Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

"Uzsalaman" жар ёқасидами? Корхона мулозимларнинг муросасиз баҳси


“Фарғонадаги “Ўзсаламан” пойафзал фабрикаси йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди”. Фабрика раҳбар мулозимларининг биридан келган бу хабарни корхонанинг бошқа мулозимлари қатъиян инкор этди.

Корхона директори ва кадрлар бўлими бошлиғининг айтишича, “Фабрикадаги ишлар бир маромда кетяпти, тез кунда янги иш ўринлари очилади, ишчилар қабул қилиш ҳақида эълон ҳам берилган”.

1995 йили Ўзбекистон-Германия корхонаси сифатида тузилиб, ўз вақтида бутун мамлакат тилига тушган пойафзал фабрикасининг бугунги аҳволи қандай?

Девонхона мудири шикояти

“Фарғонада терини қайта ишлар заводи, консерва заводи, ипак комбинати, гўшт комбинати шундай тадбиркорлар қўлида йўқ бўлиб кетди. Олди олинмаса, “Ўзсаламан” ҳам ёпилиб кетиши, ишчилар кўчада қолиши мумкин”, дейилган Ўзбекистон президенти, бош вазир ва бош прокурор номига ёзилган 3 варақли хатда.

Нусхаси Озодликка ҳам келган хат муаллифи Муборакхон Тожибоева “Ўзсаламан” корхонасида 2007 йилдан 2009 йилгача юрист бўлиб ишлаганини, 2009 йилдан буён корхона девонхонаси мудири эканлигини билдирди.

“Умумий иш стажим 43 йил, яъни мен фабрикамизда у “Ўзсаламан” қўшма корхонасига айлангунича ҳам ишлаганман”, деди Муборакхон Тожибоева Озодликка.

Шикоятчиларнинг айтишича, Uzsalaman фабрикаси цехлари шу аҳволга тушиб қолган.
Шикоятчиларнинг айтишича, Uzsalaman фабрикаси цехлари шу аҳволга тушиб қолган.

Президентга мурожаат муаллифи фикрича, “Ўзсаламан” фабрикасида қалтис вазият уни янги инвестор сотиб олганидан сўнг пайдо бўлган. Хатда янги инвестор “фабрикага қарашли мулкларни сотиб юбораётгани”га оид иддаолар бор. Хат муаллифининг фикрича, “Ўзсаламан” акциядорлик жамияти акцияларининг деярли ҳаммасига эга бўлиб олган Собирҳожи фабрика ишини юргиза олмаяпти”. Ва шунинг учун, Муборакхон Тожибоеванинг фикрича, “фабрика давлат тасарруфига қайтарилиши лозим”.

Директор ва Ходимлар бўлими мудири Девонхона мудири иддаоларини рад этди

“Ўзсаламан”нинг шу кундаги эгаси эканлиги айтилаётган Собирҳожи Тошпўлатов Озодликнинг қўнғироқларига жавоб бермади. Бироқ корхона директори вазифасини бажарувчи Иброҳимжон Тешабев ҳамда Ходимлар бўлими мудири Қодир Содиқовлар Озодлик саволларига жавоб берди.

Директор в.б. Иброҳимжон Тешабоев Озодликка бундай деди:

“Шу кунда фабрикамизда 130 га яқин ишчи ишлаяпти. Илгари қанча ишчи бўлган бўлса, бугун ҳам шунча ишлаяпти. Бирор кишини қисқартирганимиз йўқ. Кунига 600-700 жуфт пойафзал ишлаб чиқаряпмиз. Йил бошидан бери тўхтаб қолганимиз йўқ”.

Иброҳимжон Тешабоев Муборакхон Тожибоеванинг шикоятларидан хабари борлигини билдираркан, бундай деди:

“Яқиндаям текширув келиб кетди. Билсангиз, корхонамизда илгари уч минг-тўрт минг одам ишлаган. Ўша даврда 12 та қоровул бўлган. Шунча қоровуллик штати сақланиб келаётганди. Янги инвестор ишлаб чиқаришимизнинг ҳозирги ҳажми учун бунча қоровулга эҳтиёж йўқ, деди. Зарур қоровуллик ўринларини сақлаб қолиб, қолганларини бўшатамиз, исташса цехда ишлашсин, деди. Шундан ваҳима кўтариб, турли идораларга шикоятлар ёзишяпти”.

“Ўзсаламан” фабрикаси Ходимлар бўлими мудири Қодир Содиқовнинг Озодликка айтишича, янги инвестор шу кунда 158 киши ишлаётган корхонанини ривожлантириш учун ҳаракат қиляпти:

“Ишчи қабул қиламиз, деган эълонларни бердик. Андозачиликка, тикувчиликка, тортувчиликка ишга қабул қиламиз, деб турибмиз. Янги инвестор янги ускуналар сотиб олиб келиб ўрнатяпти. Буюртмалар қилиб қўйган. Улар ҳам келади. Бир-икки ойдан кейин 80 тадан ортиқроқ янги тикув машиналари келади. Яқин вақт ичида 100 киши атрофида ишчи олишимиз мумкин. Иш ўринлари янги йилдан яна кўпаяди. Шу куннинг ўзида, аниқроғи машиналаримиз ўрнатилганидан кейин 20-30 кишини ишга олишимиз мумкин”.

"Uzsalaman" корхонаси ишчиларни ишга таклиф қилмоқда.
"Uzsalaman" корхонаси ишчиларни ишга таклиф қилмоқда.

“Ўзсаламан” фабрикаси ходимлар бўлими мудири Қодир Содиқов янги инвестор ҳақидаги гапларни кескин инкор қилар экан, бундай деди:

“Собирҳожи Тошпўлатов келганидан бери хом ашё вақтида келяпти, фабрика бетўхтов ишляпти, ишчилар ойликларини вақтида оляпти. Учинчи қаватимиз бўш эди. Ўша ерга янги машиналар ўрнатиляпти”.

"Uzsalaman" фабрикаси цехи. Суратни фабриканинг янги раҳбарияти тарафдори тақдим этди.
"Uzsalaman" фабрикаси цехи. Суратни фабриканинг янги раҳбарияти тарафдори тақдим этди.

Фабрика тарихи: 3 млн жуфтдан 150 минг жуфтгача

1969 йили фойдаланишга топширилган Фарғона пойафзал фабрикасида икки сменали режимда 2500 киши ишлаб, улар йилига 3 млн жуфт оёқ кийими ишлаб чиқарган.

1995 йили Фарғона пойафзал фабрикаси қошида Ўзбекистон-Германия “Ўзсаламан” қўшма корхонаси тузилган. Икки сменали режимда ишлайдиган корхонада йилига 500 минг жуфт оёқ кийим ишлаб чиқариладиган бўлган.

1999 йили фабрика бир сменали режимга ўтган ва ишлаб чиқариш ҳажми йилига 250 минг жуфт пойафзал қилиб белгиланган.

Корхона раҳбари Озодликка шу кунда фабрикада 600-700 жуфт оёқ кийим ишлаб чиқариляпти, деди. Шундан келиб чиқилса, “Ўзсаламан” бир йилда (247 иш куни) 148 200 – 172 900 жуфт оёқ кийим ишлаб чиқаради. Бу 1999 йили белгиланган кўрсаткичдан анча паст. Хўш нега?

Нега ишлаб чиқариш ҳажми бу қадар пасайиб кетди?

Бу саволга “Ўзсаламан” фабрикаси Ходимлар бўлими мудири Қодир Содиқов бундай жавоб берди:

“Ўртада қийинчиликлар бўлди. Хом ашё таъминоти ёмон бўлди. Илгари мутахассис бўлмаган одамлар бошқарган корхонани. Қарзимиз кўпайиб кетган. Ҳозирги кунда ҳаммаси изга тушиб кетди”.

Янги ташки қилинган даврда Асакадаги “ДЭУ” автомобиль заводи билан бир қаторда шов-шув бўлган корхонанинг бугунги аҳволга тушиб қолишини “Ўзсаламан”га алоқаси йўқ фарғоналик бошқа бир пойафзалчи ҳам фабрика бошқарувида мутахассислар бўлмагани, ҳозир ҳам йўқлиги билан боғлади. Исми айтилмаслик шарти билан гапирган пойафзалчи бундай деди:

Биринчи навбатда ишлаб чиқаришни юрита оладиган тадбиркор керак. Менинг ҳам цехим бор. 40-50 киши ишлатаман. “Ўзсаламан” қанча иш (оёқ кийими демоқчи – таҳр.) чиқаришини биламан. Фабрика 150 киши билан қанча иш чиқарса, мен ҳам 40-50 киши билан шунча иш чиқараман. Фабрика ҳали ўз эгасини топгани йўқ. Янги инвестор келди. Лекин атрофида ҳар хил гаплар жуда кўп. Агар ўша гапларга ишонилса, унинг мақсади фабрикани ривожлантириш эмасга ўхшайди. Фабрикани ривожлантириш учун ҳаракат қилиш керак, ишчиларни ҳам ўйлаш керак. “Ўзсаламан”да менимча, режим йўқ, система йўқ.

XS
SM
MD
LG