Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:48

“Егулик ҳеч вақомиз йўқ”. Толибон ўқитувчиларга ойлик тўламаяпти - ЮНИСЕФ хавотирда


Ойлаб маош олмаган ҳиротлик ўқитувчилар уйларидаги ашёларини бозорга олиб чиқиб сотишга мажбур бўлмоқда.
Ойлаб маош олмаган ҳиротлик ўқитувчилар уйларидаги ашёларини бозорга олиб чиқиб сотишга мажбур бўлмоқда.

Ўн минглаб афғон муаллимлари толиблар ҳокимиятни босиб олган август ойидан бери иш ҳақи олгани йўқ. Ҳозирда улар тирикчилик учун пул топишнинг бошқа йўлларини изламоқдалар, шу боис кўплаб афғон мактаблари ўқитувчиларсиз қолган.

Сайид Абдул Раҳмон жорий йил бошида толиблар у яшайдиган Алмар туманини (Фарёб вилояти) эгаллаб олишганидан буён ойлик олмаган. Афғонистондаги аксар муаллимлар каби.

Раҳмон аввалига ойлик беришлари билан ҳисоб-китоб қилиш ваъдаси билан баққоллардан насияга озиқ-овқат олиб юрди. Кўп болаларнинг савод чиқаришига кўмаклашган ҳурматли одам бўлгани сабабли баққоллар унинг илтимосини рад этишмади.

Аммо толиблар Афғонистон шимоли-шарқидаги туманларни ишғол этганидан бери саккиз ой, Кобулни босиб олишганидан сўнг эса уч ойдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, Раҳмон ҳануз иш ҳақини олгани йўқ.

Маҳаллий дўкондорлардан қарзи кўпайиб кетгач, ўқитувчи мактабни ташлаб, тирикчилик учун бошқа иш қидиришга киришди.

Ҳозирда у вилоят маркази Маймана шаҳридаги гавжум кўчада ўтирганча ўткинчиларнинг соатларини тузатади.

“Рўзғор тебратиш учун соатсозлик билан шуғулланишимга тўғри келди, – дейди Раҳмон Озодликнинг афғон хизмати билан суҳбатида. – Баққоллар насияга озиқ-овқат бермай қўйишди, оилам танг аҳволда. Кун сайин қашшоқлашяпмиз, егулик ҳеч вақо йўқ”.

Муаллимсиз мактаблар

Раҳмон кабилар ҳозир Афғонистонда жуда кўп. Фарёб вилоятининг ўзида 7 мингдан ортиқ мактаб ўқитувчиси ва 200 нафар университет домлалари бир неча ойдан бери иш ҳақи олишмаяпти.

У, мамлакатдаги ўн минглаб бошқа ўқитувчилар сингари “Оилам яна бир кун яшаши учун қандай қилиб овқат топсам экан?” деган саволни ўзига беради.

Муаллимларнинг муҳтожлиги Афғонистон таълим тизимини инқирозга бошлади, эндиликда юз минглаб ўқувчилар мактаб таълимисиз қолаётир.

Октябрь ойи охирларида Ҳирот вилоятида юзлаб ўқитувчилар толиблар режимини уларнинг тўланмаган иш ҳақларини тўлашга чақиришганди.

Ҳирот ўқитувчилар уюшмаси мудири Муҳаммад Собир Машаал айтишича, камида 18 минг муаллимнинг оз деганда икки ойлик меҳнат ҳақи тўланмаган – Толибон вилоят маъмурий маркази бўлмиш Ҳирот шаҳрини забт этганидан бери орадан шунча вақт ўтди.

Ўқитувчиларнинг 10 минг нафардан ортиғи аёллар бўлиб, улар ойлик ҳисобига оилаларини боқиб келганлар.

“Шу пайтгача рўзғор жиҳозларини сотиб, егуликка ишлатишди. Аммо энди сотадиган нарсалари ҳам йўқ”, дейди Машаал.

Бутун Афғонистон бўйлаб ўқитувчилар иш ташлаш эълон қилишган ёки шунчаки мактабда ортиқ ишламай қўйишган. Натижада мактаблар муаллимларсиз қолмоқда.

Парвон вилояти маркази – Чорикор шаҳрида 42 ёшли муаллим Ҳидоятуллоҳ ойига 85 доллар иш ҳақи оларди, шуни ҳам беш ойдан бери тўхтатиб қўйишган.

Ҳидоятуллоҳ, Чорикордаги давлатга қарашли ўғил болалар мактабида дарс беришда давом этадиган бўлса, ўз фарзандлари ҳаёти хавф остида қолишини айтади.

“Болаларимнинг қорнини тўйдиришим керак, лекин ойлигимни беришмаяпти. Егулик харид қилиш учун уйдаги гилам ва идиш-оёқларни олиб чиқиб, пулладик”, дейди у Озодлик билан суҳбатида.

“Уйим, оилам тақдири қил устида. Жон сақлаб қолиш учун егулик топишим керак. Бошқа касб-кор қилмасам бўлмайди”, сўзида давом этади Ҳидоятуллоҳ.

Айтишича, у норозилик белгиси сифатида “беш газ кафанга ўраниб, кўчага чиқишга ҳам тайёр”. “Худо шоҳид, толиблар ҳамма ёқни расво қилишди. Тирикчилигимиз барбод бўлди”, умидсизланади у.

Нақд пул танқислиги

Толибоннинг Фарёб вилояти таълим бошқармаси аъзоси Мавлавий Ҳафизуллоҳ Мутасимбиллоҳ ўқитувчилар олдидаги иш ҳақидан қарздорлик сўндирилишини таъкидлайди.

“Ислом амирлиги муаллимларга ойликларини тўлашга қарор қилди. Айрим ўқитувчилар иш ҳақларини олиб бўлишган. Молия вазирлигимиз ўқитувчиларга ойликлари тўланиши кераклигини айтди”, дейди мулозим Озодликнинг афғон хизматига берган изоҳида.

Афғонистон узоқ йиллар ўқитувчилар ва давлат секторидаги бошқа хизматчиларга иш ҳақи тўлашга сарфлаб келган халқаро ёрдам толиблар ҳокимиятни босиб олганидан сўнг узиб қўйилди.

Бундан ташқари, Вашингтон Афғонистон Марказий банкининг АҚШда сақланаётган қарийб 9,4 млрд доллар қийматли захира активларини амалда тан олинмаган Толибон ҳукуматига беришни рад этди ва уларни “музлатди”.

Мазкур активлар толиблар режимининг инсон ҳақларига риоя қилиши билан боғлиқ мавҳумликлар ҳамда Толибоннинг Афғонистондаги қонуний ҳукумат ўлароқ тан олинишига доир шубҳалар манзарасида ҳануз “музлатилган” ҳолда қоляпти.

Натижада Афғонистон нақд пул танқислигига дуч келди, банклар ёпилиб, хориждан пул ўтказмалари келиши тўхтаб қолди, бу эса гиперинфляция ва озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашувига олиб келмоқда.

20 ноябрь куни Толибон молия вазирлиги уч ой ичида “барча давлат хизматчиларига” иш ҳақларини тўлаб бериш учун афғонлардан етарли миқдорда солиқлар йиғилганини эълон қилди.

Бироқ толиблар вакили Аҳмад Вали Ҳакмал тан олишича, таълим вазирлиги орқали тарқатиладиган иш ҳақлари “жуда кам” бўлади.

“Толиблар нафақат иш ҳақларини тўлашда, балки барча соҳаларда ликвид маблағлар танқислигига дуч келишмоқда”, дейди Европа кенгаши ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррелнинг матбуот котиби Набила Массрали.

Массрали ЕИ “Афғонистон аҳолисининг бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун” 350 миллион доллар гуманитар ёрдам ажратилиши ҳақида эълон қилганини, аммо бу маблағлар Толибон қўлига берилмаслигини ва БМТ ҳамда ноҳукумат ташкилотлар орқали афғонларга етказилишини таъкидлайди.

БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) афғон ўқитувчиларини Толибонни четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри молиялаш тизимини яратишни режалаётганини маълум қилди.

ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги ваколатхонаси таълим шуъбаси мудири Жаннет Вогелаар айтишича, мазкур жараённинг илк босқичида давлат мактабларининг барча ўқитувчилари рўйхатга олинади.

“Афғонистонда қизларнинг таълим олишига кўмаклашишнинг энг яхши чораси – бу мактабларга ва муаллимларга кўмаклашишдир. ЮНИСЕФ барча донорларни афғон болаларини ташлаб қўймасликка чақиради”, дейди Вогелаар.

Толибон ҳукумати таълим вазирлигининг ташқи дастурлар шуъбаси мудири Воҳидуллоҳ Ҳошимийга кўра, унинг идораси инқирозни бартараф этиш учун ЮНИСЕФ ва “бошқа айрим халқаро ташкилотлар” билан ҳамкорлик қилмоқда.

“Ҳар куни учрашувлар ўтказяпмиз. Бизнинг муаммоларимиз иқтисодий тусга эга. Шу боис халқаро ҳамжамиятдан, айниқса фавқулодда ҳолатлар учун маблағлари бор ташкилотлардан кўмак сўраяпмиз”, дейди Ҳошимий.

Толибларнинг ваъдалари ва халқаро ёрдамни тақсимлашнинг муқобил йўллари ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, пулсиз қолган Афғонистон ўқитувчилари бўсағадаги оғир қишга тайёрланишмоқда.

“Энди муаллимлар фарзандларига иссиқ кийим-кечак ҳам олиб беришолмайди. Бу ёқда электр ҳақини тўлаш керак, уйни иситиш учун ёқилғи сотиб олиш керак. Пулни қаердан оламиз?”, дейди Фарёб ветеринария институти ўқитувчиси, иш ҳақларини тўлаш талаби билан петиция эълон қилган Бурҳониддин.

XS
SM
MD
LG