Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Қирғиз-тожик чегараси: Қонли тўқнашувлардан сўнг яхши қўшничилик савол остида


Қирғиз-тожик чегарасидаги Мақсат қишлоғида вайрон қилинган уйлардан бири - Қирғизистон, 4 май, 2021
Қирғиз-тожик чегарасидаги Мақсат қишлоғида вайрон қилинган уйлардан бири - Қирғизистон, 4 май, 2021

Узоқ пайтдан бери нотинч бўлиб келаётган қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги қонли тўқнашувлар минтақадаги вазиятни кескин ўзгартириб, икки давлатнинг ўзи ва бир-бири ҳақидаги қарашларини ўзгартириб юборди.

Чегарада 15 йил давомида кузатилган зўравонлик ҳолатлари ҳар сафар чекланган ҳудудда, чегаранинг тўлиқ белгиланмаган ёки умуман белгиланмаган қисмларида қарама-қарши томондаги қишлоқлар иштирокида содир бўлди. Зиддиятлар одатда сув манбалари яқинидаги қурилиш ишлари ёки йўллар, тўсиқлар ва деворларни қуриш ёки ўзгартириш уринишлари билан боғлиқ бўлди.

28 апрель куни бошланган навбатдаги тўқнашувлар аввалги можаролар сингари бошланди.

Бир гуруҳ тожикистонлик Қирғизистон ҳудудида жойлашган ва Қирғизистон ва Тожикистонга сув тақсимлайдиган станция олдида кузатув камераларини ўрнатаётган эди.

Воқеалар таниш сценарий бўйича содир бўлди: ҳақоратли сўзлар алмашилди, чегаранинг икки томонидаги қишлоқ аҳолиси йиғилди, тошлар отилди, воқеа жойига чегарачилар етиб келди ва отишма бошланди.

Сўнгги йилларда бундай тўқнашувларда ўт очилиши тобора одатий ҳолатга айланди, лекин одатда икки давлатнинг маҳаллий расмийлари тезда ҳодиса жойига етиб боради, жанжаллашаётган қишлоқ аҳолисини тинчлантиради ва оломон келган жойига қайтиб кетади.

Аммо Озод Европа- Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, 28 апрелда бошланган воқеалар бошқача ривожланди.

Сув тақсимлаш станцияси ҳудудида 29 апрель куни эрта тонгда отишма содир бўлди. Ҳар икки тараф бир-бирини отишмани бошлашда айбламоқда.

Бунинг ортидан Тожикистон кучлари чегаранинг бир-биридан ўнлаб километр масофада бўлган бир неча участкаси бўйлаб мувофиқлаштирилган ҳужум бошлади ва Қирғизистон ҳудудига кириб борди.

Қирғизистондаги ўндан ортиқ қишлоқ автомат, миномёт ва ҳаттоки ракета билан ўққа тутилди.

Ушбу қишлоқларнинг айримлари яқинида Тожикистон ҳарбий вертолётлари ҳавога кўтарилди. Тожикистон расмийлари улар ёрдамида жанглар натижасида Тожикистондан узилиб қолган жойлардан аҳоли эвакуация қилинганини билдирди. Аммо Қирғизистоннинг Ўртабўз қишлоғида олинган фотосуратларда фақат ҳужум вертолётларидан отиладиган ракеталар акс этган.

Қирғизистон қўшинлари қарши ҳужумга ўтди, Тожикистондаги баъзи қишлоқлар шиддатли ўққа тутилди. Қирғизистон қўшинлари Тожикистон ҳудудига вақтинча кириб боргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Чегара бўйлаб кузатилган онда-сонда ўқ отиш ҳолатларини ҳисобга олмаганда, жанглар ниҳоят 30 апрель куни тўхтади.

Аммо қурбонлар сони ва зўравонликлардан кўрилган зарар кўлами мисли кўрилмаган даражада бўлди. Камида 36 нафар қирғизистонлик ва 18 нафар тожикистонлик ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бундан ташқари, ўнлаб уй, дўкон ва бошқа иншоотлар вайрон бўлди ёки зарар кўрди, ўн минглаб одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Ҳар икки томон бири-бири қўшинларини вайронагарчиликда айблади.

Минтақадан келган хабарларга кўра, моддий йўқотишларнинг аксарияти Қирғизистонга тўғри келади.

Иккала мамлакат ҳам зўравонлик юзасидан бир-бирига қарши суд ишларини тайёрламоқда, аммо бу бирон натижага олиб келиши амри маҳол.

Қирғизистон ва Тожикистон қайсидир маънода ўхшашдир.

Иккала мамлакат ҳам деярли бир хил ҳудудга эга бўлган қашшоқ, тоғли мамлакатдир. Қирғизистонда тахминан 6,5 миллион, Тожикистонда эса 9,5 миллион аҳоли яшайди.

Тожикистон Афғонистон, Ўзбекистон ва Хитой билан чегарадош, Қирғизистон эса Қозоғистон, Ўзбекистон ва Хитой билан чегарадош. Қирғизистон ва Тожикистоннинг қўшнилари улардан анча катта, аҳолиси анча кўп, армияси анча қудратлидир.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўхшашликлар уларга ҳамкорлик қилиш ва яхши алоқаларни ўрнатиш учун асос бўла олади.

Аммо сўнгги жанглар ортидан мавжуд бўлган ҳар қандай биродарлик алоқалари йўқолди, чунки қирғизлар орасида Тожикистон Қирғизистонга ҳужум қилди, катта зиён келтирди, Қирғизистон эса бунга тўсқинлик қила олмади, деган фикр урчимоқда.

Бу кўплаб Қирғизистон фуқароси ғазабига сабаб бўлди.

Бошқа давлатлар юборган ҳамдардлик изҳорлари асосан Қирғизистонга қаратилди. Аммо Бишкек бундан кўпроқ нарсага умид боғлай олмайди, чунки вазият қай йўсинда кескинлашгани ва давлат мулозимлари орасида ким айбдор экани тўғрисида савол кўп.

1 май куни кечга яқин Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик хизматлари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимовлар томонлар ўт очишни тўхтатишга ҳамда қўшинларни чегарадан олиб кетишга келишиб олдилар.

Ташиев – Қирғизистоннинг янги президенти Садир Жапаровнинг эски дўсти; унинг хавфсизлик хизматлари раҳбари этиб тайинланишида бу муносабат муҳим роль ўйнади.

2 май куни Ташиев Қирғизистон мамлакатга етказилган моддий зарар учун Тожикистондан товон пулини олиш учун даъво қилмаслигини айтди. У чегаранинг 112 километрлик қисмини белгилаш бўйича келишув 9 майга қадар тайёр бўлишини қўшимча қилди.

Бу қувончли янгилик бўлган бўлар эди, чунки бундай можаролар деярли ҳар доим чегарадаги низо билан боғлиқдир. 970 километрга чўзилувчи қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 450 километри ҳали ҳам белгиланмаган.

Аммо Ташиев чегара масаласида подадан олдин чанг чиқариб келади.

У март ойи охирида Ўзбекистонга қилган ташрифидан сўнг, Ўзбекистон билан чегара масаласи «100 фоиз» ҳал қилинганини таъкидлади. Аммо Қирғизистоннинг чегарада жойлашган қишлоқлари аҳолиси шартномада белгиланган ер алмашиниш таклифларига рози бўлишдан бош тортар экан, Ташиевнинг ваъдалари амалга ошмай қолди.

Ташиев, шунингдек, 28-30 апрель кунлари бўлиб ўтган жанглар олдидан чегарадаги вазият ёмонлашаётгани ҳақида маълумот олганини айтди. Бу эса у можаро содир бўлиши мумкинлигини олдиндан била туриб, унинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаганини англатади.

Бундан ташқари, Ташиев Қирғизистондан нима учун 28 апрелда чиқиб кетганини аниқ тушунтириб беролмади. Хабарларга кўра, у чет элга даволаниш учун отланган бўлган, аммо ижтимоий тармоқларда улашилган постларда у ўғлининг туғилган кунини нишонлаш учун Испанияга боргани тахмин қилинди.

Қирғизларнинг мамлакатнинг янги президентидан ҳафсаласи пир бўлган бўлиши мумкин.

Жапаров Қирғизистон қудратли давлат бўлиб етишиши ҳақидаги популистик ваъдалар билан ҳокимият тепасига келди. Бундай ваъдалар унинг кўп сонли миллатчи тарафдорларига мойдек ёқди.

Президент давлат телевидениесида тинчликни сақлашга ва Тожикистон билан алоқаларни тиклашга чақирди. Бу эса Қирғизистон чегарада содир бўлган воқеаларни қабул қилиб, индамай давом этишга мажбурлигини англатади.

Қирғизистон ва Тожикистонда тарқалган яна бир миш-миш Бишкек учун муаммолидир. Эмишки, жанглар бошлангандан кейин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бошида Жапаровнинг телефон қўнғироқларини қабул қилишдан бош тортган.

Жапаров ва бошқа расмийлар минтақани қайта тиклашни молиялаштиришни ва вайрон бўлган қишлоқларни тиклашни ваъда қилишди. Шусиз ҳам қарзга ботган Жапаров учун бу ваъда устидан чиқиш мушкул бўлади.

Қирғизистон ҳукумати жангларда зарар кўрган ёки вайрон бўлган уйларни, ёқилғи қуйиш шохобчалари, дўконлар, мактаблар ва бошқа иншоотларни тўлиқ тиклаш учун қаердан маблағ олишини айтиш қийин. Шунингдек, улар одамларга йўқолган чорва моллари учун товон пулини тўлашлари керак. Бу масала ҳали муҳокама қилингани йўқ.

Буларнинг барчаси Қирғизистон ишсизлик ва инфляция даражасининг кўтарилишидан тортиб, қурғоқчилик ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий муаммоларга қадар бошқа кўплаб қийинчиликларга дучор бўлган бир пайтда содир бўлди.

Айни пайтда, Тожикистонда аҳолига ёқмай бораётган автократик президент чегара тўқнашувларида мамлакат ҳарбийлари ўзини кўрсата олганидан фойда кўришга тайёр кўринади.

Раҳмон бир неча йилдан бери мустақил матбуот ва мухолифат гуруҳларини тор-мор қилиш учун курашиб келади. Бу орада унинг оиласи ўртача ойлик иш ҳақи 100 доллардан кам бўлган мамлакатда улкан бойлик тўплади.

Бундан ташқари, 70 га тўлай деб қолган Раҳмон катта ўғли Рустам тожиклар томонидан қабул қилинишига умид қилиб, уни президентлик лавозимини эгаллашга ҳозирламоқда.

Чегарадаги сўнгги воқеалар унинг рейтингини кутилмаганда ошириб, Тожикистонда сулола яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини енгиллатиши ва тезлатиши мумкин.

XS
SM
MD
LG