Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Олигархлар қўлига ўтаëтган Ўзбекистон: Самарқанд аэропорти Бахтиëр Фозиловга берилди


Озодлик гаплашган Тошкент ҳукумати мулозимлари Бахтиëр Фозилов бизнес империясининг Ўзбекистонда тармоқланиб бораëтгани ортида шахсан Шавкат Мирзиëев қўллови турганини таъкидлади
Озодлик гаплашган Тошкент ҳукумати мулозимлари Бахтиëр Фозилов бизнес империясининг Ўзбекистонда тармоқланиб бораëтгани ортида шахсан Шавкат Мирзиëев қўллови турганини таъкидлади

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2021 йил 3 aпрель куни Самарқанд халқаро аэропортини тендер ўтказмасдан давлат-хусусий шерикчилик асосида Air Marakanda компаниясига бериш ҳақидаги қарорни имзолади.

Қарорда таъкидланишича¸ Самарқанд халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик бошқарувига ўтказишдан мақсад “аэропортни бошқариш соҳасида етакчи халкаро компанияларни жалб қилиш”дир. Аммо 2020 йил апрелида рўйхатга олинган Air Marakanda MЧЖнинг ҳозиргача бирорта аэропортни бошқарганига оид маълумот йўқ.

Ушбу компания эгаси¸ мазкур қарор моҳиятидан хабардор ҳукумат мулозими¸ шунингдек Самарқанд аэропорти мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича¸ Eriell ва Enter Engineering компанияларининг таъсисчиси ва асосий ҳиссадори Бахтиëр Фозиловдир.

Бахтиëр Фозиловнинг бу компаниялари¸ Озодлик суриштирувидан аëн бўлишича¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши билан бошланган Шоввозсой дам олиш мажмуасининг асосий қурувчиларидир. Шавкат Мирзиëевнинг олий даражали хос меҳмонлари¸ хусусан¸ Владимир Путинни меҳмон қилиш учун қурилган бу махфий сарой ва унга ëндош сув омбори учун манбаси жамоатчиликка очиқланмаган юзлаб миллион доллар маблағ сарфланган.

Самарқанд халқаро аэропортининг Air Marakanda МЧЖга берилиши муносабати билан Eriell матбуот хизмати орқали Бахтиëр Фозиловга юборилган Озодлик саволлари жавобсиз қолди.

Давлат номидан Air Marakanda билан давлат-хусусий шериклик битими тузадиган Uzbekistan Airports АЖ матбуот хизмати эса¸ Ўзбекистонда расмий аккредитаяцияси йўқлиги боис¸ Озодлик саволларига жавоб берилмаслигини билдирди.

Жамоатчиликка очиқланмаган яна бир қарор

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2021 йилнинг 3 апрель куни имзолаган 176-сонли қарор “Самарқанд халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини амалrа ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган.

Қарор “махфий” деб таснифланмаган бўлса-да¸ у ҳозиргача жамоатчиликка эълон қилинмаган. Ҳужжат нусхасини Озодликка бу жараëнга бевосита алоқадор Транспорт вазирлиги мулозими тақдим қилди.

Арипов қарори¸ унда ëзилишича¸ Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йилги 5584-сонли фармони ижросидир. Президент фармонида Ўзбекистон аэропортлари инфратузилмасини такомиллаштириш учун инвестициялар, жумладан аэропортларни бошқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмини жалб қилиш топширилган.

62 миллион долларга қурилган Самарқанд халқаро аэропортининг расмий макети
62 миллион долларга қурилган Самарқанд халқаро аэропортининг расмий макети

Қарорда ëзилишича¸ Самарқанд халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси қиймати 80 миллион АҚШ долларига тенг ва бу лойиҳада Аir Marakаnda МЧЖ хусусий шерик сифатида танлаб олинган.

Ўзбекистон Бош вазири ўз қарори билан “тендер ўтказмасдан¸ тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали” давлат номидан иш кўрувчи Uzbekistan Airports АЖнинг Air Marakanda хориж компанияси билан 4 ой ичида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолашига рухсат берган.

Абдулла Арипов қарорида Ўзбекистондаги иккинчи йирик аэропорт бошқаруви учун хусусий шерикнинг нима учун тендерсиз белгилангани¸ Air Marakanda МЧЖнинг қайси асосда танлангани ҳақида бирор маълумот келтирилмаган.

Президент сийлови

Абдулла Арипов Самарқанд халқаро аэропортини номи ҳеч қаерда кўрилмаган¸ на расмий сайти¸ на ўтмиш фаолияти ҳақида маълумот мавжуд бўлган Air Marakanda МЧЖга топширишни буюришидан тўрт кун олдин Шавкат Мирзиëев жамоатчилик кўп ҳам эътибор бермаган қарорлардан яна бирини имзолади.

5042-сонли бу қарор “Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Бу қарор билан Ўзбекистон аэропортларини реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолайдиган хусусий ширкатларга уч йил муддатга мисли кўрилмаган имтиëзлар тақдим этилди.

Ҳукумат бундай битимга лойиқ деб топган компанияларнинг нафақат ўзи¸ балки улар ўзига танлаган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар ҳам:

  • олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;
  • олиб кириладиган транспорт воситалари ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинди;
  • хусусий шериклар аэропортлар фойда солиғи, шу жумладан дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайдиган бўлди;
  • аэропортлар учун мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизга камайтирилди¸ қолаверса¸ давлат-хусусий шериклик асосида бошқариладиган аэропортларда хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишлар бўйича чекловлар ҳам бекор қилинди.

Мирзиëев бу имтиёзларнинг ҳаммасини ким учун бергани орадан тўрт кун ўтиб имзоланган Арипов қарорида ойдинлашди – Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб мамлакат йирик аэропортини бошқариш ваколати берилган хусусий компания – Air Marakanda МЧЖ бўлди.

Ширкат эгаси офшордаги қобиққа яширилган

Озодлик ихтиëридаги расмий регистрация ҳужжатларига кўра¸ Air Marakanda МЧЖ 2020 йилнинг 9 апрель куни таъсис этилган. Фаолият тури “ҳаво транспоти соҳасидаги хизматлар” деб¸ низом капитали қиймати эса 400 миллион сўм (тақрибан 40 минг АҚШ доллари) деб кўрсатилган.

Регистрация ҳужжатига кўра¸ Air Marakanda МЧЖ мулкдори Қибрис (оффшор)да рўйхатга олинган Drupola Holding Limited компанияси. 2011 йил таъсис этилган бу компания асл эгаси бирор очиқ ҳужжатда кўрсатилмаган.

Самарқанд аэропортининг хусусийлаштирилиши жараëнидан бевосита хабардор Тошкент ҳукумати мулозими¸ Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси¸ шунингдек Самарқанд аэропорти мутахассиси бир-биридан мустақил ҳолда Air Marakanda ширкати эгаси асли самарқандлик Бахтиëр Фозилов эканини билдирди.

Бахтиëр Фозилов Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан кейин нефть ва газ секторидаги кўп миллиард долларлик лойиҳалар тақдим этиб келинаëтган Eriell ва Enter Engineering компаниялари таъсисчиси ва йирик пакет акциялари эгасидир.

Очиқ манбалардан топилган ҳужжатлар Air Marakanda МЧЖ ва унинг ягона мулкдори бўлган Drupola Holding Limited компанияларининг Бахтиëр Фозиловга тегишли эканини тасдиқлайди.

Air Marakanda МЧЖ регистрация ҳужжатида унинг манзили Самарқанд шаҳар Жомий кўчаси 46-қилиб кўрсатилган. Акцияларининг 50 фоизи Бахтиëр Фозиловга тегишли бўлган Family Park МЧЖ манзили ҳам айни шу – Жомий кўчаси¸ 46-уй.

Air Marakanda МЧЖни Бахтиëр Фозиловга боғлайдиган алоқадорлик Самарқандда тугамайди.

Унинг ягона мулкдори бўлган Drupola Holding Limited компанияси регистрация ҳужжатида келтирилган Қибрисдаги адрес Фозилов ўзига оидлигини очиқ айтган компанияларники билан бир хил.

Хусусан¸ Drupola Holding Limited ширкати расмий регистрация ҳужжатида келтирган манзил Фозиловнинг Ferkensco Management Limited ва Eriell Holding Company Limited ширкатлари билан бир хил - INTERLINK HERMES PLASA, Floor 4, Flat 400A, Agiou Athanasiou 46, 4102 Limassol, Cyprus.

Фозиловнинг Қибрисда рўйхатга олинган компанияларини бирлаштирувчи яна бир жиҳат – улар ҳужжатини расмийлаштирган иш юритувчи компания ва шахслар номининг ҳам айни эканидир. Ҳужжатлар Фозиловнинг Қибрисда рўйхатга олинган аксар компаниялари сирини сақлаш¸ мамлакат қонунчилигида кўзда тутилган ҳужжатларни тайëрлаш билан асли украиналик ҳисобчи Светлана Морозюк директори бўлган EPAMINA (SECRETARIAL) LTD компанияси шуғулланиб келаëтганини кўрсатади.

Қибрисда рўйхатга олинган Бахтиëр Фозиловга қарашли компаниялар манзили ва бошқарувчиси айни.
Қибрисда рўйхатга олинган Бахтиëр Фозиловга қарашли компаниялар манзили ва бошқарувчиси айни.

Нега айнан Air Marakanda?

Очиқ манбалардаги қидирувдан Ўзбекистондаги иккинчи йирик халқаро аэропорт бошқарувини қўлга киритган ширкатнинг на авиация¸ на аэропортларни бошқариш соҳасида бирор иш қилганини кўрсатувчи маълумот йўқ.

Бу эса¸ Абдулла Арипов қарорида келтирилган “аэропортни бошқариш соҳасида етакчи халкаро компанияларни жалб қилиш мақсадида” Самарқанд халқаро аэропортининг давлат-хусусий шериклик асосида Air Marakandaга берилиши ҳақидаги асосни йўққа чиқаради.

Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги мутахассиси бундай компаниянинг фақат Самарқанд аэропортини қўлга киритиш учун тузилганини айтади.

Бу компания ҳақида умуман маълумот йўқ. Маълум бўлгани¸ унинг авиацияга мутлақо алоқаси йўқлигидир. Самарқанд халқаро аэропортини олган Air Marakanda асл бошқарувни, тушунишимча¸ бу соҳани биладиган бошқа бир компанияни ëллаган ҳолда амалга оширади. Самарқанд аэропортини бошқа компания бошқаргани ҳолда¸ максимум дивидентни Air Marakanda олади. Мен бошқа моделни кўрмаяпман бу ерда”.

Ўзбекистон транспорт тизимига бевосита алоқадор бошқа мулозим эса¸ Самарқанд аэропортининг Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг бизнес тармоғи ниҳоятда кенгайиб бораëтган Бахтиëр Фозиловга оид оффшорга тендерсиз берилишини катта бир жараëннинг кичик қисми, дея баҳолади.

Самарқанд аэропортида давлат пулига янги терминал қурилди¸ янги учиш-қўниш майдончаси қурилди. Ким қурди? Бахтиëр Фозиловнинг Enter Engineering компанияси қурди. Eriell, Enter Engineering ҳозир Ўзбекистондаги No1 қурувчига айланган. Давлат камида 62 миллион долларга янги аэропорт қуриб бериб¸ энди Фозиловга мана ол¸ мазза қил, фойдалан¸ деб топширяпти!”¸ дейди бу суҳбатдош.

Самарқанд халқаро аэропортини модернизация қилиш учун 2020 йилда давлат ҳисобидан 62 миллион АҚШ доллари ажратилди.
Самарқанд халқаро аэропортини модернизация қилиш учун 2020 йилда давлат ҳисобидан 62 миллион АҚШ доллари ажратилди.

Ўзбекистон маҳаллий телеканаллари ва матбуоти Самарқанд аэропортида янги терминал ва янги учиш-қўниш йўлаклари қурилаëтгани ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқда.

Бу хабар ва видеокадрларда Самарқанд аэропортида давлат маблағи билан қилинаëтган қурилиш ва таъмир пудратчиси Бахтиëр Фозиловга қарашли Enter Engineering компанияси экани кўрилади.

"Ўзбекистон 24" канали ҳозирлаган махсус дастурда Самарқанд халқаро аэропорти қурилиши пудратчиси Бахтиëр Фозиловнинг Enter Engineering компанияси экани кўрсатилди.
"Ўзбекистон 24" канали ҳозирлаган махсус дастурда Самарқанд халқаро аэропорти қурилиши пудратчиси Бахтиëр Фозиловнинг Enter Engineering компанияси экани кўрсатилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ва маҳаллий матбуот Самарқанд халқаро аэропортининг янги лойиҳаси тепасида шахсан Шавкат Мирзиëев тургани ва янги терминалнинг 2021 йил 1 сентябрь - Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги кунигача эксплуатацияга топширилишини ëзиб келмоқда.

Кейинги тўрт йил ичида мамлакатдаги энг йирик нефть ва газ конларини ўзлаштиришдан тортиб то йирик қурилишлар лойиҳасига қадар айнан Бахтиëр Фозилов компанияларига берилаëтгани сабабига тўхталган Озодлик суҳбатдошлари¸ Фозиловнинг Россия махсус хизматлари¸ хусусан¸ "Путин дўстлари" саналган олигархлар билан яқин муносабатларини тилга олди.

"Фозиловга бу лойиҳаларни шахсан Шавкат Мирзиëевнинг ўзи бераяпти. Нега¸ деган савол жавобини ана шу муносабатлардан излаб кўринг"¸ деди Тошкент ҳукумати мулозимларидан бири.

“Аэропорт - пул босадиган машина...”

Кремль мулозимлари назоратидаги Газпромбанк йирик акционери бўлган Eriell асосчиси Бахтиëр Фозилов компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти Каримов даврида, асосан нефть-газ иншоотлари қурилиши билан чекланган эди.

Intellinews интернет нашрига берган интервьюсида Бахтиëр Фозилов ўзига қарашли айрим компаниялар номини тилга олган эди.
Intellinews интернет нашрига берган интервьюсида Бахтиëр Фозилов ўзига қарашли айрим компаниялар номини тилга олган эди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгач Ўзбекистон Фозилов компанияларининг асосий фаолият майдонига айланди. Металлургия ва кимë¸ йирик объектлар қурилиши ҳам асосан унга оид ширкатларга махфий қарорлар билан тендерсиз бериб келинмоқда.

Хусусан¸ 2019 йили Мирзиëев ҳукумати "Самарқандкимё" АЖнинг 100% улушини Фозиловнинг Қибрисда рўйхатга олинган FERKENSCO MANAGEMENT LIMITED компаниясига нол қийматда топширди; Тошкентдаги “Ҳумо Арена” муз саройидан то Самарқанддаги Family Park мажмуаси ва шаҳарнинг 200 гектарлик ҳудудида қурилаëтган янги “Боқий шаҳар” лойиҳасигача Фозиловга берилди.

Бахтиëр Фозиловнинг бугунга келиб авиация¸ хусусан¸ аэропортлар бошқаруви соҳасига кириб келаëтганини шарҳлаган транспорт мулозими Ўзбекистон аэропортларини “пул босадиган машина”га қиëслади.

Аэропортнинг оëқ босган жойи пул туғади – билетдан аэропорт йиғими олинади¸ парковкаси пул¸ ичидаги duty free дўконларидан ресторан ва кафелари пул¸ учиб-қўниш¸ тўхташ тўловлари пул¸ топливоси пул! Ўзбекистон аэропортларини авиаëнилғи билан таъминлаш фақат битта компания - Бахтиëр Фозиловга алоқадор Jizzakh Petroleumга берилган. Бошқа ҳеч кимга рухсат йўқ - олий даражали монополия! Самарқанд аэропортидаги замонавий инфраструктура давлатнинг пулига қурилди¸ тўловларни йиғиш хусусий компанияга берилди! Қарзни давлат - солиқ тўловчи – оддий халқ тўлайди¸ дивидентини олигарх йиғади! Бир тийин сарфламай¸ фақат ундан тўлов ундирса¸ буни пул босадиган машина демай¸ нима дейиш мумкин!? Бу ҳам етмагандек¸ Air Marakanda ва у билан бизнес қиладиган ҳар қандай ширкат уч йилга бож ва солиқлардан озод қилинди. Бу дегани Фозилов тузадиган ҳар қандай янги компания мутлақ рақобатсиз¸ мутлақ имтиëз билан ишлайди дегани! Бунақа имтиëз ҳаводан пул қилиш формуласи-ку!

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ мутахассисларидан бири Озодлик билан суҳбатда пандемия даврида аксар аэропортлар оғир аҳволга тушганига қарамай¸ Самарқанд халқаро аэропортининг молиявий имконлари бошқа бирор маҳаллий аэропортда йўқлиги ва Фозилов ва унинг бизнес шериклари айнан шу боис бу аэропортни қўлга олганини айтади.

СССР пайтида ҳам Марказий Осиëдаги сайëҳлик маркази Самарқанд¸ Бухоро ва Хива эди. Фақат туристлар оқимига лойиқ меҳмонхона инфраструктураси ва катта самолëтлар қўнадиган аэропорти бўлмагани учун бу шаҳарларни кўришга келганлар ҳам Тошкентга учиб¸ кейин автобусда Самарқанд ва Бухорога бориб келарди. Ҳозирга келиб¸ Самарқанд ҳам мусулмонлар¸ айни пайтда яҳудий ва насронийлар ҳам зиëратга келадиган тўлақонли сайëҳлик манзилига айланиб улгурди. Бу ерда янги терминал ¸ янги учиш-қўниш майдончалари қурилди. Индонезия¸ Малайзия мусулмонлари учун кичик ҳаж йўлга қўйилди. Улар Ҳажга кетишда Самарқанд ва Бухорони зиëрат қилиб¸ кейин Макка Мадинага учиб кетади. Мутахассис сифатида¸ яқин беш йил ичида Самарқанд аэропортининг Марказий Осиëдаги энг қизғин қўналғага айланишини ишонч билан айта оламан”.

Air Marakanda - Marakanda Park Hotels – олигархия салтанати

Air Marakanda МЧЖ деган ширкат борлиги¸ унинг бирор шаклда фаолият юритгани ҳақида очиқ манбаларда биронта ҳам маълумот йўқ. Бу ном фақат Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорлари ва уларни ëритган маҳаллий матбуот хабарларидагина кўзга ташланади.

Айни пайтда Самарқанддаги Самтуринфо сайëҳлик порталининг Facebook саҳифасида уч ҳафта илгари пайдо бўлган 5 дақиқалик видеоролик Air Marakanda эгаларининг бизнес амбициялари қанчалик катталигини намойиш қилади.

“Самарқанд сайëҳлар учун яқинда шундай бўлади”¸ деб номланган видеоролик фақат рус тилида эълон қилинган. Унинг буртмачиси ва автори ҳақида маълумот берилмаган. Самтуринфо агентлигининг Озодлик гаплашган ходими пиар-роликнинг “катта пул ва Россиядаги профессионал компания томонидан” ҳозирланганини тахмин қилди. Видеоролик муаллифлари кимлигидан бехабарлигини айтган бу суҳбатдош унинг Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги томонидан тақдим этилганини билдирди. Айни пайтда бу видеоролик вазирлик сайтидан топилмади.

Видеороликда Самарқандда Marakanda Park Hotels номи билан тўртта йирик меҳмонхона қурилиши айтилади.
Видеороликда Самарқандда Marakanda Park Hotels номи билан тўртта йирик меҳмонхона қурилиши айтилади.

Асосан компьютер графикаси маҳсули бўлган видеороликдаги тасвирлардан Самарқанд қоқ марказидан 10 километрлик масофада сайëҳлар учун бутун бошли янги шаҳарча қурилаëтгани айтилади. Видеода¸ эшкакчилар канали бўйидаги 200 гектарли ҳудудда Marokanda Park меҳмонхоналар тизими¸ қолаверса¸ олий даражали учрашувлар ўтказиш имконини берувчи конференция заллари қурилиши айтилади. Янги шаҳарчанинг глобал миқëсдаги учрашувлар маконига айланиши таъкидланган бу видеороликда¸ унинг янги қурилаëтган Самарқанд халқаро аэропорти билан бевосита боғлиқлиги ҳам кўрсатилади.

Муаллифи очиқланмаган видеороликдан Самарқанд аэропортини бошқариш берилган хусусий компания билан шаҳарнинг 200 гектарлик ҳудудида мегақурилиш ¸ хусусан¸ Marakanda Park hotels занжирини қураëтган ширкат ўртасида бевосита алоқадорлик борлиги кўрилади
Муаллифи очиқланмаган видеороликдан Самарқанд аэропортини бошқариш берилган хусусий компания билан шаҳарнинг 200 гектарлик ҳудудида мегақурилиш ¸ хусусан¸ Marakanda Park hotels занжирини қураëтган ширкат ўртасида бевосита алоқадорлик борлиги кўрилади

Янги ташкил этилаëтган Air Marakanda компанияси глобал туризм маркази сифатидаги Самарқанднинг янги рамзига айланади. Учта самолëт ва иккита вертолëт билан иш бошлайдиган бу компания ўз авиапаркини мунтазам кенгайтириб боради. Йўловчи ва юк ташиш хавфсизлигини таъминлаган ҳолда¸ авиакомпания Ўзбекистондаги Кичик ҳаж амалларини ўз ичига олган Умра сафарларини ташкиллаштиради. Натижада Самарқанд¸ юк ташиш ҳажмининг ошиши билан Марказий Осиëдаги йирик транспорт ҳабларидан бирига айланади”¸ дейилади видеороликда.

