Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

"Ташландиқ жой эди, биров миқ этмаганди" - Ортиқхўжаев “Мовий гумбазлар” ҳимоячилари билан учрашди


Ортиқхўжаевнинг “Мовий гумбазлар” хиëбонини бузиш режаси норозиликка сабаб бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:03 0:00

Ортиқхўжаевнинг “Мовий гумбазлар” хиëбонини бузиш режаси норозиликка сабаб бўлди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Мовий гумбазлар” кафеси бузилишига норозилик билдираётган пойтахтликлар билан учрашган.

“Мовий гумбазлар” ресторани ёнидаги боғ ўрнида барпо этиладиган “Истиқлол” боғи лойиҳаси кўплаб тошкентликлар, хусусан ушбу ҳудудда истиқомат қилиб келаётган аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Норозиликлар ва эътирозлардан сўнг, 13 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тошкентликлар билан учрашган.

Ортиқхўжаев тошкентликлар эътирозига жавоб берар экан: "Бир вақтлар ташландиқ жой бўлган бу ер, чиқиндихонага айланган, лекин ўша вақтларда биров миқ этмаганди", - деб айтган.

Кўпчилик ҳудуддаги дарахтлар кесилишига ҳам эътироз билдириб чиққан.

Шаҳар ҳокими бетон ва бошқа қурилиш материалларидан яратиладиган мажмуа қурилиши пайтида дарахтлар кесилмаслигини айтиб, ўз қарорини оқлашга уринди.

Аммо Ортиқхўжаев меъморчилик намунаси бўлган “Мовий гумбазлар” кафеси бузилмайди, деб ваъда бермаган.

"Бирон дарахт кесилса бу ерда, эртаси кун ишдан кетаман. Мендан кейинги ҳоким бу жойни меҳмонхона қурилишига бериб юборади. Шунинг учун мустақиллик рамзи шу ерда қурилиши керак", – деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Мазкур масалада мамлакат раҳбарининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдириб, боғ аҳолининг фикрини ўрганган ҳолда обод қилиниши кераклигини айтганди.

Ортиқхўжаев тошкентликлар билан учрашувда "Мовий гумбазлар" ташландиқ бўлгани, уни тозалаш учун ўз шахсий маблағларидан 6 млрд. сўм сарфлаганини айтди.

“Бу ер жуда ташландиқ аҳволда эди. Одамлар оиласи билан келолмас эди. Ерда ҳар хил нарсалар ётарди. Бу ерда “Мовий гумбазлар” ресторани ўртага чилимхона қилиб қўйган эди. Шуларни олдирдикми? Тозалатдикми? Ноқонуний қурилишлар қолмадими? Жуда чиройли жойга айланди. 6 млрд пул кетди. Ҳамма айтиши мумкин: бюджетнинг пули. Мен буларни шахсий маблағимдан қилганман. Агар одамлар шу боғни юз йиллаб сақланиб қолишини хоҳласа, мени гапимга кирсин”, деган Ортиқхўжаев 13 февраль кунги учрашувда.

Мажмуа лойиҳаси учун танлов эълон қилингач, кўп ўтмай бир гуруҳ фаоллар бунга қарши петиция бошлашди. Онлайн петицияда 7 мингдан ортиқ киши овоз берган, бевосита 5 мингдан ортиқ фуқародан йиғилган имзолар президентнинг Халқ қабулхонасига топширилган.

Эътирозлардан сўнг, хиёбондаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилди, ҳокимлик улар ҳимояга олинишини билдирди.

Ортиқхўжаевнинг “Мовий гумбазлар” хиëбонини бузиш режаси норозиликка сабаб бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:03 0:00

Мовий гумбаз ўрнида истиқлол минораси тикланади

Тошкент ҳокимлигидаги кенгашлардан бирининг аъзоси¸ шаҳарсозлик бўйича мутахассис, 36 яшар дизайнер Ситора Раҳимовага кўра¸ давлат бюджети ҳисобидан астрономик сумма сарфланиб қуриладиган бу иншоотни "ким қуриши аллақачон тасдиқланган".

“Номига конкурс ўтказилиб, 10 март куни ғолибнинг исми айтилади. Тожикистон пойтахти Душанбе марказидаги “Истиқлолият” деган псевдо монументнинг нусхаси бўлади. Мақсад “биз ЕОИИга аъзо бўлсак ҳам мустақилликни севамиз” дея зиëлиларни тинчлантириш ва бюджет пулини талон - торож қилиш. Бу мажмуанинг архитектура ва санъатга алоқаси йўқ. Мустақиллик майдонидаги фонтанни ва "Дом кино"ни қандай йўқ қилишган бўлса, «Мовий гумбазлар» хиёбонини ҳам шундай йўқ қилишмоқчи”.

Тошкентлик журналист Никита Макаренконинг Озодликка айтишича, “ҳокимлик” тайëр боғни бузиш эвазига мустақилликни улуғламоқчи:

“Мен мустақиллик стелласи қурилишига қарши эмасман. Лекин шаҳар марказида сақланиб қолган охирги паркни бузиш эвазига стелла қурилмасин. Қурилиш чоғида биттаям дарахтни кесмаслик ҳақидаги ҳокимлик ваъдасига умуман ишонмайман. Ҳокимият бу борада кўп марта бизни алдаган. Пировардида қурилиш майдонидаги бутун дарахтларни кесиб ташлашган. Уларнинг ваъдаси жуда кулгили. Шаҳарликлар кўпроқ парк ва боғ-роғлар бўлишини талаб қилмоқда. Шаҳар аҳолиси ëз жазирамасида бир тутам соя берадиган оғоч йўқлигидан ҳолсизланади. Ҳокимлик бўлса, шаҳарликларнинг сўнги паркини ҳам тортиб олмоқчи. Мен мустақилликнинг 30 йиллига ҳеч кимга қувонч ва ҳаловат бермайдиган гигант стелла эмас, балки шаҳарнинг "кал қисмлари"да боғ яратишни таклиф қиламан. Орадан 20 йил ўтиб бу боғнинг улкан дарахтлари мустақилликнинг 50 йиллигига алëр айтсин. Бу барчани бирлаштирадиган ғоя. Балки бу боғ марказида мустақиллик стелласи ҳам қўйилар. Шаҳарликлар бу ғояни олқишлаган бўлар эди. Фақат шаҳарнинг бўм- бўш, тап-тақир ерини танланг. Бор нарсани бузманг. Боғни вайрон қилманг. Биноларни бузманг!”

"Мовий гумбазлар" ўрнида шу тахлит ëдгорлик қурилиши мумкин

Нега “Мовий гумбазлар”?

Ўзбекистонлик рассом Нўъмонжон Холмирзев 50 йилдан бери Тошкентнинг ташриф қоғози хисобланган “Мовий гумбазлар” кафеси бузилиши ортида “откат” тужжорлари ва шаҳарга фақат фойда олиш кўзи билан қарайдиган "очкўз мулозимлар" турганини айтади:

“Мовий гумбазлар” хиëбонида Ботир Зокиров ашула айтиб клипга тушган. Рассомлар Академияси ва ЦУМ оралиғидаги яшил оролча. Бу яшилликни севмаслик фақат очкўз амалдорларга хос бўлиши мумкин. Нега “Мовий гумбазлар”? Бошқа ер қуриб қолибдими? Буни ортида “откат” тужжорлари турганига ишонаман”¸ - дейди рассом.

Дизайнер Ситора Рахимова эса “Ғалаба боғи” мажмуасини яратиш чоғида бюджетдан миллиардлаб пул ўмарган амалдорлар энди “Истиқлол” мажмуасини қурамиз, дея янги талон - торожга тайëр турганлигини айтади:

“Билсангиз, гўë оригинал асар дея “Ғалаба боғи” мажмуасига Хитойдан ҳайкаллар олиб келиб ўрнатилган эди. Марказий универмаг қаршиси Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари орасидаги ҳудуд яқин олти ой ичида бюджет маблағлари йўқ бўладиган "бермуд учбурчаги"га айланади”.

Суҳбатдошга кўра¸бошқарув элитаси анчадан бери Тошкент маркази тақсимоти билан шуғулланиб келади:

“Нега “Мовий гумбаз” дейсизми? Унда нега “Дом кино”? Нега Мустақиллик майдонидаги фонтан, деб ҳам сўранг. Жавоб оддий. Бу биноларнимг ҳаммаси инфраструктурага эга шаҳар марказида жойлашган. Бу ҳудудларга улар худди ҳар ким ўз улушини кесиб олишни истайдиган лаззатли торт каби боқишмоқда. Давлат раҳбарини “мустақилликни улуғлаймиз” деб алдаб, катта маблағни ўзлаштириш учун чоғланган улкан афера бу”.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпайиб бораëтган тарихий биноларни бузиш ëки фасадларига қорайтирилган шиша қоплаб, асл тарзини ўзгартириш ҳолатлари санъатшунослар ташвишига сабаб бўлмоқда.

2019 йилда Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора бузиб ташланди. Тошкент тимсоли сифатида 52 йил отилиб турган фонтанни бузишда бевосита қатнашган мутасаддилардан бири унинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG