Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Алишер Қодиров ЛГБТ шахсларни ёппасига мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилди


Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров
Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров

“Миллий тикланиш” партияси раҳбари, Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров гей, лесбиян ва трансгендер шахсларни фуқароликдан маҳрум қилишни ҳамда уларни мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Eurasianet” нашри ёзмоқда.

Қодиров 7 июнь куни “Alter Ego” YouTube каналига берган интервьюсида ЛГБТ шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиш бошқа мамлакатларни уларни бошпана билан таъминлашга мажбур қилишини айтди.

“Ижтимоий тармоқларда ушбу таклифни ёзганимда, 100 га яқин ЛГБТ шахс мен билан боғланиб, фикримга қўшилишларини айтишди. Улар Ўзбекистонни ЛГБТ одамларга бўлган муносабати учун қоралайдиган давлатлардан виза ололмаётганини айтишди”, деди Қодиров.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳуқуқ ташкилотларининг Жиноят кодексидан бир жинсли муносабатларни жазолайдиган моддани олиб ташлаш ҳақидаги чақириқларига эътибор бермай келади.

2020 йил март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида Тошкент вакили бундай қилиш “жамоатчиликнинг кескин қаршилигига” дуч келишини таъкидлади.

Расмий Ўзбекистонда “лесбиян, гомосексуал, бисексуал, трансгендер ва интерсекс ҳамжамият аъзоларини иш билан таъминлаш ёки уларга соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатишни чеклайдиган қонунлар йўқлигини" айтиб, Ўзбекистоннинг бу масаладаги позициясини ҳимоя қилди.

“Бундай турмуш тарзи исломда маъқулланмаслиги ва ўзбек маънавиятига мос келмаслигига қарамасдан, ушбу жамоага мансуб шахсларга нисбатан радикал чоралар кўрилмаган”, деди у.

Аммо бундай даъволар инсон ҳуқуқлари гуруҳлари хулосаларига зиддир. “Human Rights Watch” ташкилоти март ойида эълон қилган ҳисоботда интервьюлар ва видеоматериаллар таҳлили гей эркакларга нисбатан жисмоний ва руҳий қўрқитиш кампанияси олиб бораётганини кўрсатаётгани айтилди.

Гуруҳга интервью берган шахслар “гей бўлганликлари учун полиция ва нодавлат тарафлар томонида ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, таҳдидлар, товламачилик, психологик босим ва жисмоний ҳужумларга дуч келаётганликларини” таъкидлаган.

Март ойида содир бўлган воқеалар бунга яққол мисол бўлди.

28 март куни “Аллоҳу Акбар” деб ҳайқираётган ўнлаб одам Тошкентдаги Амир Темур хиёбонига йиғилиб, гўё ЛГБТ йиғилиши иштирокчиларини таъқиб қилди. Аслида тадбир K-Pop ва япон аниме комиксларининг ёш мухлислари учрашуви эди. Бунга қарамай, баъзи ёшлар ҳужумга учради.

Айнан ўша куни кечроқ Жиноят кодексининг айни жинсли шахслар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида бандини бекор қилишга чорлагани учун кескин нафратга йўлиққан блогер Миразиз Бозоров уйи олдида қаттиқ дўппосланди. Ҳужумчилар ҳануз топилгани йўқ, лекин Бозоровнинг ўзига бир нечта айблов, жумладан, туҳмат айблови қўйилди.

Қодиров берган интервьюси давомида ўзини ҳотамтой одам ўлароқ кўрсатишга уринди. Депутат Ўзбекистон ривожланаётган бўлса-да, мамлакатда одамларнинг ЛГБТ шахсларга муносабати “1000 йилдан кейин ҳам” ўзгармаслигини айтди.

“ЛГБТ одамлар зўравонликка дучор бўлади, аммо мен буни қўллаб-қувватламайман. Мен буни провокация деб биламан. Биз бу муаммони ҳал қилишимиз керак ва мен таклиф қилаётган ечим халқаро амалиётдир. Депортация билан шуғулланадиган 26 мамлакат мавжуд. Эрон ва Саудия Арабистонида улар ўлим жазоси қўлланилади”, деди у.

Қодиров гейлар, лесбиянлар ва трансгендерларни фуқароликдан маҳрум қилиш ва кейинчалик уларни депортация қилиш бўйича айнан қайси мамлакатлар расмий сиёсат юритаётганини аниқ айтмади. Шунингдек, у ўз таклифи амалда қандай ишлаши мумкинлигини ҳам тушунтирмади.

46 ёшли Қодиров 2019 йилнинг май ойидан буён “Миллий тикланиш” партиясини бошқариб келади. “Eurasianet” мақоласида сиёсатчи бугунга қадар ўзининг ошкора шовинистик чиқишлари билан танилгани эътироф этилди.

“Миллий тикланиш” Ўзбекистонда фаолият юритишига рухсат берилган беш партиянинг бири бўлиб, парламентнинг қуйи палатасида ўринлар бўйича иккинчи ўринда. Аммо бу партия қарор чиқариш жараёнига таъсир кўрсата олади, дегани эмас.

“Eurasianet” мақоласида эътироф этилганидек, Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи органи демократик процедураларга тақлид қилишдан бошқа нарса билан шуғулланмайди ва ҳақиқий сиёсат ишлаб чиқишда ҳеч қандай ташаббус кўрсатмай келади.

XS
SM
MD
LG