Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:52

“Рустамжон домла” ва Муфтий “сайлови”. Диний идора андижонлик имомнинг ишдан олинишини изоҳламаяпти


Рустамжон Ҳамидов (Сурат имомнинг Фэйсбук саҳифасидан олинди)
Рустамжон Ҳамидов (Сурат имомнинг Фэйсбук саҳифасидан олинди)

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги "Оққўрғон" жомеъ масжидида 20 йилдан ортиқ имомлик қилган Рустамжон Ҳамидов ишдан олинди.

Ижтимоий тармоқларда 15 сентябрь куни тарқалган видеода, имомнинг Диний идора қарори билан ишдан олингани ва унга янги вазифа берилгани айтилган. Аммо тармоқларда унинг мухлислари кутилмаган қарордан сўнг имом жамоатчиликка кўринмаётганидан хавотир билдиришмоқда.

“Рустамжон домла” номи билан танилган ва хайрия акциялари билан ном чиқарган андижонлик имомнинг вазифасидан четлатилиши Адлия вазирлигининг тармоқларда фаол уламоларни расман огоҳлантиришидан бир неча кун ўтиб юз бермоқда.

Озодлик билан суҳбатда, бу имомнинг андижонлик мухлислари водийда шуҳрат қозонган имомга нисбатан босим бошланган бўлиши мумкин, деган хавотирни билдирди.

Диний идорадан бу ҳақда изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, идорага яқин Озодлик манбасига кўра, Рустамжон домла ўз ихтиёри билан ишдан бўшаган ва айни пайтда Тошкентда. Озодлик домланинг ўзи билан боғлана олмади.


“Бошқа вазифа берилган”

2020 йилда Ўзбекистонда “Йил имоми” деб топилган андижонлик Рустамжон домла Ҳамидовнинг имомликдан кетгани ҳақидаги илк хабар 15 сентябрь куни қатор Телеграм-каналларда пайдо бўлди.

Хабарларга илова қилинган видеода вилоятнинг Балиқчи туманидаги “Оққўрғон” тумани масжиди аҳлига янги имомни тақдим қилиш жараёни акс этган.

Унда Диний идора номидан гапирган шахс Рустамжон домланинг имомликдан кетишини унга “бошқа вазифа берилгани” билан тушунтирган.

Намозхонлар жамоасининг имомнинг ўзи қаерда эканига оид саволларига жавобан вакил, Рустамжон домлага янги вазифа “кутилмаганда берилгани”ни айтган:

“Бизнинг диний идорамизнинг тизмидаги бошқа топшириқ билан ишга кетганлар ҳозир”.

Рустамжон домланинг Озодлик билан шахсини сир сақлаб гаплашган андижонликка кўра, ўшандан буён домла жамоатга кўриниш бермаган ва унинг нега имомликдан кетгани ҳақида уларда ҳеч қандай маълумот йўқ:

“Одатда, имом домла бошқа ишга ўтадиган бўлсалар, аввалдан маълум бўладику?! Ҳеч бўлмаса, домланинг ўзи билиши керакку?! Ҳеч гап йўқ эди ишдан кетиши ҳақида”.

Озодлик яқинлари берган телефон рақамлар орқали Рустамжон Ҳамидовнинг ўзи билан боғлана олмади. Андижон вилоят Бош имом-хатиблиги ва Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасидан бу борада ҳозирча бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ярим миллиондан ортиқ обуначи

43 яшар Рустамжон домла Ҳамидов сўнгги икки йилда ижтимоий тармоқларда катта шуҳрат қозонди. Унинг номига Телеграм тармоғида очилган каналда 570 мингдан ортиқ обуначи бор. Фэйсбук тармоғидаги саҳифада ҳам 70 мингга яқин фолловерга эга.

Яқинларига кўра, имом Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртини битирган. 20 йилга яқин Балиқчидаги масжидда имомлик қилиб келаётган эди.

Тармоқларда имомнинг диний мавзулар билан бир қаторда, асосан ижтимоий ва маиший масалалардаги чиқишлари кенг тарқалган.

Бундан ташқари, бу имом "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов ва “Эрк” демократик партиясидан номзод кўрсатилган Жаҳонгир Отажонов ҳақидаги зиддиятли чиқишлари билан ҳам шов-шув бўлганди.

Ўшанда имом, мухолифат етакчиларини "президентни ҳақорат қилди" деб қоралаган ва бу чиқиши билан тармоқларда мухолифат тарафдорларининг кескин норозилигига ҳам сабаб бўлганди.

Тошкентдаги диний нашрлардан бирида ишлайдиган журналистга кўра, имомнинг чиқишларида ҳукуматнинг диний сиёсатига зид келадиган катта масалалар кузатилмайди.

“Намоз ўқинг, рўза тутинг, хайр қилинг - шунақа масалалар, асосан. Унақа сиёсатга зид гапирмайди у киши. У кишини тармоқларда машҳур қилган нарса - хайрия ишлари. Бу имом хайрия йўли билан 400 га яқин эҳтиёжманд, қарамоғида етим болалари бўлган оилани кафилликка олган эди. Атрофида ўнлаб одам бор. Телеграм-каналиниям ўша гуруҳи юргизади. Кўрган бўлсангиз, каналида реклама кўп: соч ўстириш, аёлларнинг юзига табиий ниқоблар, оздирадиан майкалар, деган. Домланинг ўзи оддийгина шароитларда яшайди. Энди Ўзбекистонда биласиз-ку, ортиқча машҳур бўлиб кетиш зарарли. Назаримда секингина имомликдан олиб, четга суриб туришмоқчи шекилли. Бўлмаса, айтишарди-ку фалон масжидга имом бўлди ёки Тошкентга, Диний идорага ўтди, деб”, дейди шахси очиқланмаслигини сўраган тошкентлик журналист.

Расмий огоҳлантириш

Тармоқларда “Рустамжон домла” номи билан танилган ва хайрия акциялари билан ном чиқарган андижонлик имомнинг вазифасидан четлатилиши Адлия вазирлигининг тармоқларда фаол уламоларни расман огоҳлантиришидан бир неча кун ўтиб юз бермоқда.

7 сентябрь куни вазирлик мамлакатдаги диндорлар ва дин пешволари чиқишларида “шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари” аниқланганини хабар қилди.

Вазирлик баёнотида бундай ташвиқотларни кимлар юритгани очиқланмади, аммо жавобгарлик мавжудлиги эслатилди:

“Диний мавзуда чиқишлар қиладиган ва шу соҳада фаолият юритадиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”.

Расмий баёнотда мамлакат Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалигини, 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатлангани урғуланади.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева Озодлик сўровига жавобан Рустамжон Ҳамидовнинг ишдан олингани ҳақида вазирликда маълумот йўқлигини билдирди.

У имомнинг ишдан олинишини Адлия вазирлиги яқинда тарқатган огоҳлантиришга алоқадор эканига оид тахминларни ҳам инкор қилди.

Ўринбоева вазирлик тарқатган баёнотда тилга олинган конкрет ҳолатлар ва бундай ҳолатларга нисбатан жазо чоралари ИИВ ёки Бош прокуратура органлари томонидан мавжуд қонунчиликка асосан белгиланишини таъкидлади.

Адлия вазирлигининг огоҳлантириши ижтимоий тармоқларда айрим дин пешволарининг чиқишлари юзасидан баҳс ва эътирозлар кучайган паллада янгради.

Жорий йилнинг 27 июнида Тошкентнинг Чилонзор туманидаги бинолардан бирининг деворига Леонардо да Винчининг стрит-арт услубида ишланган “Мона Лиза” асари ўчириб ташлангани тўғрисида хабар қилинган.

Мустақил АsiaTerra нашри шу йил июнда бир гуруҳ диндорларнинг пойтахтдаги китоб дўконлари бўйлаб "рейд" уюштириб, Леонардо да Винчи ва Рембранд каби ғарб рассомлари ишлаган жаҳон санъати дурдоналари "ўзбек халқи учун ёт", деб қоралаганини хабар қилганди.

Муфтийликка ёпиқ танлов жараёни

Рустамжон Ҳамидовнинг имомликдан кетиши мамлакат мусулмонларининг янги раҳбари - муфтийнинг тайинланиши кутилаётган паллада юз бермоқда.

Айни жараён азалдан анъанадор ва энг диндор аҳоли яшайдиган Фарғона водийсида ном қозонган уламонинг истеъфоси муфтийлик танлови билан боғли бўлиши мумкин, деган фаразларни ҳам ўртага чиқарган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўтган ой вафот этганидан буён мамлакатда айни лавозими бўш қолмоқда.

Озодликнинг Мусумлонлар идорасидаги манбасига кўра, ҳозирча янги муфтийнинг ким бўлиши борасида ниҳоий қарор олинмаган:

“Ҳозирча, икки номзод тилга олиняпти - бири Тошкент бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров. Яна бири Ҳомидбек Ишматбеков, марҳум муфтийни ўринбосари. Иккиси ҳам жуда илмли ва обрўли домлалар. Лекин бошқа маълумот йўқ, мутлақ сукунат бу масалада”.

Бу икки кишининг номзоди муфтийликка кўрилаётганини тошкентлик журналист ҳам тасдиқлади:

“Муфтий танлови жудаям ёпиқ эшиклар остида ўтяпти. Асосан Нуриддин Холиқназаров, Андижоннинг собиқ бош имоми, ҳозир Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, шу киши ҳақида кўп бўлди. Кейин, Ҳомиджон Ишматбеков бўлиши мумкин, деган гапни ҳам эшитдим. Энди тепага ким маъқул бўлса, шуни танлаб, халққа эълон қилишади-да”.

Диний идора 6 сентябрь куни Нуриддин Холиқназаровнинг мамлакат муфтийси лавозимига тайинланганига оид тармоқларда тарқалган хабарларга расмий раддия берган.

Тошкентлик журналист Рустамжон Ҳамидовга берилгани айтилаётган ва ҳозирча расман очиқланмаган янги вазифа муфтий сайлаш-тайинлаш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ўтган ой 71 ёшида вафот этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов президент Шавкат Мирзиёевга яқин уламо бўлгани айтилади. Мирзиёев Самарқандда ҳокимлик қилган йиллар Алимов Самарқанд вилоятининг бош имом-хатиби бўлган.

XS
SM
MD
LG