Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

26 намойишчи ҳалок бўлган, 18 нафари яраланган

Қозоғистондаги норозилик намойишлари иштирокчиларидан 26 киши нобуд бўлди, 18 киши яраланди ва 3000 дан ортиқ киши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда республика ИИВга таяниб “Хабар 24” телеканали маълум қилган.

Намойишчилар билан тўқнашувлардан полиция ва Миллий гвардиянинг 18 ходими ҳалок бўлган ва 748 нафари жароҳат олган.

Хабар қилинишича, мамлакатдаги барча шаҳар ва туман акиматлари ҳамда полиция бўлимлари ҳукумат кучлари томонидан назоратга олинган. 7 январь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев республиканинг барча минтақаларида конституцион тартиб тикланганини эълон қилди.

Айни чоғда ОАВ хбарларига кўра, Олмаотада ҳарбийлар билан намойишчилар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда: ўқ овозлари эшитиляпти, кўчаларда жасадлар ва ўқдан илма-тешик бўлган автомашиналар бор. Шаҳарда “Олмаота” телеканали тасвирга олиш гуруҳи ўққа тутилиб, ҳайдовчи ҳалок бўлган ва журналист яраланган.

Қирғизистон парламенти Қозоғистонга 150 нафар ҳарбий юборишни маъқуллади

Қирғизистон Жогорку Кенеши Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни йўллаш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда депутат Достон Бекешов маълум қилган.

Бекешовга кўра, депутатлар икки марта овоз беришган. Биринчи мартасида қарор “ўтмагач”, айрим депутатлар иккинчи марта овозга қўйишни илтимос қилганлар. Бу сафар 69 депутат қарорни ёқлаб, 7 нафари унга қарши овоз берган.

“Қарорга мувофиқ, биз 150 аскарни чекланган муддатга юборяпмиз. Аниқ муддатни Қозоғистондаги қўмондонлик белгилайди”, дейди Бекешов.

Бу маълумотни парламент йиғилишидан сўнг МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев ҳам тасдиқлаган. Унинг аниқлик киритишича, 150 ҳарбий хизматчи билан бирга 8 та зирҳли техника ва 11 та ҳарбий автомобиль юбориш кўзда тутилган. Шунингдек, Ташиев қирғиз аскарлари митингларни тарқатиш ёки тартиб ўрнатишда иштирок этмаслигини, балки муҳим давлат объектларини қўриқлашини урғулаган.

Қарор муҳокама қилинаётган пайтда парламент биноси қаршисида Қозоғистонга ҳарбийларни жўнатмаслик талаби билан пикет ўтказилди.

Қирғизистон: Парламент депутатлари Қозоғистонга ҳарбий йўллаш масаласини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилишмоқда

Қирғизистон парламенти депутатлари Қозоғистонга ҳарбийларни йўллашга оид масалани ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилишга қарор қилишди.

Мазкур таклиф, Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва айрим депутатлардан чиққан.

Аввалроқ МХДҚ раиси Ташиев Қозоғистонга 150 нафар ҳарбий, 8 та зирҳли техника ва 11 та автомобиль юбориш таклиф қилинаётгани ҳақида маълум қилган эди. У қўшинлар аҳамиятга молик давлат объектларини қўриқлашлари, бироқ митингларни тарқатиш ёки интизомни тиклаш ишларида иштирок этмасликларини урғулаган.

Депутатлар бу масалани муҳокама қилар экан, Бишкекдаги парламент биноси олдида Қозоғистонга ҳарбий йўлламаслик талаби билан пикет бўлиб ўтмоқда.

Уральск турғунлари намойишларда тутиб кетилган яқинлари тақдиридан хавотир олишмоқда

Уральск шаҳридаги намойишдан лавҳа, 2022 йил 5 январи
Уральск шаҳридаги намойишдан лавҳа, 2022 йил 5 январи

Қозоғистоннинг Уральск шаҳри турғунлари норозилик намойишлари чоғида қўлга олинган қариндошларини топа олишмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка амал қилиш халқаро бюроси вакили Павел Кочетков маълум қилди.

Унинг айтишича, одамлар ўз яқинларини топишда ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда. Аммо полиция қўлга олинганлар қаерда сақланаётгани тўғрисида ҳеч қанақа маълумот бермаяпти.

Хусусан, жамоатчилик фаоли Амангелди Оразбаевни митинг чоғида ушлаб олиб кетишган, унинг қаердалиги бир суткадан бери номаълум. Қизининг сўзларига кўра, Оразбаев астма касалига чалинган, у вақти-вақти билан дори ичиб туриши керак, лекин дориларини олиб бориб беришнинг имкони йўқ.

Уральскдаги норозилик намойишлари чоғида ўнлаб одам қўлга олинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG