Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Эксперт: Хусусий станциялар қуришга изн берилмагунча электр ёзда ҳам тақчил бўлаверади


Мамлакатдаги энергетика инфратузилмаси эскириб кетганини президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам тан олган.
Мамлакатдаги энергетика инфратузилмаси эскириб кетганини президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам тан олган.

Кейинги кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ фонида яна электр энергияси тақчиллиги тўғрисидаги шикоятлар пайдо бўла бошлади.

Энергетика вазирлиги тақчилликни 1-3 июнь куни эсган қаттиқ шамол ва ҳавонинг исиб кетиши билан изоҳлади.

Энергетика масалалари бўйича эксперт фикрича, электр энергетикаси ишлаб чиқариш соҳасини монополиядан чиқариб, соҳага хусусий тадбиркорлар жалб этилмагунча, энергия қишда ҳам, ёзда ҳам тақчиллигича қолаверади.

Эксперт бундан икки йил муқаддам президент Мирзиёевнинг рухсати билан Тошкентда бошланган, бироқ монополист қўйган тўсиқлардан ўтолмаган бир лойиҳа тарихини айтиб берди.

Сояда 47°

“Бухоро вилоят, Қоракўл туман, Оқ-олтин МФЙ, Боғи эрам қишлоғида 5 июнь, соат 16.20 да термометр қуёшда 53° сояда 47° ни кўрсатди”. Бу хабарни Озодликка жўнатган қоракўллик ўз хабарига термометр суратини ҳам илова қилди.

Мана шундай шароитда электр тақчиллиги кузатилмоқда. Шу сабаб ҳатто "Ўзбекнефтгаз" корхоналари, газ конлари ва компрессор станциялари фаолияти вақтинча тўхтаб қолди.

4 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 22:16 да "Талимаржон ИЭС" энергоблоки авариявий тўхтагани сабабли "Ўзбекнефтгаз" объектларида электр узилиши кузатилди, дейилади "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати билдирувида.

Тармоқлардаги норозилик

Энергия тақчиллиги мавзуси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Блогер Хушнудбек Худойбердиев 5 июнь куни Twitterда “бир суткадан бери электр йўқ” деркан, Телеграмдаги Bakiroo канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакиров “Ўзбекистонликларнинг бутун қиш давомида сабрини синаган, ўтда ёнмас, сувда чўкмас Султонов (Энергетика вазири) ёзда ҳам тажрибаларини давом эттирадиган кўринади”, деб киноя қилди.

Вазирлик: Иссиқда электр йўқлигига иссиқ айбдор

Бу твитлардан бир кун олдин – 4 июнда Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларни икки сабаб билан изоҳлади.

Биринчи сабаб – шамол. Вазирликка кўра, 1-3 июнь кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида эсган кучли шамол дарахт шохларини синдирган, томларни учирган, синган шохлар билан учган томлар симларни узиб ташлаган.

Иккинчи сабаб – иссиқ. Натижада айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиб, носозликлар келиб чиқмоқда.

Бошқа изоҳлар

Вазирлик энергия таъминотида узилишлар бўлаётганини тан олиб турган бир пайтда “Тошкент вилоят электр тармоқлари корхонаси” АЖ мулозими 7 июнь куни Озодлик саволига жавобан нафақат Тошкент вилояти, балки бутун мамлакат учун жавоб берди:

“Электр энергияси таъминотида ҳеч қандай узилиш йўқ. Бутун мамлакат бўйича шундай. Илтимос, гапларимни қолдирмай беринг”, деди мулозим.

Истеъмолчилар жамиятлари федерацияси матбуот котиби Шерали Сатторовнинг 7 июнь куни Озодликка айтганлари Электр тармоқлари корхонаси мулозими айтган гапнинг мутлақо аксидир.

Шерали Сатторов Озодликка “Жамиятимизга келаётган шикоятларга таяниб айтишим мумкинки, айрим жойларда электр узилиши 8 соатгача чўзилмоқда”, деди. Лекин Федерация вакилининг айтишича, шу кунлардаги шикоятлар кўлами куз-қиш мавсумидагичалик эмас.

Истеъмолчилар федерацияси вакили таъминотдаги узилишларни энергетика инфрастуркуктурасининг эскириб кетгани билан изоҳлади.

Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканлигини давлат раҳбарининг ўзи ҳам 2020 йилнинг октябрида тан олган эди.

Эксперт фикри

Электр энергияси таъминотида юзага келган ёзги тақчилликни шарҳлаб беришни Озодлик энергетика масалалари бўйича эксперт, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаиновдан сўради.

Анвармирзо Ҳусаинов
Анвармирзо Ҳусаинов

Тошкент шаҳридаги узилишлар шу кунда катта зиён етказадиган даражада эмас. Масалан, мен яшайдиган Мирзо Улуғбек туман, Алпомиш маҳалласида май-июнда бир марта ҳам свет ўчмади. Узилишлар вилоятларда, айниқса, қишлоқларда, туман марказларида кучлироқ бўлиши мумкин”, деди эксперт.

Анвармирзо Ҳусаиновнинг фикрича, Ўзбекистонда электр энергиясига ёзги эҳтиёж катта эмас:

“Хонадонларда маиший техника кўпайиб кетди, деган фикрга ҳам қўшилмайман. Халқимиз дубайликларга ўхшаб кондиционер билан яшашга кўникмаган ёки ҳали ўрганмаган”.

  • Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталига кўра, 2019 йили ҳар 100 хонадонга 39 та кондиционер тўғри келган. Қиёслаш учун: телевизор 100 хонадонга 160 та, совутгич 106 та, енгил автомобиль 47 тадан тўғри келган.

Президент хусусий электр станциялари ҳақида гапирган эди

Ўзбекистон президенти 2020 йилнинг 29 декабрида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида “2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари, ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади”, деган эди.

Бу соҳада илгари силжиш сезиляптими? Бу саволга Анвармирзо Ҳусаинов бундай жавоб берди:

“Афсуски, жилиш йўқ. Электр энергетикаси ҳануз давлат монополияси бўлиб қолмоқда, Жаҳон молия бозорларидан миллиард-миллиард долларлик сармоялар жалб қилинаётгани, қўшма корхоналар тузилаётгани айтиляпти, лекин хусусий электр станциялари қурилаётганига оид мисолларни билмайман.

Айни пайтда, Анвармирзо Ҳусаиновнинг айтишича, кичик ГЭСлар масаласида силжиш бор:

“Сувнинг горизонтал оқимидан электр қуввати олиш технологиялари бўйича кичик ГЭСлар қуриляпти деган маълумотлар бор. Лекин классик ГЭСлар ва иссиқлик электр станциялари қурилишида ҳозирча хусусий секторга йўл йўқ. Бундай станцияларни қураман деган ўнлаб, юзлаб тадбиркорлар топилади”.

Тошкентда қурилмай қолган хусусий электр станция

Анвармирзо Ҳусаинов бундан икки йил муқаддам ўз ўғли бир ҳамкори билан хусусий электр станцияси қуришга бел боғлагани ва бундан нима иш чиққани, тўғрироғи, ҳеч қандай иш чиқмагани тўғрисида айтиб берди:

“2018 йили ўғлим Олмазор туман, Беруний маҳалласида шу маҳалла раиси билан электр станцияси қурмоқчи бўлди. Раис “Ўзбекнефтегаз”да раҳбар лавозимда ишлаган, катта мутахассис. Бу ташаббусга Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Техника университети ҳам қўшилди, чунки Беруний маҳалласи шу икки ўқув юртининг ўртасида жойлашган.

Тошкентнинг Олмазор туманида хусусий электр станцияси қуриш тўғрисида баённома.
Тошкентнинг Олмазор туманида хусусий электр станцияси қуриш тўғрисида баённома.

Станция бизга ниҳоятда зарур, дейишди. Чунки университет бюджети электр ҳақини тўлашга сарф бўляпти. Айниқса, иситиш ва иссиқ сув масаласи муаммо. Биз таклиф қилган станция электр энергияси, иссиқ (буғ} ва ёзда совуқ ҳаво (кондиционерлар учун) ишлаб чиқаради. Лойиҳани шахсан президент қўллаб қувватлаган. Протоколга қўл қўйилган. Ўзбекэнергонинг учта бошқармаси бошлиқлари ҳам қўл қўйган. “Ўзбекэнерго”га, шаҳар, туман ҳокимларига топшириқ берилган. Масала ҳал бўлиб қолган вақтда тўсиқлар кўпайиб кетди. Ўғлимга нисбатан бир қатор ишлар бошланди ва натижада истиқболли лойиҳа тўхтаб қолди”.

- Станцияни қуришга қонунлар изн бермадими ёки коррупцион тўсиқларми?

“Бу ерда, албатта, коррупцион тўсиқлар ҳам бўлди. Бироқ асосан монополиянинг манфаатларига дуч келдик. Бу ерда манфаатлар зиддияти, 90 фоиз манфаатлар зиддиятидир. Монополия ўз позициясининг бир парчасиниям хусусий тадбиркорга бермоқчи эмас. Биз қурмоқчи бўлаётган станцияда ишлаб чиқариладиган энергия “Ўзбекэнерго”никидан қарийб икки баробар арзон бўлишини улар билиб турибди. Боз устига бу кичик станция буғ ҳам чиқаради. Биз қурадиган станция шу пайтгача бозорни эгаллаб турган монополистга рақобатчи бўлади. Монополист шуни истамади. Биз қаттиқ ҳаракатлар қилдик. Ҳукуматга ҳам чиқдик. Лекин кейинчалик шундай тўсиқлар пайдо бўлдики, уларни босиб ўтиш имконияти йўқ”.

Президент изн бергани билан монополист қўйган тўсиқларни босиб ўтолмагани учун Беруний маҳалласида электр станциясини қуролмаган Анвармирзо Ҳусаинов, айтганларини мана бундай хулосалади:

“Бундай ишга йўл берилиши керак. Биттаси пайдо бўлса, бунга ўхшаган юзлаб корхоналар пайдо бўлади, натижада монополия синади ва энергия тақчиллигига барҳам берилади. Бу ишни биринчи раҳбаримизнинг ўзи, қонунчиларимиз қилмаса, бизнеснинг кучи етмайди”.

XS
SM
MD
LG