Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Аҳоли қарзларининг ортаётгани миграцияни кучайтирмоқда


Банкларда кредит олишга навбатлар одатий ҳолга айланди
Банкларда кредит олишга навбатлар одатий ҳолга айланди

Ўзбекистонда ишсизликдан ва пулсизликдан қийналиб қолганлар орасида истеъмол кредитларини олувчилар сони кўпаймоқда. Қарзга ботган ва кредитларни тўлашга қийналиб қолган ўзбекистонликлар учун меҳнат миграцияси даромад олишнинг ягона манбайи бўлиб қолмоқда.

Вазият мураккаблигини англаб етган Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса ўз гражданларини Россия шаҳарларида ишлаш учун ташкилий равишда жалб қилиш тартибини соддалаштирмоқчи ва ҳатто Россия Федерацияси Меҳнат вазирлигига тегишли таклиф билан чиқди.

Ўзбекистон марказий банки бугунги кунда Ўзбекистондаги 32 та банкдан 19 таси истеъмол кредити бераётгани, микрокредитларни эса 18 та банкдан олиш мумкинлигини маълум қилди.

Марказий банк Ўзбекистонда аҳолининг қарз юки нисбатан паст даражада деб ҳисоблайди, аммо аҳоли қарзларининг ўсиши иқтисодий кўрсаткичларга ва аҳолининг реал даромадлари ўсишига салбий таъсир кўрсатишини эътироф этмоқда.

Шавкат Мирзиёев ҳукумати аҳолини кредитлашни осонлаштириш бўйича янги-янги қарорларни қабул қилиб келмоқда.

Меҳнат муҳожирлари: Ойлик оламиз – кредитга тўлаймиз

Озодликка келаётган мурожаатлардан кўплаб ўзбекистонликлар майда кредит ва истеъмолчилик кредитлари ботқоғига ботиб бораётгани англашилади.

32 яшар Отабек Тошкент вилоятидан. Озодликка мурожаат йўллаган йигит тўпланиб қолган қарзлардан қутулиш учун “Халқ банки”дан микроқарз олганини ёзди. Отабекнинг айтишича, у кети узилмаётган қарзлардан қутулиш учун Москвага келган.

- Ишлаб топаётган пул Ўзбекистонда фақат еб-ичиш ва қарзларимни тўлашга кетмоқда. Тайинли ишим йўқлигидан қарз устига қарз олишга мажбурман. Қарзларим кўпайиб кетса Россияга келаман ишлагани. Россияда ҳам пул топиш осонмас – йилдан йилга қийинлашиб боряпти. Мени бир савол қизиқтириб қолди: қачон ўзимизда одам меҳнати қадрланади, оддий микрокредитларни ёпишга яраша ойлик-маошларни бера бошланар экан? - деди Отабек.

Самарқанддаги таълим муассасаларидан бирини бошқариб келаётган ва ўзини Тожиддин деб аташни сўраган суҳбатдошлардан бири кредитлар билан боғлиқ коллективида ва қишлоғида юзага келган вазиятни тасвирлаб берди.

- Мен ўзим ҳам Самарқанд “Микрокредитбанк”дан қарз олганман. Йил бошида 28 фоизга 25 миллион сўм олиб, 15та қўй сотиб олдим. 1 фоиз пластикка ташлаб бергани учун ечволди. Ҳозир бу қўйларни сотсам 15 миллион сўм бўлади! Иш жойидаги 3,5 миллионлик ойликдан нақд 2,5 миллиони қарзга қайтиб ётибди – тирикчилигим 1 миллионга қолди. Ойлик оламиз – кредитга тўлаймиз! Тўй қиламан, қўй қиламан, уй қиламан деб оляпти одамлар. Бир ходимим ўғлини ўқитишга олди. Шу майда чуйда ишларга сарфлаяпти. Ишхонамда 20 ходим бўлса, шундан 19таси кредитта ўтирибди. Худо хоҳласа 6 ойда ёпаман. Лекин, маошлар камлиги туфайли одамлар мажбур бўляпти.

Тожиддин фикрича, ходимлар банклардан олган қарзларни ёпиш учун қўшимча иш фаолияти билан, тадбиркорлик, чорвачилик ёки деҳқончилик билан шуғулланишга мажбур бўлаётганини ҳам билдирди.

У кредит олган аҳоли орасида ички миграция авж олганини ҳам айтади.

“Илгари бундай вазиятда Россияга кетарди одамлар. Шаҳарларда иш кўпайиб қолгани сезилди ва самарқандликлар асосан Самарқандга ёки Тошкентга бориб ишлаб келяпти. Турклар очган материал цехларга, катта қурилишларга бориб, ишлаб келяпти кўпчилик. Қарзи жуда ошиб кетганлари Россияга жўнаб кетяпти ҳалиям”.

Молия эксперти: Ишсизлик одамларни кредитга ўтиргизмоқда

Ўзбекистон банкларидан бирида бошқарувчи вазифасини бажариб келган молия мутахассисларидан бири исми сир қолиши шарти билан Озодликка вазиятни таҳлил қилиб беришга уринди.

Молия мутахассиси одамларнинг кредитлар домига тортилиб кетаётганини уларнинг молиявий билимлари паст даражада экани, ҳар бир юзага келган қийинчилик даврида даромади камайиб бораётгани ва иш ўринлари қисқараётганини кузатаётган аҳолининг катта қисми муаммоларни қарз олиш билан бартараф этишга уринаётганини гапирди.

Унинг фикрича, еб-ичиш ва кийиниш ҳамда коммунал тўловларни тўлашга аранг етаётган мавжуд ўртача иш ҳақи устига одамлар яна банклардан қарз олишга одатланмоқда.

