Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:34

Андижон: Ерлар ноқонуний сотилганини фош қилган депутатга жиноят иши очилди


Андижонлик депутатнинг сессия пайтида тинтув қилиниши иддао қилинган сурат. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг телеграм каналидан олинди.
Андижонлик депутатнинг сессия пайтида тинтув қилиниши иддао қилинган сурат. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг телеграм каналидан олинди.

Андижон шаҳар Кенгашининг 17 майда ўтган сессиясида тинтув қилинган ва депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган депутат Шуҳрат Каримовга нисбатан Жиноят кодексининг 228- (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 229- (ўзбошимчалик) моддаси билан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура 20 май куни маълум қилди.

Айни пайтда Адлия вазирлиги бу масалага муносабат билдирар экан "депутатни тинтув қилиш ва ўз ваколатларини амалга оширишга монелик қилиш ноқонуний" экани ҳақида ёзди.

Аввалроқ Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам депутат Ш.Каримовнинг тинтув қилиниши ва дахлсизлик мақомидан маҳрум этилишини танқид қилган эди. Мазкур мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Андижон шаҳар Кенгашининг 17 майда ўтган сессиясида прокурор тақдимномасига асосан “ерлар ноқонуний сотилаётганини фош қилиб, шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилган депутат Шуҳрат Каримовдан дахлсизлик мақоми олиб ташлангани” хабар қилинган эди.

Бош прокуратура ҳоким ва прокурор ҳимоясига чиқди

Бош прокуратуранинг 20 майда тарқатган расмий баёнотида билдирилишича, депутат Шуҳрат Каримов Андижондаги “Alliance R.C.” МЧЖнинг раҳбари ҳисобланади. Мазкур ширкат ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.

Бош прокуратурага кўра, “Alliance R.C.” МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йил 15 июлдаги қарори билан Бўстон даҳаси, Усмон Юсупов кўчасида жойлашган 4 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.

“Бироқ, “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.

Шу билан бирга, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган “Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи”ни соҳталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган.

Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.

Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн. сўм миқдорда зарар етказилган”,-дейилади баёнотда.

Шундан сўнг Андижон шаҳар прокуратураси 2021 йил 3 март куни “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228- (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 229- (ўзбошимчалик) моддаси билан жиноят иши қўзғатган. Айни пайтда жиноят иши Избоскан тумани прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда.

Адлия вазирлиги депутат дахлсизлигини эслатди

Адлия вазирлиги эса ўз расмий баёнотида депутатни тинтув қилинишини ва дахлсизлик мақомидан маҳрум этилиши ноқонуний равишда амалга оширилганини билдирмоқда.

Вазирликнинг таъкидлашича, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида“ ги қонунга асосан “ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади”.

Адлия вазирлигининг билдиришича, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги қарорига асосан маҳаллий Кенгашларнинг депутатларига сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилиши зарур. Андижонда 17 майда ўтган сессияда айни мана шу талаб бажарилмаган.

“Мазкур Кенгаш сессиясида депутатларнинг дахлсизлиги бузилиб телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган ҳамда айрим депутатлар тинтув қилинган”,-дейилади вазирлик баёнотида.

Адлия вазирлиги мазкур ҳолат бўйича ҳалқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига ҳамда Миллий гвардия Андижон вилоят Қўриқлаш бошқармасига тақдимномалар киритилганини ва унда келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўйилмаслиги ҳамда айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш сўралганини маълум қилди.

Коррупцияга қарши кураш агентлигининг баёноти

Андижонда “ер сотилишини фош этиб” прокурорнинг аттестациядан ўтказилишини талаб қилган депутат дахлсизликдан маҳрум қилингани “оқлаб бўлмайдиган ҳолатдир”. Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 18 май куни мана шундай баёнот тарқатди.

“Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимиз кун тартибидаги асосий масалаларидан бири бўлиб турган, бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилаётган бир пайтда бевосита коррупцияга қарши курашиш фаолияти билан шуғулланувчи идора томонидан коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиш ўрнига, унга нисбатан турли таъсир чоралари қўлланилаётганини оқлаб бўлмайди”,-дейилади агентлик баёнотида.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолат назоратга олинганини ва натижалари бўйича қўшимча ахборот берилишини ҳам маълум қилди.

Кушербаев: Депутатга тупуриб қўйибди

17 май куни бўлиб ўтган воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалтилганидан сўнг қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Андижонда ер сотувчиларнинг кирдикорларини фош қилиб юрган депутат прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди... Катта эҳтимол билан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқигаям тупуриб тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд "ўша" шахслар бўлиши керак”, деб ёзди ўз Телеграм каналида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев.

Андижон шаҳар кенгаши депутати, ҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиев: “Сессия кун тартибига ягона масала ҳокимнинг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутатни дахлсизлик ҳуқуқдан маҳрум қилиш эди”,-деган иддаони олға сурди.

Сайдали Мухторалиевнинг ёзишича, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 май куни ўтган сессиясига депутат Ш.Каримовни дахлсизлик мақомидан маҳрум қилиш тақдимномасини Aндижон шаҳар прокурори киритган. Ҳуқуқшуносга кўра, депутат Ш. Каримов Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилиб келган.

Депутатнинг яна бир ҳамкасби Жаҳонгир Жиянов Шуҳратбек Каримов Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаровнинг ер тўғрисида чиқарган қарорларига мунтазам қарши чиқиб келган ва Бош прокуратурадан шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган. Жиянов Каримовнинг дахлсизликдан маҳрум қилинишини айни мана шу ҳолат билан боғлайди.

2018 йил 22 январда президент фармони билан тасдиқланган давлат дастурига кўра, халқ депутатлари кенгаши ваколатларини кенгайтириш мақсадида 2018 йил 1 майга ҳокимнинг кенгаш раҳбари сифатида мақомини бекор қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрланиши лозим эди. Аммо лойиҳа ҳозирга қадар тайёрланган эмас.

Расмийлар амалдаги тартиб Конституцияда белгилаб қўйилган ҳокимият бўлиниш тамойилларига зид эканини тан олишган.

XS
SM
MD
LG