Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Туркман “валиаҳди”, метан тарқалиши ва иқлимга доир халқаро конференция


Туркманистон бош вазири ўринбосари Сардор Бердимуҳамедов - Ашхобод, 25 апрель, 2021
Туркманистон бош вазири ўринбосари Сардор Бердимуҳамедов - Ашхобод, 25 апрель, 2021

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ягона ўғли Сардорни мамлакатни иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро конференцияда тамсил этиши учун Глазгога жўнатди.

Озодлик/Озод Европа радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер бу воқеанинг сиёсий маъноси, Туркманистон ҳукумати анжуман минбарида унинг номидан берилган ваъдаларни бажаришга нақадар қодир ва лаёқатли эканлиги хусусида фикр юритади.

Афтидан, Сардор Бердимуҳамедов бир кун келиб отасининг ўрнини эгаллашга ҳозирланмоқда. Сўнгги пайтларда у кўплаб хорижий давлатларги ташрифларда Туркманистонни тамсил этди. Ҳатто ўтган ёзда Туркманистон олимпия терма жамоасининг фахрий мураббийи ўлароқ Токиога бориб-келди.

Кимдир ўйлаши мумкин: аҳолиси беш миллионга ҳам етмайдиган Туркманистондек овлоқ бир мамлакат иқлимга қандай таъсир ўтказа оларди, деб.

Йўқ, мамлакатнинг таъсири бор, чунки у атмосферага метан гази тарқатувчи дунёдаги энг йирик ўчоқлардан биридир.

Туркманистон ҳукуматига хайрихоҳ Business.com.tm сайтига кўра, Сардор ташаббусни қўлга олиб, Глазго анжуманида ўз мамлакатида ҳавога метан гази тарқалиши мавзусида нутқ ирод этган.

3 ноябрь куни сўзлаган нутқида Сардор Бердимуҳамедов унинг мамлакати метан ажралиб чиқишини камайтиришга алоҳида эътибор бераётганини ва “Метанга оид глобал мажбурият” лойиҳасини мамнуният билан қабул қилажагини айтган. Унга кўра, Туркманистон мазкур лойиҳани “ўрганиш”дан манфаатдор.

Номутаносиб таъсир

Мазкур баёнот, турган гапки, конференция делегатларининг аксариятида катта қизиқиш уйғотгани йўқ. Аммо Bloomberg агентлиги 19 октябрда эълон қилган мақолада шундай дейилади: “Халқаро энергетика агентлиги 2020 йилда Туркманистон нефть ва газ қазиб олиш секторидан ҳавога тарқалган метан ҳажми бўйича фақат АҚШ ва Россиядан орқада қолган, ҳолбуки бу икки мамлакатнинг энергетика соҳаси сезиларли даражада катта ва аҳолиси сони ҳам анча кўп”.

Мақолада Kayrros фирмасининг Туркманистонда метан гази ажралиб чиқиши нақадар жиддий муаммолигини тасдиқловчи маълумотларидан иқтибос келтирилган.

Франциянинг Kayrros фирмаси бутун дунё бўйлаб конлардан газ сизиб чиқишини сунъий йўлдошлар орқали кузатиб боради. Bloomberg мақоласига кўра, “2019 йилдан бери Kayrros томонидан таҳлил қилинган ерусти нефть-газ амалиётлари чоғида метан гази сизиб чиққан энг жиддий 50 ҳолатдан 31 таси айнан Туркманистоннинг ҳиссасидир”.

Туркман валиаҳд шаҳзодаси Глазгода айтишича, Туркманистон “ўрта муддатли истиқболда, 2030 йилдан бошлаб иссиқхона газлари сизиб чиқишида ўсишни тўхтатишни режаламоқда”, шунингдек, “узоқ муддатли истиқболда газ ажралиб чиқишини ҳар йили сезиларли даражада камайтирмоқчи”.

Газ қазиб чиқаришнинг ҳозирги ҳажмида ва мамлакат метан ажралиб чиқиши бўйича аллақачон дунёда учинчи ўринни эгаллаб тургани ҳолда иссиқхона газлари тарқалишида ўсишни “нол”га тушириш мумкинми?

Шунингдек, нотиқ “сезиларли даражада” дегани айнан қанчалигини ҳам аниқлаштирмаган.

Bloomberg мақоласида урғуланишича, Туркманистондаги Корпеже газ конидан бир мартада тарқалган ис газлари “Аризона штатидаги барча автомобилларнинг бир йиллик тутунига тенг даражада иқлимга таъсир этади”.

Барча айбловларни рад этиб

Сардор Глазгога расман Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари сифатида борди. Демак, метан ажралиб чиқишини камайтиришга ваъда берганида у ҳукумат номидан гапирган.

Ва бу ҳукумат – аксини тасдиқловчи шунча ишончли далиллар тақдим этилганига қарамай мамлакатда коронавирус борлигини ҳануз инкор этиб келаётган туркман ҳукуматидир.

Яна бу ҳукумат мамлакатда метан ҳавога тарқалаётганини шу кунга қадар тан олмаган, шунингдек Туркманистон нефть саноати Каспий денгизини булғаётганини ҳеч қачон тасдиқламаган.

Сардор Бердимуҳамедов “ўрганиш”дан мамлакати манфаатдорлигини айтган “Метанга доир глобал мажбурият” Глазгодаги конференцияда маъқулланди. Мазкур ташаббус 2030 йилгача метан тарқалишини 30 фоизга камайтиришга қаратилган.

Ҳужжатни 103 мамлакат имзолади. Улар орасида Туркманистон йўқ.

XS
SM
MD
LG