Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Навальний жамоаси Россия бўйлаб ўз филиалларини очмоқда


Владимир шаҳри. 2021, март.
Владимир шаҳри. 2021, март.

Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний 2 февраль куни 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганидан бери унинг тарафдорлари Россия бўйлаб мунтазам равишда рейдларга йўлиқмоқда, жиноий жавобгарликка тортилмоқда, полиция томонидан калтакланмоқда.

Аммо мухолифатчи жамоаси бўш келмоқчи эмас. Жамоа Россиядаги маҳаллий коррупцияни ўрганадиган, норозилик намойишларини уюштирадиган ва сайловларда иштирок этадиган филиаллар тармоғини кенгайтирмоқда. Хусусан, жамоа 10 та янги минтақавий ваколатхона очилганини эълон қилди.

Навальний жамоаси янги филиалларни мухолифатни қўлловчиларни топиш мумкин бўлган шаҳарларда очмоқда, чунки мухолифат сентябрь ойига режалаштирилган парламент сайловлари арафасида тарафдорлари сонини оширишга бел боғлаган.

Бундай шаҳарларнинг бири аҳолиси 350 минг бўлган Владимир шаҳри бўлиб, у ерда 23 январь куни 2 мингга яқин киши Россияда чуқур илдиз отган коррупция ва Навальнийнинг қамалишига қарши норозилик намойишига чиқди. Ўша куни ва 31 январь куни Россия бўйлаб 100 мингдан ортиқ одам намойишга чиқди. Намойишлар аёвсиз бостирилди ва 10 мингга яқин одам ҳибсга олинди.

Владимирга Москвадан поездда икки соатга қолмай етиб бориш мумкин, аммо шаҳарда ўртача ойлик иш ҳақи атиги 35 минг рублни ташкил этади. Шаҳар аҳолиси инфратузилма нураб бораётгани ва йўллар ачинарли аҳволда эканидан шикоят қилиб келадилар. 2020 йилнинг иккинчи чорагида аҳоли даромади 1998 йилги дефолт давридан буён кузатилмаган даражада озайди. Реал даромад қисқариб, нархлар ошаётгани туфайли Кремлнинг норозилик кайфиятини бартараф этиш уринишларига қарамасдан, Россия бўйлаб бундай кайфият кучаймоқда.

Ушбу ҳолат фонида Навальний жамоасининг вазифаси Россия бўйлаб янги сайлов округларига етиб бориш ва гуруҳ фош этган коррупцияни ёйинлашдан иборат.

Навальнийнинг ўзига хос услубда ишланган видео-суриштирувлари Россияда жуда машҳур бўлиб кетган. Шулардан энг кўп кўрилгани Геленжик яқинидаги 1,36 миллиард доллар деб баҳоланган «Путин саройи» ҳақидаги суриштирув бўлди. Навальний бошчилик қиладиган Коррупцияга қарши кураш фонди бу видеони 19 январь куни, Навальний Германиядан қайтгач, ҳибcга олингандан 2 кун ўтиб эълон қилганди. Шундан бери бу суриштирув деярли 115 миллион маротаба кўрилди.

Владимир шаҳрида 21 ёшга тўлган Иван Турманов Навальний жамоасига қўшилиб, унинг шаҳардаги филиали учун офис топди.

Аммо Россия мухолифатига босим кучайган бир пайтда Навальний жамоаси учун иморатини ижарага берадиганлар оз. Доғистон пойтахти Махачкала шаҳрида Навальний координатори Руслан Аблякимов ижарага офис топа олмади, ҳаётига таҳдидлар туфайли Доғистонни тарк этди.

Навальний қамоқ жазосини Владимирдан 80 километр масофадаги Покров шаҳридаги қамоқхонада ўтамоқда.

Нижний Новгородда Роман Трегубов Навальнийдан воз кечгани ва унинг тарафдорларини норозилик намойишларини бойкот қилишга чорлагани акс этган видео ёйинланди. Лекин кейинчалик видео полиция ҳибсхонасида, босим остида ёзиб олингани аниқланди. Бу орада Трегубовга митингларни тарғиб қилиш орқали халқ соғлиғига хавф туғдириш айблови қўйилди.

«Бизга босим жуда катта», - деди у Озодликка телефон орқали берган интервьюсида.

Курган шаҳрида 24 ёшли Алексей Шварц икки ой қамоқда ўтирди. Фаол икки мулозим сайловларда фирибгарликни режалаштираётгани акс этган суҳбатни эълон қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Сайлов натижаларини сохталаштиришни муҳокама қилган амалдорларнинг бирортасига расмий айблов қўйилгани йўқ.

Туманов ҳам мухолифатни қўллаётгани учун муаммоларга йўлиқиб келади. 23 январь куни бўлиб ўтган митингдан бир кун олдин, бир гуруҳ полициячилар уни уйи олдида ҳибсга олди ва судья уни намойишларни уюштиргани учун беш кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилишидан олдин 48 соат тергов изоляторида ушлаб турилди.

Туманов агар Россия фуқаролари кўчада ва сайлов участкаларида давлатга қарши чиқишдан қўрқса ва ўзи каби мухолифат фаолларига тўсқинлик қилса, мамлакат келажаги қоронғи бўлишини башорат қилди.

XS
SM
MD
LG