Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:56

Ваъдалардаги рақамлар. Мирзиёев сайловчиларига неча пуллик ваъда берди?


Президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда сайловчилар билан учрашувда.
Президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда сайловчилар билан учрашувда.

Президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда келаси 5 йил учун ўзи ваъда қилаётган маблағларнинг ҳисобини олишни сўради.

Мирзиёев устма-уст бераётган ваъдаларидаги триллионлаб сўм ва миллиардлаб доллар маблағнинг манбасини “аниқ” деди ва маҳаллий раҳбарларга “қоғозда қолиб кетмасин”, деб талаб қўйди.

13 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрган Мирзиёев келгуси беш йилда 9 миллиард долларлик 2 минг 200 та инвестиция лойиҳасини амалга оширилиши ва 75 мингта янги иш ўрни яратилишини айтди.

Унга кўра, Навоийда 3 миллиард 400 миллион доллар бўлган газ-кимё технологик кластери ташкил этилади ва қарийб 3 миллиард долларлик 7 та электр станциясини ишга туширилади.

21 сентябрдан сайловолди тарғиботларини бошлаган бош номзод ва жорий президент ҳозирга қадар келгуси 5 йиллик дастурлари учун камида 250 трлн сўм ва 67 млрд доллар ажратишни ваъда қилиб улгурди.

Ҳали олдинда икки муҳим вилоят - Мирзиёев туғилиб ўсган Жиззах ва пойтахтга туташ Тошкент вилояти турибди. Бу вилоятларга ажратилган сумма аввалгилардан кам бўлмаслиги эҳтимоли юқори.

Аммо 12 октябргача айтилган сумманинг ўзиёқ Мирзиёевнинг биринчи муддатидаги ислоҳотлар учун сарфланган суммадан қарийб 2 ярим баробарга кўп - ўтган 5 йилда қашшоқликни тугатиш, янги иш ўрни ва иқтисодиётни ривожлантириш ислоҳотлари учун жами 114 трлн сўм ва 30 млрд доллар сарфлангани расман айтилган.


Пулнинг ҳисоби

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан учрашувлари 21 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасидан бошланди.

Шундан бери у Хоразм, Самарқанд, Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида бўлди.

Қашқадарёдаги учрашувда Мирзиёев маҳаллий расмийлардан, ўзи сайловолди чиқишларида тилга олаётган рақамларнинг ҳисобини юритишни сўради:

“Сизлардан илтимос, мен айтаётган рақамларни ёзиб боринг, чунки бу маблағлар манбаси аниқ. Қолаверса, булар қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Қашқадарё халқининг фаровонлигига, вилоятда тадбиркорлик ривожланишига хизмат қилсин. Одамлар бугун натижа кутяпти. Бунинг учун ишсизлик ва камбағаллик билан жиддий курашишимиз керак”.

Президентнинг сайловолди учрашувларида тилга олган триллион сўм ва миллиард долларлик рақамлар учинчи учрашув - Самарқанд вилоятидан бошланди ва кейинги вилоятларга ўтган сари кўтарилиб борди:

  • 21 сентябрь, Қорақалпоғистондаги нутқи:
  • Сарфланади: 0 сўм, 0 доллар.
  • Яратиладиган янги иш ўрни: 0
  • 22 сентябрь, Хоразмдаги нутқи:
  • Сарфланади: 0 сўм, 0 доллар.
  • Яратиладиган янги иш ўрни 250 мингта.
  • 24 сентябрь, Самарқанддаги нутқи:
  • Сарфланади: 0 сўм, 8 миллиард доллар (5,5 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 450 мингта.
  • 27 сентябрь, Намангандаги нутқи:
  • Сарфланади: 0 сўм, 7 миллиард доллар (10 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 400 мингта.
  • 28 сентябрь, Фарғонадаги нутқи:
  • Сарфланади: 10 трлн сўм, 8 млрд доллар (11 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 420 мингта.
  • 29 сентябрь, Андижондаги нутқи:
  • Сарфланади: 40 трлн сўм, 8 млрд доллар ( 4,5 та инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 420 мингта.
  • 7 октябрь, Сирдарёдаги нутқи:
  • Сарфланади: 40 трлн сўм, 5 млрд доллар (2 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 60 мингта.
  • 8 октябрь, Сурхондарёдаги нутқи:
  • Сарфланади: 50 трлн сўм, 6,6 млрд доллар (5 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 320 мингта.
  • 11 октябрь, Қашқадарёдаги нутқи:
  • Сарфланади: 60 трлн сўм, 10 млрд доллар (2 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 400 мингта.
  • 12 октябрь, Бухородаги нутқи:
  • Сарфланади: 50 трлн сўм, 8 млрд доллар (5 мингта инвестиция лойиҳаси)
  • Яратиладиган янги иш ўрни 280 мингта.

250 трлн сўм ва 60,6 млрд доллар

Бу - Мирзиёев 21 сентябрдан бери 9 вилоят ва Қорақалпоғистонда сўзлаган нутқида тилга олган рақамлар. Бу ўринда сўм ва долларда ифодаланган бу икки рақам алоҳида суммами - бу ҳақда президент матбуот хизмати чоп этган расмий хабарда бирор маълумот берилмаган.

Президент нутқида бу суммаларнинг давлат бюджетидан ажратилиши ва хорижий инвестиция ҳисобига қопланиши айтилган.

5 октябрь куни ишга туширилган reforms.uz порталига кўра, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён амалга оширилган ислоҳотларга 114 триллион сўм ва 30 миллиард АҚШ доллари сарфлангани айтилди.

Бу портални Ўзбекистон ва халқаро дипломатик корпус вакилларига тақдим қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов:

“5 йил давомида йиллар бўйича 5 та алоҳида-алоҳида дастурлар қилиб келинди. Шу ерда умумий 1385 дан ортиқ банд кўзда тутилган эди. Умумий 114 трлн сўм ва салкам 31 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилган”, деб таъкидлади.

Президентликка номзод ваколатлари

Айни пайтда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти давомида тарқатаётган маблағлар, бераётган ваъдалар - унинг маъмурий ресурслардан фаол истифода этаётгани тўғрисидаги масалани кун тартибига чиқарди.

Президент барча вилоятларга сафарларида президент самолёти ва ўз маъмурияти административ ресурсларидан фойдаланмоқда. Президент матбуот хизмати расмий хабарларида ҳам унинг номи гоҳ “жорий президент”, гоҳ “президентликка номзод” деб келтирилмоқда.


“Сайлов кодекси”нинг 44- моддасида “Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади”, деб ёзиб қўйилган.

Айни 44-моддада, шунингдек: “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади”, де қатъий белгиланган.

ЕХҲТ оралиқ ҳисоботи

8 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистонда 24 октябрь кунига белгиланган президент сайловини кузатиш миссияси оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, сайловолди кампанияси пайтида, ташкилотнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга оид тавсиялари бажарилмаётгани қайд этилган.

Бажарилмаган тавсиялар сирасида сайлов ҳуқуқларини чеклаш, мустақил номзодларни кўрсатишга тақиқ ва сайлов кампаниясини молиялаштиришнинг муқобил манбаларига оид тавсиялар бор.

Ҳисоботда, хусусан Ўзбекистоннинг амалдаги президенти бўлган Ш. Мирзиёевнинг сайловчилар билан учрашувларга президент хизмат самолёти билан бориши ва бошқа номзодлар ўртасида рақобатли кураш кузатилмагани алоҳида қайд этилди.

Саси чиқмаётган бошқа номзодлар

Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда 5 нафар номзодни рўйхатга олган:

  • Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёев;
  • “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимов;
  • Экологик партиядан Нарзулла Обломуродов;
  • “Миллий тикланиш” партиясидан Алишер Қодиров;
  • Халқ-демократик партиясидан Мақсуда Ворисова

Мазкур партияларнинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялар сифатида кўрилади.

Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмади.


Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик санасининг 30 йиллигида қилган чиқишида, "бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтиши ва янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этишига ишониши"ни айтган.

XS
SM
MD
LG