Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:41

The Diplomat: Тошкент транс-Афғонистон темир йўлига катта қизиқиш кўрсатмоқда


5-8 апрель кунлари Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Марказий Осиёга хизмат сафари доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистонга сафари давомида у Тошкент икки мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган темир йўл лойиҳаларига қизиқишини тасдиқлашини кутди.

Гарчи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент Эрон орқали ўтадиган темир йўлга қизиқишини таъкидлаган бўлса-да, сўнгги бир неча ойда Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга ўтадиган темир йўлни якунлаш саъй-ҳаракатларини кучайтирди. Бу ҳақда ўзбекистонлик таҳлилчи Умида Ҳошимова The Diplomat нашри учун ҳозирлаган мақоласида ёзди.

Жорий йилнинг февраль ойида Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон расмийлари транс-Афғонистон темир йўлини қуриш бўйича илк уч томонлама учрашувни ўтказдилар.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистон портлари билан боғловчи Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлини қуриш бўйича йўл харитасини имзоладилар.

Ҳошимованинг ёзишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги лойиҳа амалга ошишини таъминлаш учун фаол иш олиб бормоқда.

Тошкентнинг Покистон портларига чиқишга қизиқиши Ўзбекистон раҳбариятини янги алоқа каналларини очишга ундади.

Хусусан, 14 апрель куни Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон транс-Афғонистон темир йўли лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида икки томонлама илк учрашувни ўтказдилар.

Ушбу учрашувдан олдин – 10 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Покистонга хизмат сафари билан борган эди. Шунингдек, Тошкент Толибон ҳаракати ва Афғонистон ҳукумати билан ҳам фаол музокара олиб бормоқда.

Комилов 10 апрель куни Қатарда Толибон вакили билан учрашди. Февраль ойида эса у Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар билан учрашув ўтказганди.

Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон транспорт йўлаги орқали ўтувчи ва Чабаҳар ва Бандар Аббос портларига олиб чиқадиган Эрон темир йўли ва Гвадар портига олиб борадиган транс-Афғонистон темир йўли бир-бирига параллель, рақобатдош лойиҳалардир.

Эрон орқали ўтадиган темир йўл лойиҳаси яқинда ўртага чиққан транс-Афғонистон темир йўли лойиҳасидан анча олдин ишлаб чиқилган.

2011 йилнинг 25 апрелида Туркманистон, Ўзбекистон, Уммон ва Эрон транспорт йўлаги тўғрисида битим имзолади. Шартнома 2016 йилда кучга кирди. Аммо, Ҳошимованинг ёзишича, Тошкент икки ой олдин ўртага ташланган транс-Афғонистон темир йўли лойиҳасига бундан беш йил олдин бошланган Эрон лойиҳасига солиштирганда кўпроқ эътибор қаратмоқда.

2020 йилнинг 3 январида Эроннинг юқори мартабали қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилиши ва АҚШ Теҳронга қарши санкция жорий қилиши ортидан Теҳрон – Вашингтон ўртасида юзга келган танглик Тошкентни Эрон темир йўлига муқобил излашга ундагани ёки йўқлиги номаълум. Эрондаги содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай можаро минтақадаги иқтисодий ва транспорт алоқалари узилишига олиб келади.

Айни дамда Тошкент Эрон темир йўлига таянади – Бандар Аббос портига чиқадиган темир йўл Ўзбекистонни денгиз билан боғлаб турувчи энг қисқа йўлдир. Аммо транс-Афғонистон темир йўли турли сабабларга кўра афзал.

Ҳошимова фикрига кўра, ушбу йўлнинг энг муҳим ижобий жиҳати шундаки, у Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон учун денгиз портига энг қисқа йўл бўлади.

Транс-Афғонистон йўлининг Мозори Шариф – Кобул қисмини ётқизиш ишларини 2021 йил сентябрида бошлаш режалаштирилган. Ўзбекистонни Мозори Шариф билан боғлаб турувчи темир йўллар мавжуд.

Баъзи минтақавий лойиҳалар ўнлаб йиллар давомида қоғозда қолиб келаётган бўлса-да, Ҳошимова транс-Афғонистон темир йўли белгиланган муддатда якунланишини кутишга асос бор, деб ишонади.

АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (IDFC) йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Марказий Осиё инвестиция жамғармасини ташкил этди.

Жамғарма 2020 йил ёзидан бери Ўзбекистон ҳукумати билан музокара олиб бормоқда. Ҳошимованинг фикрича, транс-Афғонистон темир йўли ушбу музокаралар давомида муҳокама қилинганини тахмин қилиш мумкин.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод IDFC расмийлари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бўлиб ўтган илк учрашувда иштирок этди.

Учрашув ортидан эълон қилинган расмий баёнотда “Афғонистонда иқтисодий тикланиш бўйича саъй-ҳаракатлар” ҳамда “Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетик алоқаларни кенгайтириш” каби сўзлар ишлатилди.

Ҳошимова бу жумлалар билан йирик инфратузилма лойиҳалари назарда тутилганига ишонади. Қозоғистон ҳам қўшилган Марказий Осиё инвестиция жамғармаси яқин беш йил ичида “Марказий Осиё бўйлаб ва кенг минтақа билан иқтисодий алоқалар” ўрнатиш йўлида 1 миллиард доллар тўплашни кўзламоқда.

Мирзиёев Зарифга Тошкентнинг Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон транспорт йўлагига бўлган қизиқишини тасдиқлаган бўлса-да, унинг раҳбарлиги остида лойиҳани амалга ошириш йўлида оз тадбир кўрилди. Томонлар ҳатто лойиҳа бўйича юқори даражада учрашув ўтказгани йўқ.

Ҳошимованинг фикрича, Афғонистон ва Покистон билан фаол ўтказилаётган музокаралар Тошкентнинг транс-Афғонистон темир йўлига қизиқиши катта эканидан далолат беради.

XS
SM
MD
LG