Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

Коронавирус: Ўзбекистонда бир кунда 546 ҳолат ва янги чекловлар


Uzbekistan - quarantine
Uzbekistan - quarantine

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш холати кун сайин ортиб борар экан ҳукумат карантин чекловларини кучайтиришга қарор қилди.

Шу йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 26 июнь куни мамлакатда 546 кишида коронавирус аниқланган.

Бу жорий йил ҳисобидан қайд этилаётган энг юқори кўрсаткичдир.

Вазирликнинг билдиришича, авж олиб бораётган ҳолатларга жавобан автобус ва автоуловлар билан Тошкентга барча "кераксиз" кириш 28 июндан бошлаб икки ҳафта давомида чекланади.

Шунингдек, намозларни масжидлар ичида эмас, ташқарида ўқиш ва 65 ёшдан катта бўлганларга диний маросимларни уйда ўтказиш тавсия этилмоқда.

Кўнгилочар объектлар - ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари - кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилади.

Умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Жорий ҳафта Ўзбекистонда коронавируснинг “хитойча” ва “британча” штаммларидан ташқари COVID-19 нинг энг хавфли кўринишларидан бири бўлмиш “ҳиндча” штамми ҳам аниқлангани тўғрисида Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев podrobno.uz нашрига маълум қилди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вакциналар делта вариантига қарши ишлайди, аммо эмланмаган аҳоли орасида тез тарқалиш қобилияти туфайли эмлаш даражаси юқори бўлган мамлакатларда ҳам инфекциялар кўпаймоқда.

Марказий Осиёнинг бешта мамлакатида 70 миллион одам яшайди. Эмлаш даражаси пастлиги сабабли аҳоли юқумли касалликларнинг янги тўлқинига мойил.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Қирғизистон ва Тожикистонда эса бу кўрсаткич 1 фоиздан ҳам кам.

Туркманистон эса эпидемиологик чекловларни амалга ошираётган бўлса ҳам, пандемиядан бери бирорта ҳам COVID-19 касаллиги йўқлигини даъво қилмоқда.

Нефтга бой Қозоғистон ўз аҳолисининг қарийб 9 фоизини тўлиқ эмлаган.

Қозоғистон бу ҳафта делта вариантининг пойтахт Нур-Султонда тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди ва ҳукуматни касалхоналарни тайёрлашга чақирди.


XS
SM
MD
LG