- Ишсизлик бўлганидан кейин одамларнинг кредитларга ўтириб қолиши табиий. Кредит олувчилар сонининг ошиши эҳтиёж ошиб бораётганидан дарак. Одамлар кредит олиб, кунини кўряпти. Айрим кредитга ўтираётганлар “шу куним ўтса бўлди”, қабилида иш тутмоқда. Бошқа иложи ҳам қолмаяпти! Одамлар мажбур чет давлатларига бориб ишлаб келаётгани ҳисобига кун кўрмоқда. Тўй қиладигани ҳам, участка қурадигани ҳам, қарзини тўлаётгани ҳам – ҳаммаси четдан келаётган пуллар ҳисобига бўляпти. Ҳукумат ҳам одамларнинг кредитга ўтириб қолишига имкон яратиб беряпти-да! 100 миллион сўмгача жисмоний шахсларга гаровсиз кредит бериш тўғрисида айтиляпти. Уни қайтариб бера оладими йўқми – ҳукумат банклар бўйнига илиб қўйяпти. Ана кейин кўраверинг ҳар бир одам эшигини тагидаги банк ходимини!

Катта-катта нефт-газ ташкилотларимиз ойлик беролмаётган бир пайтда улар нима қилсин?! Масалан, кластер пайдо бўлди, унга маълум миқдорда одам ишлайди. Қишлоқ аҳолиси ерсиз ўзи-билан ўзи қолди. Кластерга эски хлопзаводда ишлаган корчаллонлар эгалик қилволган! Улар ерга ишлов бермайди, қаровсиз ер деҳқонсиз қолди. Деҳқон мардикорликка кетди бизда.

Суҳбатдош банклардан янги таклифлар пайдо бўлиши ва микрокредитлар олиш учун янги имкониятлар яратилиши маъсулиятсиз қарздорлар сонини ҳам оширмоқда.

Унинг сўзларига кўра, оддий халқ томонидан олинаётган кредитларнинг асосий қисмини микроқарзлар ташкил этиб, улар кундалик эҳтиёжларни қондиришга сарфланмоқда:

- Пандемия пайтида одамлар усиз ҳам анча қийналиб қолди. Россия, бошқа жойлардан мигрантлар чиқариб юборилиб, қайтиб келди ҳаммаси. Энди чегаралар бироз очилганига улар таниш-билиш қилиб қайтиб кетяпти ишлашга. Шуни ҳисобига Ўзбекистоннинг қора аҳолиси тирик, буни тан олиш керак! Бизда кредит олувчиларнинг аксар қисми машина олишга сарфлаяпти – такси қилиб бир-икки сўм пул топяпти. Ҳақиқий тадбиркорлар камдан-кам, чунки бизнес қилишга шароит йўқ, саноқсиз текширув ва назоратчи органлар любой бизнесингизни 5 минутда йўқ қивориши мумкин, орқангизда одамингиз бўлмаса! Тадбиркорлик деганда ҳам асосан кондитерлик ёки тикув цехлари ташкил этиляпти. Иссиқхоналарга пулга ҳам газ бермай қўйди – экин қиламан дегани кўмир билан иситиб амаллаяпти. 14 фоизли майда истеъмолчилик кредитлари ҳам уй қуришга, тўй қилишга, мол қилиш ва боласини ўқитишга сарфлаяпти.

Мутахассис фикрича, пандемиядан кейин аҳоли фаоллиги сезиларли даражада ошгани, бу эса кредитларга талабнинг ҳам ортганига эътибор қаратди.

Молия мутахассиси жорий йилда Россия, Туркия, Жанубий Корея, Қозоғистон ва бошқа жойларга чипта сотиб олиш учун кредит бериш оммалашаётганини ҳам айтди. Бундай кредитлар меҳнат муҳожирлигига кетаётганларга мўлжаллангани айтилди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, биргина Россияда Ўзбекистондан 1,5 миллиондан 2 миллионгача меҳнат мигранти ишлайди ва улар бу банкларнинг потенциал мижозлари эканлиги маълум.

Қарздор талабалар

Жорий йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, талабаларга тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди. Унга кўра, таълим кредити муддати, фоиз ставкаси ҳамда бошқа шартлар енгиллаштирилди. Хусусан, таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилиши; тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган ресурслар ҳисобидан таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилиши айтилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунга келиб янги тартиб асосида, Ипотека-банк томонидан 3 800 дан ортиқ талабага қарийб 35 млрд.сўм таълим кредитлари ажратилди. Банк томонидан талабаларга ушбу йўналишда кредит ажратиш ишлари давом эттирилмоқда.

Мамлакат президенти томонидан 27 октябрь куни имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра, Ўзбекистонда тадбиркорлар бундан буён 1 миллион долларгача кредит олиши мумкин.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий донорларидан бири эканини англаётган Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини хорижга ишга жойлаштириш бўйича воситачиликни ўз қўлига олмоқда.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз ватандошларини Россия шаҳарларида ишлаш учун ташкилий равишда жалб қилиш тартибини соддалаштирмоқчи ва Россия Федерацияси Меҳнат вазирлигига тегишли таклиф билан чиққанини бошқарма сайтида хабар қилди.

Расмий Тошкент меҳнат бозорида юзага келган мураккаб вазият туфайли ишга қабул қилиш жараёнини тартибга солувчи 2017 йилда имзоланган ҳукуматлараро битим пандемия даврида янгиланиши кераклигини маълум қилиб, миграцияга оид ҳам мигрантлар, ҳам иш берувчилар учун барча тартибларни соддалаштиришга чақирди. ​

XS
SM
MD
LG