Қозоқ полицияси “тартибсизлик уюштириш учун ёлланган” деб иддао қилган шахс таниқли қирғиз мусиқачиси экани аниқланди
Қозоғистон Миллий телеканали 9 январь куни қозоқ полицияси “тартибсизлик уюштириш учун ёлланган” деб иддао қилган “номаълум шахс”дан олинган интервьюни намойиш этди.
Видеода жуда қаттиқ калтаклангани яққол кўриниб турган йигит “номаълум шахслар” уни 90 минг тангага ёллаб, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат гуруҳ таркибида Олмаотадаги норозилик намойишида иштирок этиш учун олиб келганини айтган.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати видеодаги шахс Қирғизистонда таниқли бўлган мусиқачи Викрам Рузахунов эканини билдирди. Мусиқачини билган қирғизистонликларнинг айтишича, у видеода иддао қилингани каби ишсиз эмас, у таниқли мусиқачи сифатида Қозоғистонга тез-тез гастрол сафарларига таклиф қилиниб турилган.
“Викрам Рузахунов бутунжаҳон фестивалларининг лауреати, уни минтақада санъаткорларнинг кўпчилиги яхши танийди. У видеода айтилгани каби ишсиз эмас. У санъат одами. У хатто Қирғизистондаги митингларга ҳам қатнашган эмас. Биз уни таниймиз. У Қозоғистонга концерт бергани тез-тез бориб турар эди”,-деди Озодлик радиоси қирғиз хизматига IT-мутахасис Азиз Абакиров.
Қирғизистонлик фаоллар видео намойиш этилгани ортидан қозоқ ҳукуматини аҳолига ёлғон маълумот тарқатмасликка чақирмоқда.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масалада Қозоғистоннинг тегишли ҳукумат органлари билан ҳамкорликда суриштирув иши олиб борилаётганини маълум қилди.
Қозоғистон болалар обмудсмани Аружан Саин Олмаотадаги тартибсизликлар пайтида яна бир бола ўқ тегиб ҳалок бўлганини билдирди
Унга кўра, 7 январь куни кечки соат 7 ларда Олмаотадаги Сейфуллин ва Сатпаев кўчалари чоррахасидан ўтиб бораётган автомашинага ўқ отилган. Оқибатда машина ичидаги 4 ёшли бола ҳалок бўлди ва 9 синфда ўқийдиган ўсмир оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.
Омбудсманнинг айтишича, 7 январь куни соат 13.30 да 8 ёшли қизга ўқ тегиб, яраланган. Аввалроқ эса Аружан Саин 11 ёшдаги бола ўқ тегиб, ҳалок бўлгани билдирилган эди.
Қозоқ ҳукумати Олмаотадаги отишмалар пайтида расман 2 бола ҳалок бўлганини, 3 бола яраланганини маълум қилди.
КХШТ кучлари "вазият тўлиқ барқарорлашгунича" қолади
КХШТга аъзо мамлакатлар томонидан Қозоғистонга йўлланган аскарлар Олмаота ва унинг теварагидаги “стратегик объектлар”ни назоратга олди. Бу ҳақда 9 январь куни Қозоғистондаги КХШТ контингенти қўмондони генерал-полковник Андрей Сердюков маълум қилди.
Россиялик генералга кўра, контингентни жойлаштириш якунига етказилган бўлиб, қўшинлар “мамлакатда вазият тўлиқ барқарорлашгунича” қолади. Контингентнинг умумий сони бўйича расмий маълумот йўқ, турли маълумотларда бир неча минг ҳарбий хизматчи ҳақида сўз боради.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қиларкан, қўшинлар мамлакатда қисқа муддатга киритилишини айтган эди. Қозоғистон расмийларига кўра, ҳозирда мамлакатда вазият нормаллашмоқда.
Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар олиб ташланмоқда
Қозоғистон расмийлари ижтимоий тармоқлар ва расмий сайтлардан намойишлар чоғида 164 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни олиб ташламоқда.
Ҳалок бўлганларнинг умумий сони ҳақидаги маълумот Қозоғистон коронавирусга қарши кураш штабининг расмий Телеграм-канали, шунингдек, Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги расмий сайтида 9 январь куни эрталаб эълон қилинганди.
Олдинроқ қурбонлар сони ҳақидаги маълумотни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилгани ҳақида маҳаллий ва халқаро ОАВ хабар тарқатган, аммо кейинроиқ вазирлик бу маълумотни рад этган.
Хабарда, жумладан, Олмаота шаҳрида 103 киши, жумладан, икки нафар бола, Қизилўрда вилоятида 21 киши, Жамбилда 10 ва Олмаота вилоятларида 10 нафар инсон ҳалок бўлгани айтилган. Қолган 23 нафар қурбон қайси ҳудудларга тўғри келиши ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, гап қурбонларнинг умумий сони ҳақидами ёки фақат намойишчилар ва тинч аҳоли ҳақида боряптими, аниқлик киритилмаган. Аввалроқ куч ишлатар тизимлар ходимлари орасидаги умумий қурбонларга доир маълумот эълон қилинганди.