Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:44

ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилган блогер Миразиз Бозоров уй ҳибсига олинди


Миразиз Бозоров  28 март оқшомида Тошкентдаги уйи олдида  қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилганди.
Миразиз Бозоров  28 март оқшомида Тошкентдаги уйи олдида  қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилганди.

Ўтган ой Тошкентдаги уйи олдида дўппослаб кетилган блогер Миразиз Бозоров уй ҳибсига олинди.

Бу ҳақда Озодликка Бозоровнинг адвокати Сергей Майоров маълум қилди. Адвокатнинг билдиришича, Бозоровга бошқалар билан мулоқот қилиш тақиқланган.

Уй ҳибси эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги қарор қайси суд томонидан чиқарилгани маълум эмас. Бозоров Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-банди ("Ғаразли мақсадда туҳмат уюштириш") ҳамда 140-моддаси ("Ҳақорат")да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланмоқда.

Адвокати Сергей Майоровнинг Озодликка маълум қилишича, Бозоров 29 апрель куни шифохонада чиқарилган ва шу куннинг ўзида тергов қилиш учун Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган.

“Ҳозир Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида уни сўроқ қилишяпти, ҳибсга олиш масаласи кўриляпти”, - деб айтган эди аввалроқ Сергей Майоров.

30 яшар Миразиз Бозоров тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган танқидлари ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи чиқишлари билан танилган.

Адвокат Сергей Майоровнинг сўзларига кўра, айбловга блогернинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари асос қилиб олинган. Айбдор деб топилгани тақдирда, Бозоров уч йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Бир ой аввал қора ниқобли одамлар ҳужум қилиши ортидан блогер оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилганди.

Яқинларига кўра, шундан буён Бозоров касалхонада “қаттиқ режимда" ушлаб турилган. Тошкентлик фотожурналист Темур Карповнинг айтишича, 29 апрель куни врачлар касалхонадан чиқишига рухсат беришган ва ИИБ ходимлари уни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига олиб кетишган.

“Бир ой ёнига ҳеч кимни киритишмади. Доим икки милиция ходими палата эшиги олдида турди. Бугун ГУВДга олиб кетишди. Уни худди менинг онамга (фотожурналист Умида Аҳмедова-таҳр.) қўйилган моддалар бўйича айблашяпти”, - дейди Карпов.

ТикТокда жойлаштирилган видео

Адвокат Сергей Майоровнинг Озодликка айтишича, блогерга жиноий айбловлар учун унинг ўтган йил октябрида ТикТокда айтган “Мактаб-эски қуллар ва омадсизлар, ёш авлодни қул ва омадсиз бўлишга ўргатадиган жой”, деган гапи асос қилиб олинган.

“Биздаги маълумотларга кўра, бу иш Тошкент шаҳридаги 110-сонли ўрта мактаб ўқитувчиларининг даъвосига биноан бошланган, улар Бозоровнинг ўтган йил октябрида ТикТокда жойлаштирган видеоларидан бирини кўтаришган”, - дейди Майоров.

Халқ орасида “президент мактаби” деб ҳам аталувчи Тошкентнинг Миробод туманидаги 110-сон мактаби раҳбариятидан уларнинг блогерга эътирозлари ҳақида изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Мактаб сайтидаги телефон рақамига кун давомида қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Таниқли миллиардер Алишер Усмонов ўқиган ва таъмирлаб берган Тошкентдаги 110-мактабда шу ой ўрталарида ЛГБТга қарши кураш сифатида ўқувчиларнинг пайпоғи калта-узунлиги текширилгани тармоқларда муҳокама қилинганди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева блогер Бозоровнинг чиқишларида ҳақорат унсурлари йўқлигини айтади.

“Мактаб муаллимлари блогернинг бу гапида ўзбек халқининг урф-одатлари, анъана ва менталитетига ҳақорат унсурларини кўришган гўё. Лекин, бу блогернинг нуқтаи назари, у ерда ҳеч қанақа ҳақорат ҳам йўқ, сўкиниш ҳам йўқ. Бундай умумий изоҳ учун блогерни жазолаш ҳеч бир қолипга сиғмайдиган ҳол”, - дейди Атаева.

Блогерга ҳужум

Миразиз Бозоров 28 март оқшомида Тошкентдаги уйи олдида қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилганди. У оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Шу куни ижтимоий тармоқларда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган ўнлаб одам Амир Темур ҳиёбонига йиғилган баъзи одамларни калтаклагани акс этган видеолар тарқалди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган фаоллар калтаклаш “атайлаб уюштирилган бўлиши” эҳтимолини назардан қочиришмайди.

Миразиз Бозоровнинг ўзи 28 март оқшомида, калтакланишидан бир неча соат олдин Озодликка Амир Темур хиёбонида ўтказилиши режалаштирилган тадбирнинг ЛГБТга мутлақо алоқаси йўқлиги ва бу каби тадбирлар аввал ҳам қаршиликсиз ўтказиб келинганини айтган. У ўзининг гетеросексуал эканлигини ҳам қўшимча қилган.

Миразиз Бозоров калтакланишидан олдин ҳам ўзи ва яқинларига таҳдидлар бўлганини айтган.

Март ойида Бозоров ўзининг ТикТок ва Телеграм-каналларида ўзи, онаси ва қаллиғига Интернет, телефон орқали кўп сонли ўлим билан таҳдидлар қилингани ҳақда шикоят қилган.

“Милиция 28 март куни унга қилинган ҳужум бўйича тергов бошлаган, аммо шу бугунгача ҳеч кимга айблов қўйилмаган. Қайтанга блогерни ўзига жиноят иши очиляпти. Бу ерда Бозоровга қарши ҳукумат миқёсида уюштирилган провокациянинг хиди келяпти. Президент эса мум тишлагандай жим. Аҳир бўлаётган бу холат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги юзасидан берган ваъдалари шунчаки хўжакўрсин эканини яна бир бор тасдиқлаяптику”, - дейди Атаева.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек АҚШ ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари Миразиз Бозоровга ҳужумни қоралаб чиқишган ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирганлар.

Ўзбекистоннинг ўзида матбуот Бозоровни миллий ва диний қадриятларга қарши иғвогарлик ҳаракатларида айблаган.

XS
SM
MD
LG