Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

BBC: Толибон ичида жиддий келишмовчилик - Бародар ҳукумат таркибидан норози


Муваққат ҳукуматда деярли барча муҳим лавозимлар Толибон вакиллари ўртасида тақсимланган.
Муваққат ҳукуматда деярли барча муҳим лавозимлар Толибон вакиллари ўртасида тақсимланган.

Афғонистонни назорат қилаётган Толибон ҳаракати раҳбарлари ўртасида жиддий ихтилоф чиққан – бу ҳақда Би-би-си Толибоннинг муваққат ҳукумати ичидаги юқори мартабали манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Би-би-си паштун хизмати суҳбатдошларига кўра, президент саройидаги йиғилиш чоғида Толибон асосчиларидан бири, янги ҳукуматда бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган Абдул Ғани Бародар бошқа бир катта мансабдор – қочқинлар ишлари бўйича вазир ҳамда “Ҳаққоний тармоғи” ташкилотининг атоқли вакилларидан бири бўлмиш Халил Раҳмон Ҳаққоний билан тортишиб қолган.

Хабар қилинишича, иккала мулозим бир-бирига қаттиқ сўзлар айтган, даҳанаки жангга уларнинг Толибон ҳукуматидаги тарафдорлари ҳам аралашган.

Жанжалга Бародарнинг Афғонистон янги ҳукумати тузилмасидан норозилиги сабаб бўлгани айтилмоқда.

Иддао қилинишича, ихтилоф илдизи “толиблар ғалабасининг бош меъмори” деб аталишга ким кўпроқ муносиблиги тўғрисидаги баҳсларга бориб тақалади.

Манбаларга ишонилса, Бародар толибларнинг иқтидорга келиши – музокаралар ва дипломатия билан шуғулланганларнинг, яъни ўзи кабиларнинг хизматлари самараси, деб билади. Юқори мартабали толиблар бошқарувидаги “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳи аъзолари эса барча ишни уларнинг ҳарбий ютуқлари ҳал қилганини иддао қилишмоқда экан.

Айнан Бародар Толибоннинг АҚШ президенти билан тўғридан-тўғри музокара олиб борган биринчи юқори мартабали вакилидир: 2020 йилда у Дональд Трам билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Бунга қадар у Доҳада Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги битимга имзо чеккан.
“Ҳаққоний тармоғи” номи эса сўнгги йилларда Афғонистон қуролли кучлари ва уларнинг ғарблик иттифоқдошларига қарши амалга оширилган энг қонли ҳужумлар билан боғланади.

13 сентябрь куни Бародар Кобулдаги президент саройида юз берган отишмада ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этиб чиққан. Толиблар тарқатган аудиобаёнотда Бародар бу ҳақда матбуотда пайдо бўлган хабарларни "ёлғон ва пропагандист ОАВлар томонидан тарқатилган фейк" деб атаган.

Толибон муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосарининг ҳаракат ичидаги гуруҳлар орасида юз берган низода оғир яралангани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқлар ва Ҳиндистон матбуотида пайдо бўлган эди. Унда ҳукуматдаги ўринларни тақсимлаш чоғида Толибон ичида жиддий келишмовчилик келиб чиққани айтилади.

1968 йилда Ўрузғон вилоятида туғилган Бародар попалзай қабиласидан бўлиб, дурроний ёки Қандаҳор пушту тилида сўзлайди. Бародар Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай билан бир қабиладандир.

У Толибон мудофаа вазирининг ўринбосари ҳам бўлган.

АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябрь куни амалга оширилган террор ҳужумлари ортидан Бародар Афғонистондан Покистонга қочган.

Бародар 2010 йилда АҚШ ва Покистон разведка агентликлари томонидан Карачида ҳибсга олинган ва Покистонда саккиз йил қамоқда ўтирган. АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Залмай Ҳалилзод таклифи билан озодликка чиқарилганди.

2020 йилда АҚШ ва Толибон имзолаган битим Американинг энг узоққа чўзилган урушига якун ясаган эса-да, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Толибон бир неча ҳафта ичида мамлакатни қўлга олишига замин яратди.

7 сентябрь куни Толибон Афғонистонни "Исломий Амирлик" деб эълон қилди ва ўзининг муваққат ҳукумати таркибини тасдиқлади.

Ҳаракат етакчиси – 60 ёшли Ҳайбатуллоҳ Охундзода давлатнинг олий раҳбари деб эълон қилинди. Ҳукумат бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд тайинланди.

У шу пайтгача радикал ҳаракат шўроси (бошқарув кенгаши) раҳбари эди. Деярли барча муҳим лавозимлар Толибон вакиллари ўртасида тақсимланган.

Ҳозиргача биронта давлат толибларнинг муваққат ҳукуматини расман тан олгани йўқ. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Германияда дунёнинг 20 га яқин мамлакатлари вакиллари билан виртуал учрашувдан сўнг Толибон ҳукуматига унинг амалий ишларига кўра баҳо берилиши, легитим бўлиш учун “шунга муносиб иш кўрсатиш керак”лигини айтган.

Европа Иттифоқи эса, Толибон ҳукуматини “ноинклюзив” ва тор доирадаги одамлар манфаатларини ифодаловчи ҳукумат, деб атади. ЕИ толиблар аввал берган ваъдаларига вафо қилмади, деб ҳисобламоқда.

XS
SM
MD
LG