Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

Ҳужумга учраган Аллақуловнинг ўзи “майда безорилик”да айбланмоқда (ВИДЕО)


‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси, профессор‌ ‌Хидирназар‌ ‌Аллақулов‌.
‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси, профессор‌ ‌Хидирназар‌ ‌Аллақулов‌.

Ўзбекистонда‌ ‌янги‌ ‌таъсис‌ ‌этилган‌ ‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси, профессор‌ ‌Хидирназар‌ ‌Аллақулов‌ “майда безорилик”да айбланмоқда.

20 апрель куни Юнусобод туман маъмурий ишлар судида бошланиши режаланган суд мажлиси бир кунга кечиктирилди.

31 март куни Аллақулов уйига босқин уюштирганлар унинг ўзини “майда безорилик”да айблаб, судга мурожаат қилган.

Аллақуловга кўра, айни пайтда ушбу босқин борасида унинг ИИБга берган аризаси жавобсиз қолмоқда.

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган. Унда профессор Аллақулов партия раиси этиб сайланган.

Ҳужумга учраган Аллақуловнинг ўзи “майда безорилик”да айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:29 0:00

20 апрель куни пойтахтнинг Юнусобод туман маъмурий ишлар судида ўтиши белгиланган Хидирназар Аллақулов иши бўйича суднинг дастлабки мажлиси қолдирилди.

Аллақуловнинг Озодликка айтишича, суд бир кунга кечиктирилган:

“Бугун суд бошланмади. Соат 16:00га чақиришганди. Борсам, эртага қолдирилди, дейишди. Эртага соат 16:00да бошланаркан”.

Аллақуловга кўра, 31 март оқшомида уйи йўлагида унга босқин уюштирганлар унинг ўзини судга берган.

“Ўша куни уйим олдида 20га яқин шахс менга ҳужум қилиб, 40 минут давомида бақир-чақир қилиб, мени ҳақоратлаган эди. Энди уларнинг ўзи мени судга берибди”,- дейди Аллақулов.

Х. Аллақуловга кўра, ўша куни номаълум шахслар профессордан сиёсий фаолиятини тўхтатиш, Юнусобод 17 мавзеда партия учун ижарага олинган идорани бўшатиб қўйишни талаб қилганди.

Аллақулов уйи йўлагида босқинга учради - ундан партия ижарага олган идорани бўшатиб қўйиш сўралди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:36 0:00

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси яъни “майда безорилик” бўйича айблов илгари сурилган.

“Мен уларни ҳақорат қилган эмишман. Лекин ўша кунги ҳолат бошидан охиригача видеога олинган. Мен бу видеони ИИБга берганман”, дейди Аллақулов.

Профессорнинг айтишича, 31 март кунги босқин бўйича унинг ўзи ҳам ИИБга ариза берган, бироқ аризаси жавобсиз қолган.

183-моддага кўра, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби хатти-ҳаракатлар “майда безорилик”ка киради.

Босимлар

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси фаоллари ўзларига нисбатан босимлар тўхтамаётганидан шикоят қилмоқда.

13 апрель куни ижтимоий тармоқларда наманганлик 24 яшар талаба Абдураҳмон Икромов ушбу партияга имзоларни алдаб йиққани иддао қилинган ва бунинг учун маҳалладошлари сазойи қилаётгани акс этган видео тарқалди.

Икромов, Озодлик билан қисқа мулоқотда маҳалладошларини алдаб имзо йиққанига оид айбловларни тўлиқ рад этди, аммо босим остида шундай кўрсатма бериб, кечирим сўрашга мажбурланганини айтди.

Аллақулов партиясига имзо йиққан талаба сазойи қилинди. Фаолларга “босим давом этмоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

Янги партияга тарафдор бошқа фаоллар ҳам маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу партияга имзо йиғиш ҳаракатини қаттиқ назорат қилаётгани, тарафдорларни воз кечтиришга уринаётганини айтмоқда.

Партия фаоли Муҳаммадамин Эрматовга кўра, фаоллар рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлигига ҳужжат топширгани ортидан Наманган, Самарқанд, Хоразм ва Навоий вилоятларидан имзо чеккан ва йиққанларга босим бошланган.

ҲТСДПнинг Самарқанддаги фаоли Маҳмуд Давроновга кўра, партия учун ҳайрихоҳларни қўрқитиш учун “кўча одамлари”дан ҳам фойдаланилмоқда:

- Бизда партияга ҳайрихоҳ бир тадбиркор йигит бор. Шу йигитнинг дўконини солиқдан келиб, ревизия қилишди. Ўзи планда бўлмаган, рўйхатда бўлмаган бу проверка. Кейин “кўчанинг болалари” келиб уни қўрқитган. ”Сизлар гейлар билан боғлиқсизлар”, деб қўрқитган. Улар кўчанинг болалари, мелисанинг эмас. Шу иккита ҳолатдан кейин бу тадбиркор йигит дўконини ёпишга мажбур бўлди. Масалан, ўзим партиянинг имзо тўплаш бўйича йиғилишига бормоқчи бўлгандим. Бораётган машинамдан чиқариб, ўзининг номерсиз машинасига куч билан киритиб, мелисага олиб боришди. 5 соатдан кейин қўйиб юборишди. Кейин хотинимни чақириб, қўрқитган. “Эрингиз билан гаплашинг, бу иши яхшилик билан тугамайди” деган.

Давронов тилга олган тадбиркор йигит “кўча одамлари” унинг олдига келганини Озодликка тасдиқлади, бироқ тафсилотларини гапиришни истамади.

Ўзбек муҳожири: Аллақулов партияси учун имзо кампаниясига қўшилганлар "25-30 мингга етди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:55 0:00

Сайловолди ҳаракатлари

7 апрель куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясининг бир гуруҳ фаолари Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган имзоларни топшириш учун боришган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Хидирназар Аллақулов вазирлик вакилига 20 мингга яқин имзо тўплаб келганини айтар экан "амалда шундай имзолар асосида бирор бир партия йўқ Ўзбекистонда, шундай имзо тўпланганини исботлаб бера оласизми?", дейди.

5 апрель куни Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона мухолифат партияси- "Эрк" октябрь ойидаги сайловларда президентликка номзодини илгари суриш режасини эълон қилди.

"Қарийб 30 йилдир тазйиқ ва таъқиблар остида фаолиятини давом эттириб келаётган ва 1991 йил Ўзбекистон Адлия Вазирлигидан қонуний рўйхатдан ўтган мамлакат тарихидаги илк мустақил партия – Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ҳам яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришга қарор қилди", дейилади 5 апрел куни партиянинг uzerk.org веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Айни пайтда мамлакатда оддий ишчилардан тортиб давлат хизматчиларигача 2016 йилги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган “ЎзЛиДеП”га аъзо бўлишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Мирзиёевнинг яна ушбу партиядан номзоди илгари сурилиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG