Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:15

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

БМТ экспертлари Қозоғистонда норозиларга куч қўлланилганини тергов қилишга чақирмоқда

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари 11 январда Қозоғистонда норозиларга нисбатан “ҳаддан ташқари” куч қўлланилганини ва бунда “одам ўлимига сабаб бўлувчи қуроллардан фойдаланилгани”ни кескин қоралади. Экспертлар халқаро ҳамжамиятни мазкур ҳодисани мустақил тергов қилиш учун имконият яратишга чақирмоқда.

БМТ махсус ҳисоботчиси Фионнуала Ни Аолаин ўз баёнотида норозилар, фаоллар, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва сиёсий партиялар вакилларига нисбатан кенг маънода “террорчи” атамасининг қўлланилиши “жамиятда қўрқув муҳитини яратишга қаратилган бўлиши мумкин”лигидан ташвиш билдирди.

БМТнинг бошқа экспертлари ҳам президент Тоқаев ўзи “террорчи ва бандит” деб атаган норозиларга қарата “огоҳлантиришсиз ўқ отиш” тўғрисида буйруқ берганидан ташвиш билдирган. Экспертлар шундан келиб чиққан ҳолда, “Қозоғистонда норозиларга қарши давлат томонидан куч ишлатилгани ҳолатлари юзасидан инсон ҳуқуқларига асосланган ҳолда мустақил тергов ўтказиш”га чақирди.

Чимкентда январь воқеалари чоғида Туркистон вилоятидан камида тўққиз киши қурбон бўлган

Чимкентда норозилик акциясига тўпланган одамларнинг тутиб кетилиши, 2022 йил 4 январи
Чимкентда норозилик акциясига тўпланган одамларнинг тутиб кетилиши, 2022 йил 4 январи

Жорий йилнинг 11 январь куни Туркистон вилоятидаги тўртта туман ҳокимиятлари Чимкент шаҳрида январь воқеалари чоғида қурбон бўлган тўққиз киши дафн этилганини тасдиқлади. Улар Сариоғоч, Қазигурт, Жетисой ва Мақтаорол туманларидан бўлган.

Марҳумларнинг жасадлари Чимкентдаги морглардан олиниб, улар яшаган қишлоқларга етказилган. Ўлганларнинг барчаси тинч аҳоли вакилларидир.

Байдибек, Сўзак, Ўтрор, Ўрдабоши, Тўлабий, Сайрам, Шардара туманлари ва Арис шаҳри ҳокимиятлари Озодликнинг қозоқ хизматига Чимкентдаги акциялар чоғида тинч аҳолидан ҳеч ким нобуд бўлмаганини билдирган.

Чимкентда норозилик акцияси 4 январь куни бошланиб, 5 январда шаҳар ҳокимияти олдида давом этган эди. Шаҳар полиция департаменти 177 кишига нисбатан маъмурий ва 57 кишига нисбатан жиноят ишлари очилганини билдирган.

Тартибсизликларда ва намойишларда иштирок этгани учун қўлга олинганлар сони 10 минг кишидан ошди

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 11 январь ҳолатига кўра, мамлакатда қўлга олинганлар сони 10 минг кишидан ошди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, террорчилик ва қотиллик моддалари юзасидан 400 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилди.

Бундан аввалроқ 2 январда бошланган ва бир неча кун давом этган норозилик намойишлари ва тартибсизликларда 164 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Аммо кейинроқ расмийлар бу “техник хатолик туфайли эълон қилинган маълумот” эканини таъкидлаб, раддия берди.

Қозоқ депутатлари ва вазирларининг ойликлари 5 йилгача оширилмайди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 11 январь куни янги ҳукумат аъзолари билан ўтказган йиғилиш чоғида вазирлар, депутатлар ва вилоятлар раҳбарларининг ойлик маошларини оширишга 5 йиллик мораторий жорий этди.

Президентнинг айтишича, у амалдорлар “шундоқ ҳам яхши ойлик олишаётгани”дан келиб чиқиб, мазкур қарорни қабул қилган. Тоқаев ўз сўзида амалдорларни халқ билан мулоқот қилишни билмасликлари учун танқид қилди. Унга кўра, ҳукумат аъзолари мунтазам равишда вилоятларга сафар қилишлари, вилоят ҳокимлари эса аҳоли билан тез-тез учрашувлар ўтказиши шарт.

Аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев парламентда нутқ сўзлаб, мамлакатнинг аввалги президенти Нурсултон Назарбоевни танқид қилган эди.

Президент парламентга Алихан Смаиловни мамлакат бош вазири лавозимига тайинлашга оид таклиф киритди. Депутатлар Алихан Смаиловни бир овоздан бош вазирликка сайлашган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG