Қозоғистондаги вазиятга оид тафсилотларни жонли эфирда кузатинг:
Москвада Қозоғистонни қўллаган 10 нафар пикетчи ушланди
Россияда Қозоғистонга рус қўшинлари киритилганига қарши норозиликлар давом этмоқда.
6 январь куни Москвадаги Қозоғистон элчихонаси олдида пикетга чиққан 10 киши қўлга олинган. ОВД-Инфо сайти маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида 80 яшар журналист аёл ҳам бор.
Қуйидаги суратда Татаристоннинг Қозон шаҳрида Марк Серов Қозоғистонга Россия қўшинларининг киритилишига қарши пикет пайти акс этган.
Олмаотада намойишчиларга қарши ўт очилди, ўлганлар ва яраланганлар бор
Олмаотада оммавий намойишларни бостириш чоғида ўнлаб киши ўлдирилди. Бу ҳақда Қозоғистон расмийлари ҳамда ўзини норозилик ҳаракатини мустақил мувофиқлаштириш штаби бошлиғи деб атаётган Жасарал Куанишалин маълум қилган.
Куанишалинга кўра, камида 30 киши ўлган, намойишчиларга қарата жанговар ўқлар қўлланилган, деб ёзади Orda.kz.
Аввалроқ Олмаота полиция департаменти расмий вакили шаҳарда тартибсизликларнинг ўнлаб иштирокчиси ўлдирилганини, ҳозирда уларнинг шахси аниқланаётганини билдирган эди, дея хабар берди “Интерфакс”.
Қатор ОАВлар Қозоғистон ИИВ матбуот хизматига таяниб, тартибсизликлар давомида мамлакат бўйича 300 дан ортиқ полиция ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яраланганини хабар қилди. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, кучишлатар ходимлардан 13 киши ўлган.
Қарағанда: Намойишлар давом этмоқда.
Қарағанда вилоятининг Жезқазған шаҳрида “Қазақмис” ширкати шахтёрлари ҳамда 5 январь оқшомида уларга қўшилган бошқа корхоналар ишчилари ва шаҳар аҳолиси икки кундан бери митинг қилишмоқда. 6 январга ўтар кечаси улар акимат биноси ёнига келиб, ўша ерда қолишган.
Акция иштирокчиларининг шахтёрлар учун пенсия ёшини камайтириш, нархларни тушириш, митингчилар эркинлигини кафолатлаш дохил талаблари 5 январда Қарағанда вилояти маъмурияти вакилларига топширилди.
Кечаси улар ҳузурига Жезқазған акими келди, йиғилганлар айтишича, митингчилар у билан вазият ҳақида сўзлашганлар.
Шахтёрлар Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига маълум қилишича, митинг тинч ўтмоқда. Полиция вазиятни кузатиб турибди, аммо ҳеч кимни қўлга олгани йўқ.