Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Мирзиёевнинг Россияга ташрифи: Москва Тошкентни ЕОИИ ва КХШТга қўшиб олмоқчи - экспертлар


 Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Россия президентининг Тошкентга ташрифи чоғида. 2018 йил.
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Россия президентининг Тошкентга ташрифи чоғида. 2018 йил.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Россия Федерациясига расмий ташриф билан боради. Бу Мирзиёевнинг 24 октябрь куни иккинчи муддатга қайта сайланганидан буён хорижий давлатга амалга оширадиган икки томонлама илк расмий ташрифидир.

Ташриф арафасида Россия ва Ўзбекистон ўртасида минтақалараро ҳамкорлик бўйича иккинчи форум ўтказилиб, унда 9 млрд долларга тенг келишувлар имзолангани маълум қилинди.

Мирзиёевнинг Москвага ташрифи арафасида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонни “Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан янада яқинроқ алоқаларга” чақирди.

30га яқин ҳужжат имзоланади

19 ноябрь куни Кремлда икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида ўтадиган музокаралар чоғида “Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари” муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг рус матбуотига билдиришича, учрашув якунида икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилади. Аммо Кремль уларнинг қандай ҳужжатлар эканини очиқламади.

Расмий Тошкент Мирзиёевнинг Москвага келишини “муҳим воқеа” сифатида талқин қилмоқда. Бундан олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи “катта ютуқ бўлиши” ҳақида гапирганди.

Мирзиёв ва Путин учрашуви доирасида 30 га яқин давлат ҳужжатлари имзоланиши кутилмоқда.

Россия Ўзбекистонни ЕОИИ ва КХШТга қўшмоқчи

Экспертлар учрашув натижалари Ўзбекистон Кремль томонидан тузилган Евросиё иттифоқига қўшилишига олиб келиши борасида турли тахминларни илгари сурмоқда. Ўзбекистон билан савдо ҳажмини ошириб бораётган Россия Тошкентнинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномасига (КХШТ) аъзо бўлишига кўпдан бери умид қилаётгани сир эмас.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россиянинг “Коммерсантъ” газетасига шу йилнинг октябрида берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши нима сабабдан кечикаётгани ҳақидаги саволга жавоб берганди.

Комилов Ўзбекистон ҳукумати аъзолик билан боғлиқ хавфларни ўрганиб чиқаётганини айтган.

Комилов айрим саволларга қарамасдан Ўзбекистон ЕОИИ тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланишни исташини таъкидлаган. 2020 йилнинг май ойида депутатлар Ўзбекистоннинг кузатувчи мақоми маъқулланганидан буён Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг икки мажлисида иштирок этди.

Ташриф арафасида Москва шаҳрида иккинчи Таълим форуми ва Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг навбатдаги II-Форумининг қўшма тадбирлари бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи арафасида бу тадбирларда сўзга чиққан Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонни “Евросиё иқтисодий иттифоқи ишига янада яқинроқ киришишга” чақирди.

"Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида иккинчи ўринни эгаллаб турган етакчи савдо ҳамкорларидан биридир. Ҳатто пандемия шароитида ҳам ўзаро иқтисодий ҳамкорлигимиз ривожланишда давом этмоқда. Жорий йилнинг ўтган ойларида унинг ўсиши 6 фоиздан ортиқни ташкил этди”, - деди Путин.

Президент Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик II форуми иштирокчиларига видеомурожаат ҳам йўллади.

Ташрифи арафасида Россия ҳукумати Ўзбекистонни қатор имтиёзлар билан сийлашга тайёрлигини ҳам намойиш қилди.

Жумладан, Путин ҳукумати кейинги ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун Россия олий ўқув юртларида бепул таълим олиш квоталари миқдорини 750 ўринга ошириши мумкинлигини айтган. Бу ҳақда хабар берган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан уч баравар кўп эканини билдирди.

Россия иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников эса, Кремль икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларда рублга ўтиши мумкинлигини маълум қилди. Решетников рублдаги ҳисоб-китобларни кенгайтириш шахсан Путиннинг топшириғи бўлганини қайд этди.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм- каналида ҳафта бошида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Россия фонд бозорида жами 15 млрд. рубллик облигацияларни жойлаштирганини билдирди.

Катта эҳтимол рублда жалб қилинадиган мазкур қарз айнан Россиядан рублда товар ва хизматлар сотиб олишга йўналтирилади. Халқ тилида айтганда, бўйинтуруқнинг қолипи ўзимиздан чиқарилади. Россия билан ташқи савдо салбий сальдоси ўтган 9 ойда 2,2 млрд.долларга етган. Яъни биз уларга сотаётганимиздан сотиб олаётганимиз шунчага кўп".

Бакировга кўра, рублдаги ҳисоб-китоблар "қўшниларига доимий таҳдидда бўлган эҳтимолий агрессор билан салбий сальдо ҳажмини янада кўпайтиради".

Россия Ўзбекистонни ўзининг “атом” лойиҳасига – республика ҳудудида АЭС қуришга ҳам ундаб келади. 2018 йилда тузилган ҳукуматлараро битимга мувофиқ, "Росатом" давлат корпорацияси ВВЭР-1200 реакторли "уч плюс" авлодининг иккита энергия блоки мажмуасини Жиззах вилоятида қуриши кутилмоқда.

Аммо афтидан, таклиф этилаётган “имтиёзлар”га қарамасдан, Ўзбекистон билан музокаралар Владимир Путин ҳукумати учун осон кечмаётган кўринади.

2021 йилнинг октябр ойи ўрталарида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) вакиллари билан ташкилотга аъзо бўлиш масалаларини муҳокама қилганди. Томонлар 2021 йил охиригача Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишини ўтказиш бўйича ҳамкорликнинг амалий масалаларини муҳокама қилди.

Олдинроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун устувор мақсад эканини таъкидлаганди. Сафоев ЕОИИ хусусида жамоатчилик ичида кўплаб ихтилофли фикрлар мавжудлигини қайд этган.

Таҳлилчи: Ўзбекистон Евросиё иттифоқига қўшилишга тайёр

Озодлик суҳбатлашган Москвадаги Карнеги Маркази консультанти, сиёсий таҳлилчи Темур Умаров Тошкентнинг Россия тузилмаларига қўшилишга шошилмаётгани ортида сиёсий ва иқтисодий манфаатлар ётибди, деган фикрда.

Темур Умаров
Темур Умаров

- Мавжуд маълумотларга таянган ҳолда, бу ташрифнинг чўзилиши билан Мирзиёев командаси Россия Иттифоқига кириш учун ўзига имкон қадар фойдали шароитларни савдолашди, деган фикрдаман. Шу сабабли 2019 йилда бўлиши режалаштирилган бу ташриф 2020 йилга, кейин пандемия баҳонасида яна бир ярим йилга сурилди. Ваҳоланки, бу ташриф Москвада коронавирус пандемиясининг энг авжига чиққан палласида амалга оширилмоқда. Гап шундаки, томонлар узоқ вақт тарифлар масаласида келишолмаётганди: Ўзбекистон ички ишлаб чиқарувчини ҳимояловчи баланд импорт божларига эга, кўплаб соҳаларда монополияга эга. Иккинчи масала – миграция: Ўзбекистон бу масалада ўз меҳнат муҳожирлари учун Россияда ишлашга кўпроқ имтиёзларни савдолашиб олмоқчи.

Таҳлилчи Ўзбекистон КХШТга бўлмаса ҳам, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишга анча олдиндан тайёргарлик кўриб келаётганига ишонишини аётади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчилик мақомини олиши бунга далил бўлади:

- Томонларга кузатувчилик қилаётган Ўзбекистон билан айрим масалалар – имтиёзлар, неча йил бўлиши, ишлаб чиқаришдаги айрим юқори божларнинг сақланиши ва бошқаси бўйича келишиши қолди. Россия аллақачон бир қанча енгилликларни берганини, икки давлат ўртасида рубл муомаласи киритилиши эълон қилиб бўлди; 158 минг ўзбек мигрантига амнистия берилди, икки давлаттўртасида муҳожирларни олиб кириш каналлари очилди, ўзбекистонликларга 15 кун қайдга турмасдан яшаш имкони берилди... Ўзбекистонга миллион гектар ерни арендага беришга келишилди, рус мактаблари ва ўқув юртлари очилди. Шунинг ўзи етарли эмасми хулоса қилишга? , дейди сиёсий таҳлилчи Темур Умаров.

Афғонистон масаласи

Тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назир фикрича, икки давлат музокараларида Афғонистон масаласи кўтарилиши табиий.

- Ҳозир “Толибон ҳаракатини ким биринчи бўлиб тан олади” деган масаласа турибди. Хитой Россия тан олишини истаяпти. Менимча, булар Ўзбекистонга биринчи бўлиб бу террорчиларни тан олдирмоқчи! Хитой ва Россия Ўзбекистон орқали толиблар билан алоқа қилмоқчи. Яна бир масала кўтарилади: Россия Марказий Осиёда янги ҳарбий база очиш ниятида. Шу баҳонада Ўзбекистонни КХШТга қўшиб олиш. Афғонистонда ИШИД кучайиб бораётганини кеча БМТ ҳам тан олди ва бундан Россия фойдаланади, деб ўйлайман, дейди Анвар Назир.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил баҳорига мўлжалланган Москвага расмий ташрифи пандемия сабаб номаълум муддатга қолдирилган эди.

XS
SM
MD
LG