Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:32

Аҳоли даромадлари тушиб кетган Ўзбекистонда ўсаётган ягона нарса: Нарх-наво


Ўзбекистонда сўнгги 1 ой ичида, аҳоли кундалик равишда кенг истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса ўсимлик ёғи, картошка, шакар, гўшт нархи муттасил кўтарилиб бораётгани кузатилмоқда.

Ҳар йили баҳор мавсуми ва Рамазон ойида озиқ овқат нархининг ошиши кузатилади. Аммо бу йил пандемия боис, дунёда ортаётган нарх-наво ҳамда мамлакатлараро савдо алоқаларининг чеклангани бозор нархига кескин таъсир қилган.

Сенат раиси бош прокурордан кундан кунга ошиб бораётган ёғ ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини назоратга олишни сўради. Аммо иқтисодчиларга кўра, ҳукумат кўраётган маъмурий чоралар бозордаги нарх ўсишини тўхтатмайди, аксинча тезлаштиради.

Барқарор ўсиш

Озодликнинг Тошкент бозорларидаги нархларни ўрганган мобил мухбирига кўра, шу кунда нархи драматик тарзда ошиб бораётган озиқ-овқат маҳсулотлари - кунгабоқар ки пахта ёғи, картошка, шакар ва гўшт бўлиб қолмоқда.

Бошқа озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархида ҳам 5 фоиздан - 15 фоизга қадар ўсиш бор.

27 апрель куни Тошкент бозорларида хусусан, гўштнинг ўртача нархи: суякли мол гўшти 68-70 минг, лахм мол гўшти 75 минг, қўй гўшти 70 минг - 75 минг бўлди.

“Гўшт нархи стабил ўсяпти. Ўтган йили шу пайтда 50 минг - 55 минг бўлган суякли мол гўшти ҳозир 68-70 минг бўлди. Ёмон тарафи гўшт нархи ошгандан кейин тушмайди. Уни сунъий равишда арзонлатиб ҳам бўлмайди. Эсингизда бўлса, уринишди бунга. Лекин иш бермади”, дейди мобил мухбир.

Шу кунларда бозорда картошка нархи ҳам қиммат - ўртача йирикликдаги эски картошка (ўтган йилги ҳосил) 10 минг сўм.

“Ўтган йили шу пайтларда 1 ярим минг сўмга ҳам олса бўларди. Аҳоли энг кўп харид қилаётган маҳсулот, ёғ ва ундан кейин, картошка. Ҳозир янги картошка чиқишни бошлади, бу ёғига маҳсулот кўпайиб, нарх ҳам тушиши керак аслида. Лекин бу йил нарх жуда тушиб кетмаса керак, чунки ўтган йили ҳосил бўлмаган. Бу йил ҳам баҳор совуқ келди. Ҳозир бозорда Покистон, Россия, ҳатто Эрондан келган картошка ҳам бор”, дейди Тошкент бозорларини кезган мобил мухбир.

Харидорларни қийнаётган яна бир қиммат маҳсулот шакар бўлиб қолмоқда.

“Шакарнинг ўртача нархи 8200 - 8300 минг сўм. 1 ярим ойча олдин 7500 - 8000 сўм эди. Аслида мураббо мавсуми келяпти, шакар нархи ошади. Бу йил қулупнайлар ҳам ўтган йилгига қараганда анча қиммат нарх билан бошлади - янги чиққанда 200 минг сўм, саралари 300 минг сўм бўлди, ҳатто. Ҳозир анча тушиб қолди, 60 минг, сараси 100 минг сўм. Тунов куни Чирчиқдан келяпман, йўл четида туриб сотаётганлар килосига 60 минг сўм, дейди. Раҳмат бозордан оларман, дедим”, дейди мобил мухбир.

Апрель ойи ичида кунгабоқар ва пахта ёғи - нархи ҳам 30 - 38 фоизгача ошиб кетган энг қиммат ва энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулот бўлиб қолмоқда.

“Кунгабоқар ёғи 1 ой олдин 1 литри 20 минг сўм эди. Рамазон ойининг бошида, бирдан 24 минг сўм ҳам бўлди. Ҳозир 22 минг сўм. Ёғни нархини ҳукумат назорат қилишга уриняпти, прокуратура ҳам аралашган. Шунга стабил 22 минг сўм бўлиб турибди”, дейди бозорлардаги нархни ўрганган мобил мухбир.

Мутахассислар айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 34 фоизгача кўтарилганини айтмоқда. Айни пайтда, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам 5 - 10 фоиз атрофида ошгани кузатилмоқда.

Пандемия, Рамазон, баҳорги “илик узилди”

Бозордаги сотувчилару ўзбекистонлик иқтисодчилар ҳар йили баҳор ойларида маҳсулотлар қимматлаши кузатиладиган бозорлардаги нархга бу йил комплекс омиллар таъсир кўрсатаётганини айтмоқдалар.

“Эски жўва“ бозорида қуруқ мева сотадиган сотувчи бу сабабларни соддагина қилиб шундай ифодалади:

“Пандемия - ўтган йилидан бери бир текисдан нархларни оширяпти. Кейин Рамазон ойи бошланди, бундан ташқари ҳар йили баҳорги “илик узилди” пайтида нархлар ошади ўзи. Дунёда ҳам пандемияни деб нарх ошган, дейишяптику. Бу йил бозорда аҳвол оғир. Қуруқ мевалар ҳам 100 сўм - 200 сўм ошди. Куздан бошлаб, қуруқ меваларам ошиб кетади, кўрасиз. Чунки, бу йил меваларни совуқ урди, ҳали мева-чеваям мўл кўл бўлмайди бу йил”.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек, Ўзбекистон бозорларидаги нархлар мавжуд вазият ва оғир иқтисодий аҳвол билан боғлиқ қатор омилларга боғлиқлигини айтади:

“Биринчи навбатда мавсум, ўтган йилги заҳиралар тугаб, янгиси чиқиб улгурмаган пайт. Иккинчидан, пандемия боис, таъминот занжирида бўлган узилиш ёки чекловлар сабаб танқисликлар юз берди ўтган йили, айримлари ҳануз давом этяпти. Бундан ташқари, инфляциянинг кескин ўсиши ёки божхона чекловлари, импорт чекловлари. Яъни, ҳозир бозор ҳар томондан босим остида қолган ва бу табиийки, нархда акс этяпти. Яъни, ёғ ёки гўшт нархи пандемия сабаб ёки фақат импорт қисқаргани сабаб ошди, деб айтолмаймиз”.

Иқтисодчи, бундан ташқари, мамлакатда йиллардан буён бозорнинг эркинлашишига йўл қўймаётган монополия ва ҳукуматнинг монопол гуруҳларни қувватлаб келиши муаммосини яна қайд этди:

“Масалан, гўштни олсак. Қозоғистондан қорамол импорти қисқарди, бу нарх ошишига сабаб бўлган битта омил. Бу йил ем-ҳашак қимматлади, шунинг учун воҳада ҳам чорва масаласи оғирлашди, бу ҳам. Айни пайтда, чорвага ем таъминоти - масалан, узоқ йиллар давомида алоҳида ширкатларга рухсат ва имтиёзлар берилди. Исталган ҳажмда фақат алоҳида ширкатлар олиб келарди. Бунақа ширкатларнинг рўйхати бор эди. Ҳозир вазият сал ўзгарган бўлса ҳам, лекин бозорда 100 фоиз рақобат муҳити, ширкатлар орасида эркин рақобат муҳитини ҳали бери кўрмайдиганга ўхшаб турибмиз”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:53 0:00
Бевосита линк

529 турдаги маҳсулот импортига тақиқни бекор қилиш сўралмоқда

Аммо қўмита тилга олган омилларни қайд этаётган мамлакатдаги қатор иқтисодчилар, аслида айнан бирламчи истеъмол товарлари импортига чекловни бекор қилиш ва бу соҳани эгаллаб олган монопол ширкатларга зудликда барҳам бериш зарурлиги, акс ҳолда аҳвол ўта оғирлашишини айтмоқдалар.

Жумладан, Kun.uz нашрига интервью берган қтисодчи Отабек Бакиров, 500 дан ортиқ импорт товар ва хизматларни давлат харидлари сифатида сотиб олишга қўйилган тақиқ ҳам бугунгги кунга келиб бозорда нархлар ошишига таъсир қилганини таъкидлайди.

Жорий йил, 29 январь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси 41-сонли қарори билан 529 турдаги импорт товар ва хизматларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга чеклов ўрнатилди.

Бу маҳсулотлар рўйхатида, шу кунда бозорда нархи жуда юқори бўлиб турган кунгабоқар, пахта, зайтун ва арахис ёғлари киритилган.

“Бизда ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпи билан 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқаради, аҳолининг талаби эса 400 минг тонна. Бундан ташқари, таркибига ўсимлик ёғи солинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, ошхона ва ресторанларнинг ҳам талаби бор — тахминан 250 минг тонна. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жами 650-700 минг тонналик талабнинг, энг кўпи билан, хомашё етарли бўлса, 300 минг тоннасини қоплай олади, холос. Шундай шароитда чеклов киритишнинг ўзи нотўғри эди”, деди маҳаллий нашр билан суҳбатда Бакиров.

Ўсимлик ёғи масаласидаги кризисни шарҳлаган иқтисодчи, импорт чекловини бекор қилиш билан бирга, мамлакат бозорларидаги нархларни маъмурий йўл билане тартибга солиш уриниши ҳам тескари натижа беришидан огоҳлантиради:

“Энг асосийси, ўсимлик ёғи нархларини маъмурий йўл билан чеклашдан тийилиш керак. Ишлаб чиқарувчиларга ҳам, воситачи, улгуржи сотувчиларга ҳам, импортчиларга ҳам, чакана сотувчиларга ҳам нархни чеклаш борасида вазифалар қўйилиши, босим уюштирилиши фақат тескари самара беради, нарх ўсишини янада тезлаштиради”.


Нарх-навони Прокуратура, Марказий Банк ва Сенат назорат қилмоқчи

23 апрель куни Сенатнинг 14-ялпи мажлисида, раис Танзила Норбоева аҳолида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса ёғ нархининг ошишига норозилик кучайиб бораётганини тилга олди.

Бозорлардаги нархлар масаласи алоҳида муҳокама қилинган йиғилишда Норбоева ижтимоий тармоқларда акс этган норозликни алоҳида таъкидларкан, бош прокуроридан нарх-наво назоратга олишни сўради.

Шу йиғилишда чиқиш қилган Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевлар, озиқ-овқат нархларини ушлаб туриш учун давлат сиёсати даражасида ягона чора дастурлар пакети ҳозирланаётганини билдирди.

24 апрель куни Сенат ўсимлик ёғини ҚҚС-қўшилган қиймат солиғидан 8 ойга озод қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Расмий маълумотга кўра, ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда кунгабоқор ёғи нархи ўртача 38 фоизга қимматлаган.

Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фикрича, жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари, шу жумладан ёғ нархи кўтарилгани маҳаллий савдо ташкилотлари учун нархлар паст даврда олиб келинган маҳсулотни ҳам қиммат сотишга баҳона бўлмоқда. Федерация вакили, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бир кеча-кундуздаёқ нархларни кескин кўтариб олаётганини айтаркан, "уларнинг нархни ошириб олишига асос йўқ", деди.

Айни пайтда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси баёнотича, "ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши" сабаб бўлмоқда.

Ҳозир дунё бўйлаб коронавирус пандемияси билан курашаётган кўплаб иқтисодий заиф давлатларда - иқтисодий таназзул, ошиб бораётган талаб ва нобарқарор таъминот занжири туфайли - озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин кўтарилди.

Баъзи мамлакатларда эса пандемия туфайли мушкул аҳволга тушиб қолган харидорлар учун инфляция “дард устига чипқон” бўлмоқда.

Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу йилги нарх ўсиши аҳоли реал даромадларининг кескин тушиб кетиши манзарасида рўй бермоқда.

XS
SM
MD
LG