Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Бухоронинг чўл ҳудудларида қўйлар очликдан ўлмоқда


Бухоро. Пешкў туманилик фермернинг айтишича, унинг қўйлари очликдан ўлмоқда.
Бухоро. Пешкў туманилик фермернинг айтишича, унинг қўйлари очликдан ўлмоқда.

Бухоро вилоятининг Пешкў тумани чўл ҳудудларида қўйлар очликдан нобуд бўлмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган маҳаллий чорвадорларнинг айтишича, дағал озуқа ва ем-ҳашак йўқлигидан оч қолган қўйлар чўл яйловда қум ва тош аралаш янтоқларни еб, ошқозони тиқилиб ўлмоқда.

Пешкў тумани Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Завҳиддин Қурбонов Озодлик билан суҳбатда баъзи фермерлар қишлов олдидан озуқа базасини ғамламагани оқибатида қўйлар орасида ўлим ҳолатлари бўлаётгани, лекин муаммо кўламли эмаслигини айтди.

Озодликка Пешкўдан келган суратларда туманнинг чўл ҳудудида ўнлаб қўй жасадлари ётганини кўриш мумкин.

Пешку туман, Қорақир массивида яшовчи фермер Нормурод Рўзиқуловнинг Озодликка айтишича, озуқа етишмовчилиги ўзи ва тумандаги бошқа чорвадорларни оғир аҳволга солиб қўйган:

- Бизники чўл ҳудуд. Қўйларни асосан далада озиқлантирамиз. Дағал ем-ҳашак йўқ. Қўйлар очликдан ўт аралаш қум ва майда тошларни еб, ошқозони тиқилиб қолиб, ўшандан ўлиш кўп бўляпти. Менинг бир ой ичида 12 та қўйим нобуд бўлди. Қўшни хўжаликларда ҳам ўлим кўп бўляпти.

Пешкўлик исми очиқланмаслигини истаган бошқа фермер ем-ҳашак йўқлигидан қўйларини сотишга мажбур бўлганини айтди:

- Ўттиз қўйим бор эди, бештаси ўлди. Қутқариб қолишнинг иложи бўлмаяпти. Туманда юзлаб чорва нобуд бўляпти. Шунинг учун, ўлмасидан олдин бозорга олиб чиқиб арзонга бўлса ҳам сотишга мажбур бўляпмиз. Чунки бир тележка сомон 600 минг сўмга чиқиб кетган.

Пешкў туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Завҳиддин Қурбонов Озодлик билан суҳбатда озуқа етишмовчилиги сабаб қўйлар орасида ўлим ҳолатлари бўлаётганини тасдиқлади, лекин туман бўйича муаммо кўламли эмаслигини айтди:

- Қўйлар учун етарли озуқа базаси бўлмаган. Ҳар битта чорвадор қишлов олдидан молини, қўйини озуқа базасини жамлаб қўйиши керак. Ҳар бош қўй ҳисобига камида 150 килограмм дағал хашак, 30 килограмм кучли озуқалар захираси керак бўлади. Баъзилари қўчқорни қўйга вақтли кўшган, сентябрда қўшган. Бу жуда эрта. Уни қорнидаги қўзиси витаминларни олади, озуқа кўп керак бўлади. Шуни таъсирида ҳам ўлим бўляпти. Лекин, ҳозир баҳор, ерларга жон киряпти, буёғига муаммо бўлмайди.

Бухоронинг Пешкў тумани чорвачилик бўйича илғор туманлардан саналади.

Завҳиддин Қурбоновнинг айтишича, туманда ҳозир 100 мингдан ортиқ қорамол, 220 мингдан ортиқ қўй-эчки боқиляпти.

Шулардан қанчаси озуқа етишмовчилигидан ўлгани ҳақида Қурбонов аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди.

Фермер Нормурод Рўзиқулов нафақат Бухоро вилояти, балки бошқа ҳудудларни ҳам гўшт билан таъминлаб келаëтган Пешкўда чорвачиликнинг танг ҳолда қолгани яқин ойларда гўшт нархларида акс этиши мумкинлигини назардан қочирмайди:

- Вилоят ҳокимлиги эътибор каратиши керак масалага. Арзон нархда олиб келишни йўлга қўйиб бериши керак. Акс ҳолда чорвачилик барбод бўлади. Қўй гўшти саксон мингга чиқиб кетди бу йил. Ўтган йил билан солиштирганда нархлар ўттиз фоизга ошди. Чорвачилик мана бунақа бўлса гўшт яна ҳам ошади.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳам декабрдаги ўз ҳисоботида гўшт маҳсулотлари нархлари ўсишига сабаб бўлган уч омилдан бири сифатида ем-хашак базаси камайишини тилга олинган эди.

“Гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражаси таъминлай олинмагани озуқа базаси ривожланмаганлиги билан боғлиқ”, дейилган вазирлик ҳисоботида. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17%, 21% ва 27%га ошишига олиб келган.

XS
SM
MD
LG