг муваққат вакили Александр Комаровни чақириб, унга норозилик нотасини топширди.

Кўплаб қозоғистонликлар бу шарҳлар ўз мамлакатларида сепаратизмни кучайтиришга қаратилганини айтиб, Россия расмийларидан узр сўрашни талаб қилдилар.

Шу ўринда савол туғилади: Россия шимолий Қозоғистонга бостириб кирадими? Мишелнинг фикрича, яқин келажакда бундай бўлмайди. Бунинг асосий сабабларидан бир, Қозоғистонда 2 январь куни бошланган намойишлар Россиянинг олдинги агрессияларига асос бўлган ҳодисалардан фарқ қилади.

Биринчидан, Грузия ёки Украина раҳбариятидан фарқи ўлароқ, Қозоғистон расмийлари ва намойишчилар Москва билан ҳарбий ёки иқтисодий алоқаларни узишни талаб қилаётгани йўқ. Қозоғистондаги норозилик тўлқинини Беларусда 2020 йилда бўлиб ўтган намойишларга қиёслаш мумкин.

Намойишлар бошланишидан олдин ҳукуматдаги коррупция, мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол ҳамда сайловлар эркин ва адолатли ўтказилмаслигидан умидсизланган қозоғистонликларнинг сабр косаси тўлиб бўлган эди.

Иккинчидан, Қозоғистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ёки Евросиё иқтисодий иттифоқидан (ЕИИ) чиқиш нияти йўқ. Бундан ташқари, Қозоғистон НАТО ёки Европа Иттифоқига қўшилишга интилаётгани йўқ.

Қолаверса, Қозоғистон ҳукумати ўз позициясини мустаҳкамлаш учун шовинистик қозоқ миллатчилига таянаётгани йўқ. Назарбаев бошлаган «халқлар дўстлиги» риторикасини Тоқаев давом эттирмоқда.

Сўнгги йилларда Қозоғистон ўз чегаралари ва суверенитетини мустаҳкамлаш учун айрим чораларни кўрди. Хусусан, мамлакат лотин ёвузига ўтиш режасини эълон қилди, Россиянинг Украина ҳудудларига даъволарини расман тан олмади. Шундай бўлса-да, Россия Қозоғистон шимолидаги этник русларни ҳимоя қилиш баҳонасида бостириб кириши учун ҳозирча асос йўқ.

Бу орада Россия етакчилик қиладиган КХШТ кучлари президент Тоқаев илтимоси билан Қозоғистонга киритилди. Тоқаев ўз баёнотида «террорчилик таҳдидини бартараф этишда ёрдам сўраб КХШТ раҳбарларига мурожаат қилганини» иддао қилди.

Намойишлар бошланганидан 48 соат ўтмай рус ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Москвада эса пропаганда авж олди. Russia Today телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян Қозоғистон расмийларига қатор талабларни тақдим этди: унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Россиянинг Қримга даъволарини тан олиши, кирилл алифбосини сақлаб қолиши ва рус тилини мамлакатнинг иккинчи давлат тили даражасига кўтариши керак.

Мишель ўз мақоласини қуйидаги хулосалади:

«Ҳозирча, Москва Тоқаев ва унинг иттифоқчилари билан биринчи навбатда режимни дастаклашга ва ҳар қандай норозилик намойишлари ёки демократик ислоҳотлар ўйларини бостиришга эътибор қаратаётганга ўхшайди. Аммо бир неча кун ичида Қозоғистонда вазият қанчалик кескин ўзгарганини инобатга олсак, илгари четга сурилган эҳтимолий ҳодисалар тўсатдан ўртага чиқди. Назарбаевнинг мероси қанчалик тез барбод бўлгани, жасадлар сони қанчалик тез ошгани ва Россия қўшинлари мамлакатга қанчалик тез ёпирилганини ҳисобга олсак, Қозоғистоннинг барқарорлиги тўсатдан очиқ саволга айланиб қолди».

XS
SM
MD
LG