Муаллифи номаълум бу пиар-ролигида ҳам авиакомпания деб сифатланган Air Marakanda ширкатининг кимга оидлиги¸ Ўзбекистон авиация бозорига қаердан¸ қачон кириб келаëтгани ҳақида бирор маълумот берилмаган.

Озодлик суҳбатлашган самарқандлик бир неча тадбиркор¸ Бахтиëр Фозиловни "Самарқанднинг энг бой одами" деб таърифлади ва Самарқанднинг эрамиздан аввалги 4-асрдан эрамизнинг 6-асрига қадар ишлатилган Marakanda номи ҳозирда асли самарқандлик Фозиловнинг хусусий бренд номиига айланганини билдирди.

На тасдиқ ва на инкор

Озодлик Air Marakanda МЧЖ бошқарувчисини топиб¸ у орқали ширкат асл эгаларини аниқлаш ва улар билан боғланишга ҳаракат қилди. Компания регистрация ҳужжатида келтирилган мобиль телефон ўчиқ бўлгани боис бир неча кун давомида бу рақам билан боғланиш уринишлари самара бермади.

Самарқандда Наврўз кунлари катта тантана билан очилган Family Park савдо-кўнгилочар мажмуаси қурувчиси ва мулкдори Бахтиëр Фозилов 50 фоиз акциясига эгалик қилувчи Family Park МЧЖсидир. Air Marakanda МЧЖ¸ регистрация ҳужжатига кўра¸ Family Park МЧЖ билан битта манзил - Жомий кўчаси¸ 46-уйда жойлашган. Аммо Family Park ширкатининг Озодлик боғланган иш юритувчиси Air Marakanda деган ширкатдан “умуман бехабарлиги”ни билдирди.

Озодлик Air Marakanda МЧЖ эгаси экани айтилган Бахтиëр Фозиловнинг ўзига боғланиш учун 8 апрель куни унга қарашли Eriell компанияси матбуот хизматига мурожаат қилди. Хизмат мулозими Озодликнинг ëзма саволларини Фозиловга етказишни ваъда қилди. Air Marakanda МЧЖнинг эгаси ва унинг ўтмиш фаолиятига аниқлик киритиш сўралган саволларга 12 апрелга қадар жавоб берилмади.

Бош вазир Арипов қарори билан Air Marakanda МЧЖнинг давлат номидан шериги этиб белгиланган Uzbekistan Airports АЖ матбуот хизмати ҳам Озодликнинг бу компания эгалари¸ унинг қайси асосда танлангани¸ нега Самарқанд халқаро аэропортини бошқарувчи хусусий ширкатни танлаш учун очиқ тендер ўтказилмагани ҳақидаги саволларини жавобсиз қолдирди.

Маълумот беришдан аввал, Озодлик радиосининг биздан аккредитациядан ўтган, ўтмаганини суриштирдим. Аниқланишича, ўтмаган. Шунинг учун сизнинг тлг орқали юборган саволларингизга жавоб беришга мажбур эмаслигимизни билдираман”¸ деб жавоб берди давлат компанияси матбуот котиби Телеграм мессенжеридаги ëзишмада.

Россия олигархлари ва Самарқанд аэропорти жозибаси

2019 йил июнь ойида Озодлик Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари бошқарувининг бош қароргоҳи Москвада жойлашган «Новапорт» компаниясига берилиши бўйича ҳукумат раҳбарлари даражасида музокара бошланганини хабар қилган эди.

Озодлик гаплашган "Новапорт" вакили бу учала аэропортда йўловчилар оқимини кескин кўпайтириш потенциали борлиги боис эътибор шуларга қаратилганини билдирди.

"Биздаги маълумотларга кўра¸ 2018 йилда Самарқанд аэропорти 380 минг¸ Урганч 330 минг¸ Наманган эса¸ 165 минг йўловчига хизмат кўрсатган. Самарқанд ва Урганчда туризм марказига айланиш потенциали бўлса¸ Наманган водийдаги асосий ҳаво қўналғасига айланиши мумкин. Шу боис биз тижорий манфаатдан келиб чиқиб¸ бу аэропортлар бошқарувини олмоқчимиз"¸ деган эди ўшанда Россия ҳолдинги вакили.

2007 йили таъсис этилган «Новапорт» компанияси акцияларининг ярми россиялик олигарх Роман Троценко активларини бошқарадиган AEON Corporation¸ қолган ярми эса¸ Қозоғистондаги Meridian Capital инвестиция компаниясига қарашли.

Бу иккала таъсисчи «Новапорт» ҳолдинггига 2005 йили Қибрисда рўйхатга олинган T.S. Trans Siberia Co Limited компанияси орқали эгалик қилади. Бу оффшор ширкатнинг асл эгалари эса¸ сир тутилади.

Россия ва халқаро авиация бизнесига алоқадор тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ «Новапорт» Кремлга алоқадор олигархларга тегишли ҳолдинг ҳисобланади.

Новапорт» эгаси Роман Троценко¸ «Росгазнефть» бошқаруви раиси Игорь Сечиннинг ўнг қўли - бир неча йил унинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Сечин эса¸ Путиннинг ўнг қўли. «Новапорт» Россиядаги иккинчи даражали аэропортларни бошқаради¸ компания катта қарзга ботган.«Новапорт»нинг асосий таъсисчиси Қибрисда¸ асл эгасини ҳеч ким билмайди¸ фақат Кремлга алоқадорлиги тахмин қилинади. Ўзбекистондаги учта аэропорт тендер ўтказилмай туриб¸ ана шу қарздор ҳолдингга бериляпти”¸ - деган эди авиация соҳасидаги тадбиркор.

Аммо 2019 йил охирига келиб¸ бу музокаралар боши берк кўчага кирди.

«Новапорт» ҳозирча Ўзбекистон аэропортларини олиш учун қўйилган шартларга рози бўлмаëтир. Музокаралардан хабардор “Коммерсантъ” манбаларининг айтишича¸ «Новапорт» билан Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ўртасидаги сўнгги сўзлашувлар икки ойча олдин бўлган ва концессия муддати масаласида тўхтаб қолган. “Ъ” ихтиëридаги маълумотга кўра¸ «Новапорт» учала Ўзбекистон аэропортини 30 йилдан кўпроқ муддатга олмоқчи¸ маҳаллий ҳукумат вакиллари эса¸ бунга мутлақо кўнмаëтир»¸ деб ëзди 2019 йил декабрида Россиянинг “Коммерсантъ” нашри.

2019 йили Самарқанд аэропорти бошқарувини қўлга олишга уринган Қибрисдаги T.S. Trans Siberia Co Limited ширкатининг асл эгаси махфий. Самарқанд аэропорти давлат пулига янгидан қурилганидан кейин 2021 йили уни қўлга киритган компания ҳам айнан Қибрисда рўйхатга олинган. Унинг асл эгаси ҳам яширин. Бу эса¸айрим кузатувчиларда Самарқанд аэропортининг янги номдаги эски харидор қўлига ўтган бўлиши ҳақидаги шубҳасига асос бўлмоқда.

Ўзбекистон шартларини қабул қилмаган Россия ширкатининг Қибрисдаги асл мулкдори кимлиги очиқлангани йўқ. Самарқанд аэропорти жорий ой ими-жимида берилган Қибрис ширкатининг эгаси кимлиги ҳам сир тутилмоқда. Озодлик мақолаларидан кейин ижтимоий тармоқда таниқли зиëлилар Ўзбекистон миллий аэропортларининг Россия олигархларига берилишига қарши кампания бошлаган эди. Бу норозиликни сўндириш учун тайм-аут олинди. Аммо ҳукуматни ўз манфаатлари ҳимоясичига айлантирган айни олигархлар ўзлари учун янада яхшироқ шартлар билан ўйинга қайтган бўлиши мумкинми? Албатта¸ мумкин. Бу жараëнга оид маълумотлар жамоатчиликда сир тутилар экан¸ бундай фаразлар яшашга ҳақлидир”¸ - дейди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги мулозими.

XS
SM
MD
LG