Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:34

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

ОАВ: Жамбил вилоят полицияси бошлиғи Жанат Сулеймановнинг вафот этгани айтилмоқда

Жамбил вилоят полицияси бошлиғи генерал Жанат Сулеймановнинг вафот этгани тўғрисида Vlast.kz нашри хабар берди. Нашрнинг ёзишича, бу маълумотни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги расмийси ҳам тасдиқлаган.

“Ҳозир Жанат Сулеймановнинг мавжуд эмаслиги ҳақиқат. Аммо қандай вазиятларда вафот этгани ўрганилмоқда”, -деб ёзди Tengrinews.kz Жамбил вилоят полицияси матбуот хизматига таянган ҳолда.

Полиция генерал-майори Жанат Сулейменов 1962 йилда туғилган. У 2020 йил февралидан бери Жамбил вилоят полициясини бошқариб келаётган эди.

Ўлганларнинг яқинлари жасадларни қидирмоқда

Олмаота, 10 январь, 2022
Олмаота, 10 январь, 2022

Энг йирик намойишлар ва тартибсизликларга саҳна бўлган Олмаотадаги ўликхона олдида 10 январь куни эрталаб ҳалок бўлган яқинларининг жасадларини қидираётган ўнлаб одам тўпланди. Озодлик қозоқ хизмати мухбирининг хабар беришича, одамлар "бедарак кетган" яқинларини қидиришмоқда, шунингдек, ўлганларни таниб олиш учун келишмоқда. Шаҳарнинг Казибек би кўчасида жойлашган ўликхона биносини махсус кучлари қўриқламоқда.

10 январь: Қозоғистон тартибсизликларда қурбон бўлганлар учун мотам тутмоқда

Олмаота кўчаларидан бири, 2022 йил 10 январи
Олмаота кўчаларидан бири, 2022 йил 10 январи

Қозоғистонда 10 январь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган. Бунга оид фармойишни президент Қасим-Жомарт Тоқаев 8 январь куни имзолаган эди.

Мамлакат расмийлари “террорчилар хуружи” деб атаган воқеаларда қурбон бўлганларнинг аниқ сони ҳануз номаълум. 9 январь куни ҳукумат назоратидаги телеграм-канал январь воқеаларида 164 киши қурбон бўлгани ҳақида маълумот тарқатган, аммо ўша куннинг ўзида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумотга раддия берган.

Аввалроқ кучишлатар идораларнинг 18 ходими ва 26 нафар “қуролли киши” ҳалок бўлгани хабар қилинган. Болалар омбудсмени Аружан Саин Олмаотада икки бола нобуд бўлганини билдирган.

10 январь куни эрталаб Олмаотада 5 январдан бери илк бор интернет ишлай бошлаган. Норозилик намойишлари бутун мамлакатни қамраб олиши манзарасида “Қазақтелеком” интернетни блоклаб қўйган эди. Бундай шароитда қурбонлар ва жабрланганларга доир маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш қийин бўлади.

9 январь куни Қозоғистон расмийлари хавфсизликни таъминлаш амалиёти чоғида бутун мамлакат бўйича қарийб олти минг киши қўлга олинганини эълон қилган.

Мирзиёев Қозоғистон халқи ва президентига таъзиянома йўллади

Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан ўтган йилнинг 6 декабрида Нур-Султон шаҳрида учрашган эди
Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан ўтган йилнинг 6 декабрида Нур-Султон шаҳрида учрашган эди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев ва қўшни давлат халқига таъзиянома йўллаган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълумот тарқатди.

Мулозимга кўра, Мирзиёев мактубида қардош Қозоғистон ҳудудидаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари нобуд бўлгани ҳамда оғир жароҳатлар олгани, кўрилган катта талафотлар муносабати билан президент Қасим-Жомарт Тоқаевга ва дўст Қозоғистон халқига чуқур таъзия изҳор этилган.

"Давлатимиз раҳбари Ватан осойишталиги ва мамлакат халқининг ҳимояси йўлида қурбон бўлган фидойи фарзандларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тилаган”, дейилган президент матбуот котиби томонидан тарқатилган хабарномада.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев тартибсизликлар қурбонлари хотирасига 2022 йилнинг 10 январ кунини республикада "умумхалқ мотам куни" деб эълон қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар берган.

Қозоғистон расмийлари олдинроқ ижтимоий тармоқлар ва расмий сайтларга тартибсизликлар чоғида 164 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни жойлаштиришган, бироқ кейин бу маълумотни олиб ташлай бошлашган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG