Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Ойликлари қисқарган “Жиззах Петролеум” ишчилари иш ташлаш билан таҳдид қилмоқда (ВИДЕО)  


"Жиззах петролеум" ишчилари ойликлари кесилишига норозилик билдирмоқда.
"Жиззах петролеум" ишчилари ойликлари кесилишига норозилик билдирмоқда.

Ўзбекистондаги энг йирик нефт ва газ компанияларидан бири “Жиззах петролеум” МЧЖ (Jizzakh Petroleum) ишчилари маошлари икки баравар қисқартирилганига норозилик билдириб, иш ташлаш билан таҳдид қилди.

Озодликка юборилган видеода "Жиззах Петролеум" МЧЖнинг юздан зиёд ишчиси ширкат раҳбарларини ойликлари нега камайиб кетгани борасида саволга тутаётгани акс этган.

“5-разрядман, март ойига 1 миллион тўрт юз минг сўм ойлик чиқди. 15 кунлик сменада ётиб ишлаймиз. Болангиз касал бўлса қанча пул кетади. 1 миллион сўм уйимга, 246 минг сўм боламни ўқишига тўлайман. Газ йўқми, свет йўқми, емаймайнми, ичмайманми”, - дейди ишчилардан бири.

"Жиззах Петролеум" ходимлари иш ташлаш учун йиғилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:24 0:00

Ширкат раҳбарлари эса ғазабга тўлган ишчиларга ойликлари масаласини ҳал қилиб беришини айтиб, уларни тинчлантиришга уринади.

“Жиззах Петролеум” МЧЖнинг исми айтилмаслигини сўраган ишчиси Озодликка ¸ видеода акс этган воқеа 9 апрель куни бўлганини билдирди.

“Ўша куни Телеграм орқали йиғилиб, иш ташлаш эълон қиладиган бўлдик. 100га яқин ишчи бир жойга тўпланиб, хат қилиб, раҳбариятга имзо қилиб бердик. Кечки сменада ишга чиқилмади. Ўша кунни ўзида Тошкентдан одамлар келди. Ҳамма дардини айтди. Янги йилдан буён ойликлар икки баравар камайиб кетган, фақат рабочийларники. 4 миллион сўм олган бўлса 2 миллион, 3 миллион олган бўлса шуни ярми бўляпти. Мажлис бўлди, Тошкентдан келган катталардан бири бу ердаги раҳбарни ўзгартираман, ойликлар аввалги ҳолатига қайтади, деб кетди. Лекин, бир ҳафта бўляпти, ўзгариш йўқ. Агар ваъда бажарилмаса, иш ташлаймиз деб турибмиз, - дейди ишчи.

"Жиззах петролеум" ишчилари ойликлари кесилишига норозилик билдирмоқда.
"Жиззах петролеум" ишчилари ойликлари кесилишига норозилик билдирмоқда.

“Жиззах Петролеум” раҳбарияти ишчилар ойлиги кесилишини нефт қазиб олиш камайгани билан изоҳламоқда.

Корхонанинг исми очиқланмаслигини истаган кадрлар бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда жорий йил бошида ширкат таъсисчилари ўзгаргани сабаб барча ишчилар ойликлари қисқариши ҳақида огоҳлантирилганини айтди.

“Тошкентдан хат келганди. Ширкат бошқа қўлга ўтгани ҳақида. Шу хат асосида ҳамма ишчилар билан бошқатдан шартномалар имзоладик ва ўша шартномадан ойликлар қисқариши маълум эди. Ҳаммаси рози бўлиб имзолашган, ҳеч ким мажбурламаганди ўшанда”, - дейди “Жиззах Петролеум”нинг кадрлар бўлими ходими.

Лекин Озодликка гапирган ишчилардан бири: “Нефть камайган бўлса нега ҳамма удар қора меҳнат қиладиган ишчиларга келяпти. Нефт камайганига биринчи бўлиб раҳбар жавоб бериши керак-ку. Компанияни эгаси ўзгарса, бизни айбимиз эмас-ку. Бошлиқларни ойлиги камаймаган. Ишни қиладиганларни ойлигини қирқиб, қозонни тепасида қараб турганларники ўзгармаяпти”, - дейди.

“Жиззах Петролеум”​ қўшма корхонаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Россиянинг “Газпром” ширкати тузилмаси ҳисобланган Gas Project Development Central Asia ширкати иштирокида 2017 йилда ташкил этилган эди.

Қўлдан қўлга ўтаётган ширкат

Бошида корхонанинг 60 фоизлик улуши “Ўзбекнефтгаз”ники, қолган 40 фоизи Gas Project Development Central Asia ширкатига тегишли бўлган.

Жиззахда йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлайдиган янги нефтни қайта ишлаш заводини қуриш режаси барбод бўлгач, “Ўзбекнефтгаз” ўтган йил “Жиззах Петролеум”даги улушини 30 фоизгача камайтиришини эълон қилди.

Шу йил февраль ойида эса ​Ўзбекистон президентининг “Давлат иштирокидаги корхоналарни жадал ислоҳ қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги фармони асосида “Жиззах Петролеум” 16 ширкат қаторида сотувга қўйилиши эълон қилинди.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри ҳужжатларига қаралса ҳозирда “Жиззах Петролеум”​ ширкатининг 68 фоизлик акцияси Қибрисда рўйхатдан ўтган офшор BELVOR HOLDINGS LIMITEDга, 30 фоизи “Ўзбекнефтгаз” АЖга, 2 фоизи эса Gas Project Development Central Asia ширкатига тегишли эканини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.
Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.

Баъзи манбаларда BELVOR HOLDINGS LIMITED ортида Марказий Осиё ва Россияда фаолият юритадиган бир қатор компаниялар, Eriell ва Enter Engineering компанияларининг таъсисчиси ва асосий ҳиссадори Бахтиëр Фозилов туриши айтилади.

Андижон, Қарши, Муборак шаҳарларида ҳам корхоналарига эга “Жиззах Петролеум”​ сайтида келтирилган маълумотларга кўра, ширкат ўтган йили 498, 7 минг тонна нефт ва 497, 4 миллион м3 табиий газ ишлаб чиқарган.

2020 йил декабр ойида ўртача кунлик нефт қазиб олиш кунига 1, 467 тоннани ташкил этган.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовга кўра, бошқа қўлга ўтиб кетган кўплаб ширкатларда ойликлар билан боғлиқ муаммолар кузатиляпти.

“Сўнгги пайтлар жуда кўп биздан чиқиб кетган ташкилот ишчилари “Ўзбекнефтгаз”га қайтаринглар деб тўполон қилишяпти. Cабаби олдин уларнинг ойликлари ўз вақтида берилган", - дейди Ҳошимов.

Норозиликлар фақат "Жиззах Петролеум"да эмас

Ўзбекистонда ойликлардан қарздорлик бўйича статистик маълумотлар эълон қилинмайди, аммо ҳам давлат, ҳам хусусий сектор корхоналарида ойлик маошларни вақтида ёки тўлиқ бермаслик сурункали муаммога айланган.

Ўтган ой Андижондаги UzAuto Motors заводи ишчилари ойликларнинг қисқаришига норозилик билдириб иш ташлаганди.

Озодликка юборилган видеода UzAuto Motors ишлаб чиқарган автомобилларни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига ташувчи юк машина ҳайдовчилари маошлари кескин тушиб кетганидан норозилик билдираётгани акс этган.

Маошларнинг вақтида берилмаслиги ўтган йил октябрида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи қурилишида меҳнат қилаётган ишчиларнинг оммавий иш ташлаши ва тартибсизликларга сабаб бўлган эди.

Амалдаги қонунчиликда "тақиқланган иш ташлаш" тушунчаси мавжуд, аммо "қонуний иш ташлаш" тартиби белгиланмаган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси "тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш ёки фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилганлик учун" энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Мамлакатда ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган ёки уларнинг иш ташлашларини мувофиқлаштирадиган мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG