Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Таҳлил: Россия етакчилигидаги КХШТ Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлай оладими?


Июль ойи бошида АҚШ Афғонистонни тарк этар экан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга Москва куни келиб ўз қўшинларини Aфғонистонга қайта юбориши мумкинми, деб савол берилди. Лавров бу саволга жавоб берар экан, Афғонистон билан узун чегарага эга Тожикистонни тилга олди.

“Менимча, жавоб аниқ”, деди Лавров.

“Биз Тожикистон билан иттифоқдошмиз. Агар Тожикистонга ҳужум уюштирилса, албатта, бу КХШТда [Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида] кўриб чиқилади”.

Бу орада АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетишни якунлади, аммо Лавровга берилган ўша саволга аниқ жавоб бор, дейиш мушкул.

Толибон ҳокимиятга қайтиши ортидан КХШТ ўз аъзолари ва бутун Марказий Осиёни Афғонистондан келаётган ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилишда қандай роль ва аҳамиятга эга экани борасида кўплаб янги саволлар туғилди.

Россия АҚШ Марказий Осиёга яна қўшин юборишига тўсқинлик қилишини очиқ билдирган. Москва ҳатто Марказий Осиёга АҚШ қўшинларини жойлаштириш Афғонистонда Толибон ғалабасидан илҳомланган исломий экстремистларни минтақага жалб қилиши мумкинлигини айтган. Аммо, бир вақтнинг ўзида Москва ўз таъсир доираси ҳисобловчи Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашда етакчи ўринни эгаллашга ошиқмаяпти.

Бунинг ўрнига Кремль КХШТни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидламоқда. Москва ҳукмронлик қиладиган ташкилотга олти собиқ совет мамлакати аъзо бўлиб, Кремль ташкилот ёрдамида минтақадаги сиёсий манфаатларини ҳимоялаб келади.

“Иттифоқ сифатида у ишламайди”

1992 йилда ташкил этилган ташкилотга ҳозирда Россия билан бир қаторда Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон аъзо. Йиллар давомида Москва мунтазам равишда аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий интеграцияни чуқурлаштиришга интилди. Аммо аъзо давлатлар, айниқса, Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим ярим оролини аннексия қилиб олганидан кейин Москванинг асл ниятларига шубҳа билан қарай бошлаган.

НАТО сингари, КХШТнинг таъсис шартномаси ўзаро мудофаа бандига эга. Бу шарт бугунга қадар бирор марта амалда қўлланилгани йўқ.

Сўнгги ойларда Толибон Афғонистонни босиб олиб, Кобулга яқинлашар экан, Москва КХШТни шай ҳолатга келтирмоқчи бўлди.

Сўнгги ҳафталарда ташкилот Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда сессия ўтказди, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди. 16 сентябрь куни эса Душанбеда ташкилотнинг саммити бўлиб ўтади. Саммит давомида Афғонистон масаласида “қўшма чора-тадбир” кўриш муҳокама қилинади.

Гарчи КХШТ қоғозда НАТОга ўхшаши мумкин бўлса-да, ҳарбий мутахассислар гуруҳнинг таҳдидларга бир бутун ташкилот ўлароқ жавоб қайтара олишига жиддий шубҳа билдирмоқда.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр КХШТ ҳақиқий ҳарбий иттифоқ эмас, балки Москванинг бошқа аъзолари билан икки томонлама муносабатлари учун таъсир воситаси деб билади.

“Иттифоқ сифатида ишламайди у”, деди Фельгенгауэр Озодликка Москвадан телефон орқали берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, ташкилотга аъзо давлатга ҳужум қилинса, Москва Афғонистонга қўшин юбориши амри маҳол.

Ереванда жойлашган “Минтақавий изланишлар маркази” мустақил таҳлил маркази директори Ричард Гирагосян эса КХШТ “коллектив бирлик нуқтаи назаридан заиф ва хавфсизликни таъминлай олмаслигини”, айтди.

“КХШТ Россияга қарам. Бу эса шуни кўрсатадики, унинг ҳарбий салоҳияти Россия кучлари билан чекланади. Маҳаллий имкониятлар эса чегара хавфсизлигини таъминлаш билан чекланган”, дейди у электрон почта орқали Озодликка юборган мактубида.

Бу орада Толибон Тожикистонга ёки ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа чегарадош давлатга, хусусан, Ўзбекистон ва Туркманистонга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни бартараф этишга уринди.

Расмий равишда Россия томонидан террорчи ташкилот деб тан олинганига қарамай, Толибон расмийлари Москва билан музокаралар олиб борди ва бир неча марта Москвага хизмат сафари билан борди.

Фельгенгауэрнинг айтишича, Толибон бирорта Марказий Осиё чегарасини кесиб ўтишга уринмайди. Шундай бўлса-да, у минтақада маҳаллий аҳоли “қўллаб-қувватлашга мойил бўлиши” мумкин бўлган қўзғолон ва инфильтрация учун замин ҳохирлаши мумкинлигини қўшимча қилди.

“Россия чегарани ҳимоя қиламиз деб айтяпти, ва шундай қилади ҳам”, деди у.

Таҳлилчи Россия “ҳарбий масалалар бўйича қарор қабул қилишни КХШТ каби ташқи ташкилотга топширишга тайёр эмаслигини” қўшимча қилди.

Марказий Осиёда ҳарбий базалар

Фельгенгауэр Марказий Осиёда Россия ихтиёрида бир қанча стратегик актив, жумладан, Тожикистондаги йирик ҳарбий база борлигини урғулади. Унинг сўзларига кўра, Кремль бирор жиддий таҳдидга жавоб қайтариш учун Афғонистонда ҳаво ҳужумлари уюштириши мумкин.

Гирагосян КХШТ “Афғонистондан АҚШнинг чиқиб кетгани хавфсизликка кўрсатган салбий таъсирни юмшатишга ҳаракат қилаётганини” таъкидлади.

Ушбу мураккаб дипломатик мувозанатдан ва қайта тикланаётган Толибон ҳаракати туғдирадиган таҳдиддан ташқари КХШТ яна бир муҳим муаммога дуч келишини кутиш мумкин: Россия ва “Марказий Осиёнинг маҳаллий элиталари” ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви.

“КХШТ ўз таъсирини кўрсата олмай ёки ўз ролига ишонч қозона олмай келади”, деди Гирагосян .

Унинг фикрича, Россия яъзо бўлмаганида бу ташкилот эътибордан четда қолган бўларди.

XS
SM
MD
LG