Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:41

Президент Шоввозсойга доир саволга жавоб берди (ВИДЕО)


Озодлик суриштируви Шоввозсой ўрмон хўжалигида барпо этилган яширин мажмуа ва сув омборининг Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди
Озодлик суриштируви Шоввозсой ўрмон хўжалигида барпо этилган яширин мажмуа ва сув омборининг Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Қуйи Чирчиқдаги кластерга ташрифи давомида бир гуруҳ журналистлар саволларига жавоб берди. ОАВ вакиллари билан қисқа пресс-мулоқот чоғида «Шоввозсой» дам олиш маскани масаласи ҳам кўтарилди. Gazeta.uzнинг хабар қилишича, бу ҳақдаги саволни президентга блогер Азиза Қурбонова берган.

Саволга жавобан президент бундай деган:


«Бу “Ўзбекистон темир йўллари”нинг давлат корхонаси. Ҳеч ким у ерда туриб, яшаб ёки бировга ўтказиб қўйилгани йўқ. У давлатни жойи. Президентни нима алоқаси бор унга? Президент ҳам Ўзбекистонга фойдаси тегадиган мартабали меҳмон келса боради. Айтмайсизларми, “биз президент билан пиёда юрамиз, сизлар ҳам келиб бир марта пиёда юриб кўринглар”, деб. Кейин президент беш йилда неча марта дам олибди экан, деган саволни нимага бермайсизлар?», — дея муносабат билдирди Шавкат Мирзиёев.

Озодлик томонидан 23 февраль куни ёйинланган суриштирувда Тошкентдан тақрибан 100 километр наридаги Угом-Чотқол миллий боғида Мирзиёев учун қурилган ҳашаматли сарой ҳақида сўз борган.

Тоғдаги мазкур оромгоҳ қурилишига бош-қош бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” 24 февраль куни тарқатган ўз баёнотида Шоввозсой бўйидаги мазкур участка ширкатга 2010 йили “мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган”ини билдирган.

Шоввозсой қароргоҳига ёндош сув омбори 2020 йили ўпирилган Сардоба тўғони қурилишида иштирок этмиш ширкат томонидан қурилган. Сардоба сув омборида ўтган йил 1 майида юз берган техноген фожиа натижасида 6 киши нобуд бўлган, минглаб одам уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлганди.

Ўзбекистон расмийлари сув омборлари ва оромгоҳлар қурилиши, улар учун сарфланган маблағ ҳақида ҳеч қачон очиқ маълумот берган эмаслар. Озодликнинг кўплаб манбалари эса қурилган бу иншоотларни бир неча юз миллион долларга баҳолаганлар.

Шоввозсой қароргоҳини барпо этишда иштирок этган қурувчилар иш вақтида улардан телефонлари мажбуран олиб қўйилганини билдирганлар. Йўлдаги тўсиқлар ва қўриқчилар эса одамларнинг бу жойга яқинлашишига имкон бермайди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилда иқтидорга келганидан бери ўзини автократ салафи Ислом Каримовдан фарқли ўлароқ мамлакатда шаффофликни ошириш, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши курашга содиқ шахс сифатида кўрсатиб келган.

XS
SM
MD
LG