Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

АҚШ комиссияси Ўзбекистон қамоқхоналарида 2000 дан ортиқ диний маҳкумни аниқлади


Ўзбекистонда "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига аъзоликда айбланган шахс қўлга олинмоқда, сентябрь, 2021, Тошкент вилояти
Ўзбекистонда "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига аъзоликда айбланган шахс қўлга олинмоқда, сентябрь, 2021, Тошкент вилояти

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси 13 октябрь куни Ўзбекистонга оид навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний мотивларда айланиб сақланаётган 2 мингдан ортиқ маҳкумни аниқлангани, булардан 81 нафарининг шахси тасдиқлангани қайд этилган.

Ҳисобот муаллифи, АҚШ Конгрессининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича маърузачиси Стив Свердловнинг қайд этишича, 81 нафар диндорнинг аксари қийноқ ёки бошқа турдаги таҳқирларга учраган.

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича комиссиясининг бу галги ҳисоботига “Ўзбекистоннинг диний ва сиёсий маҳбуслари: Репрессия амалиётини бартараф қилиш” деб ном берилган.

Унда мамлакатда тинчгина ибодатини қилиб юргани учун қамоққа ташланган диндор маҳкумларнинг аниқ сони узоқ муддатдан буён журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, АҚШ ҳукумати, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ учун номаълум қолаётгани таъкидланади.

Ўзбекистон ҳукумати бундай маҳкумлар сони ва шахсига доир маълумотларни ҳеч қачон ошкор қилмаган.

Ҳисобот муаллифи Стив Свердлов келтирган янги рақам, Ўзбекистонни собиқ совет ҳудудида диндор маҳкумлари энг кўп давлатга айлантиради:

“Тахминан 2 мингдан ортиқ диндор панжара ортида қолмоқда. Бу собиқ совет давлатлари орасида ҳозир кузатилган энг катта рақам ва бу одамларни озодликка чиқаришга эришиш ҳуқуқ ҳимоячилари учун катта мақсад бўлиб қолмоқда".

Ҳисобот муаллифи бу маҳкумларга қўйилган айбловларга эътиборни қаратади. Бундай маҳкумларнинг аксари “мамлакатда конституцион тузумни ағдариш”, "тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тарқатиш", "тақиқланган диний гуруҳларга аъзолик" сингари жиноятларда айбланган.

Ҳисоботда таъкидланишича, энг муҳими, шахси аниқланган 81 нафар диндор маҳкумга бундай айблов қўйилиши учун асос бўладиган бирор жиддий далил йўқ.

Стив Свердловга кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексида бундай маҳкумлар бўйнига қўйилган қатор моддалар борки, буларнинг аксари Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига зиддир.

“Ўзбекистон Жиноят кодекси амалда Каримов даврида қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда. Шу боис муаммо ҳануз мавжуд”, деб таъкидлайди АҚШ Комиссияси ҳисоботи муаллифи.

Бу маҳкумларнинг аксари қийноқ, таҳқир ҳамда ҳибсга олиш, судлаш жараёнида ҳимоя сўрови рад этилганига оид асосли иддаоларни келтирган. Бунга қўшимча, аксар диндор маҳкумларнинг ҳибсда ва қамоқда сақлаш муддатлари қонунга зид тарзда узайтирилган.

“Хусусан, Жиноят кодексининг даҳшатли 221-моддаси ҳозир қўлланилмаётган бўлса-да, Ўзбекистондаги кўплаб диний ва сиёсий маҳкумлар қамоқхонада қўйилган янги айбловлар билан муддати узайтириб келинмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳукумат озодликка чиқаришни истамаган маҳкумларнинг панжара ортида қамоқ жазосини узайтириш учун Жиноят кодексининг 221-моддаси муттасил қўлланиши аксар халқаро ташкилотлар, хусусан АҚШ комиссияси томонидан ҳам кўп бор қораланган.

221-модда. Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик:

  • Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса, — уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Ўша қилмишлар:
  • а) ўта хавфли рецидивист;
  • б) оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм этилган шахс томонидан содир этилган бўлса, —
  • уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳисобот муаллифи Стив Свердовнинг айтишича, маҳкумларнинг жазо муддатлари ноқонуний узайтирилиши ва умуман, уларга Жиноят кодексининг 159, 216, 244 моддаларига асосланиб қўйилган айбловларнинг асоссиз экани, маҳкумларга нисбатан қўлланилган қийноқ ёки таҳқирларни асословчи кўплаб ҳужжат, маҳкумлар ва яқинларининг кўрсатмалари, фотосуратлар йиғилган.

Ҳисоботда 2000-йиллар бошида 15, 18, 20, 25 йиллик ўта узоқ муддатга қамалган, айниқса “Ҳизбу Таҳрир” тақиқланган диний гуруҳига алоқадорликда айбланиб, оиласи билан қамалган маҳкумлар ҳануз панжара ортида қолаётгани Шавкат Мирзиёев ҳукумати ва қатор халқаро ташкилотлар эътибор қаратиши лозим бўлган долзарб муаммо экани алоҳида таъкидланади.

“Кўриниб турибдики ҳукумат, зудликда озод қилиш шарти билан, ҳукумат назарида “экстремист” ёки “террорчи” деб қаралган гуруҳларга алоқадорлик айби билан очилган жиноят ишларининг барчасини текшириб чиқиш лозим”, дейилади ҳисоботда.

Мустақиллик ва Ислом: "Мирзиёев даврида бутун оилам билан қамашди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:27 0:00


Айни пайтда америкалик ҳуқуқшунос Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан 50 га яқин таниқли маҳкумлар озодликка чиқарилгани, бундан ташқари яна юзлаб диндор маҳкумларнинг озод қилинганини олқишлайди.

Аммо бу маҳкумларни оқлаш масаласи очиқ қолаётгани Свердлов ва бошқа ҳуқуқ фаоллари, БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукумати билан шу йил бошида кечган мулоқоти чоғида таъкидланган.

“Озодликка чиққан бирорта сиёсий маҳкум реабилитация қилинмади ва ҳозиргача ҳукумат бу масалани ҳатто муҳокама қилишга ҳам ҳаракат қилгани йўқ. Яъни Каримов даврида сиёсий мотивлар билан айблаб қамаш феномени бор эди ва бу - мамлакатнинг барча халқаро мажбуриятларига зид эди”, дейди Свердлов.

Свердловга кўра, Мирзиёев даврида ҳам диндорларнинг анчагина қисми қамоққа ташланган. Ҳисоботда Умар Бадалов (2017 йилда қўлга олинган) ва Муҳаммад Рашидов (2018 йил) каби қатор маҳкумларнинг номи келтирилади.

Шунингдек, АҚШ комиссиясининг ҳисоботида сиёсий айблар билан қамалган собиқ дипломат Қодир Юсупов (2018 йил), блогерлар Отабек Сатторий (2020) ва Миразиз Бозоров (2021) тақдирига эътибор қаратилган.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат қамоқхоналарида диний-сиёсий маҳкумлар борлигини рад этиб келадилар. Ҳукуматнинг бу борадаги мавқеи Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг ҳам ўзгармади.

Шу йил январида Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов Ўзбекистонда диний эътиқоди боис жазо ўтаётганлар борлигини яна бир марта рад этган.

Унинг 28 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлашича, "барча маҳбуслар қонун олдида баробар".

«Ўзбекистон қонунчилигида бунақа тоифадаги маҳкумлар мавжуд эмас — уларнинг барчаси қонун олдида баробар", деб айтган мулозим.


Озодлик ушбу ҳисобот ва унда номи тилга олинган маҳкумларга оид махсус дастурни ҳозирламоқда. Бу дастур билан тез орада сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда танишишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG