Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Хоразм қизи Анна Герман. Ислом Каримов кўчасини Анна Герман номига қайта номлаш талаб қилинди


Урганчлик рассом Ширин Тошева чизган Анна Герман сурати.
Урганчлик рассом Ширин Тошева чизган Анна Герман сурати.

14 февраль куни афсонавий поляк қўшиқчиси Анна Германнинг 85 йиллиги нишонланар экан бир гуруҳ ўзбек зиёлилари қўшиқчи туғилган Урганч шаҳри марказидаги кўчага унинг номини қайтариб қўйишни талаб қилиб чиқди.

Урганчдаги Анна Герман номи билан аталувчи кўча икки йил аввал Ислом Каримов номига ўзгартирилганди.

Айни пайтда Урганчнинг "Кўнақала" (Эски шаҳар) қисмидаги қўшиқчи туғилиб ўсган уй бузиб ташлангани ва шаҳар марказидаги сайёҳлар гавжум Анна Герман номи билан аталувчи чойхонадан ҳам унинг номи олиб ташлангани эътирозларга сабаб бўлган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган хоразмлик шоир, рассом ва тарихчилар Анна Герман туғилган Урганч шаҳрида уни эслатувчи барча излар йўқолиб бораётганидан таассуф билдиришади.

Икки йил аввал Урганч марказидаги Анна Герман шох кўчасининг номи Ислом Каримов қилиб ўзгартирилганди.

Шаҳарнинг "Кўнақала" қисмидаги қўшиқчи туғилиб ўсган уй ҳам бузиб ташланган.

Яқинда эса Анна Герман номи билан аталувчи чойхонадан ҳам унинг номи олиб ташланди.

"Анна Герман" чойхонаси

Урганчлик тадбиркор Низомиддин Қодиров чойхонани 2015 йилда очган.

Хоразмга келган сайёҳлар бу ерда Анна Герман қўшиғини эшитиб, ўзбекча шашлик, кабоб билан бирга поляк емакларини тановул қилишган.

Maps.me порталида ушбу чойхона Урганчнинг сайёҳлар энг кўп борадиган ўнта нуқтасидан бири сифатида қайд этилган.

"Анна Герман" ресторани соҳиби, урганчлик тадбиркор Низомиддин Қодиров.
"Анна Герман" ресторани соҳиби, урганчлик тадбиркор Низомиддин Қодиров.

Икки ой аввал эса у шаҳар прокуратурасига чақиртирилган ва чойхона деворларидан Анна Герман номини олиб ташлаш ҳақида унга айтилган.

Ўзим Анна Германни мухлисиман. Урганчда туғилганидан фаҳрланамиз. Шу ресторанни уни номини бериш учун маҳсус очганман. Полшадан ошпаз ҳам олдирганмиз. Суратларини қўйганман. Туристлар ҳам поляк емакларини еб ҳайрон қолар эди. Хивага боришда шу ерда тўхтаб ўтишарди. Ҳатто Полшадан битта аёл Анна Герман суратини остига гул қўйиб кетган. Яқинда эса Тошкентдан указания бўлибди, прокуратурага чақиртиришди, Анна Германни ошпазчиликка нима алоқаси бор, деди, номини ўзгартиринг, бошқа ном қўйинг деди. Лекин, қаршилик қилишмаса Анна Германни номи қолишини истайман”.

“Олтин мерос” жамғармасининг Хоразм вилоят бўлими раҳбари, журналист Комил Нуржон чойхонага Анна Герман номини бериш ташаббусчиларидан.

"Олтин мерос" жамғармасининг Хоразмдаги бўлими раҳбари Комил Нуржон.
"Олтин мерос" жамғармасининг Хоразмдаги бўлими раҳбари Комил Нуржон.

У Урганчни дунёга танитган афсонавий қўшиқчининг излари туғилиб ўсган шаҳарда йўқолиб бораётганидан таассуфда эканини айтади.

“Машҳур поляк қўшиқчиси Анна Герман Хоразм маркази Урганч шаҳрида туғилган. Биз Анна Герман билан фаҳрланамиз. Нега деганда у Урганч номини дунёга ёйган”, - дейди Комил Нуржон.

Икки йил аввал эса Урганч марказидан оқиб ўтувчи Қирғизёп каналининг чап соҳилидаги Анна Герман кўчасига Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов номи берилди.

“Хоразмдан етишиб чиққан Европа фариштаси”, дея қўшиқчи ҳақида шеърлар битган шоир Ошиқ Эркин ҳам Урганчда Анна Герман кўчаси қайта тикланиши кераклигини айтади.

“Кўчани ўзгартиришгани яхши бўлмади, лекин ресторан бор. Бизда одамлар фаҳрланишни билмайди. Қандай дунё олқишлаб турган санъаткор Хоразмда туғилган бўлса миллатидан қатъий назар қувонтирмайдими. Фаҳрланиш керак Хоразмдан етишиб чиққан Европа фариштасидан”.

Хоразмлик шоир Ошиқ Эркин.
Хоразмлик шоир Ошиқ Эркин.

Анна Герман суратини чизган хоразмлик рассом Ширин Тошева ҳам қўгиқчининг номи шаҳар марказига қайтишини истайди:

“Фазодаги астероидлардан бирига Анна Герман номи берилган бир пайтда унинг она шаҳри Урганчда исми кўчадан олиб ташланиши афсусланарли”, - деб таъкидлайди рассом.

Чапдан ўнгга: Урганчлик рассом Ширин Тошева, Анна Германнинг биографи Иван Ильичёв, хоразмлик санъатшунос Зулфия Мадаминова.
Чапдан ўнгга: Урганчлик рассом Ширин Тошева, Анна Германнинг биографи Иван Ильичёв, хоразмлик санъатшунос Зулфия Мадаминова.

Анна Герман номи билан аталган кўчада Матбуот уйи ва Хоразм вилоятида ёпилиб кетган "АLC" мустақил телеканали жойлашган бўлган.

"Хоразм ҳақиқати" газетаси бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова.
"Хоразм ҳақиқати" газетаси бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова.

"Хоразм ҳақиқати" газетаси бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова Анна Германни Хоразм қизи дер экан унга Урганчда бюст қўйиш керак дейди.

"Мени ўзим ҳам шу Анна Герман яшаган Кўнақалада катта бўлганман. Турли миллат вакиллари яшаган у ерда. Бизни момоларимиз, маҳалламизда яшовчилар онаси Ирма опа билан жуда иноқ қўшни бўлган экан. Анна бизни қизимиз. Хоразмни қизи. Биз унинг қўшиқларини эшитиб катта бўлдик. Ҳозир шунинг учун унинг 85 йиллиги муносабати билан бюстини шаҳарга ўрнатиш масаласини ҳам кўтаряпмиз, мусиқа мактабига уни номини қўйишни ҳам истардик", - дейди Раҳимберганова.

Хоразмда туғилган Европа фариштаси"

Ўз даврининг энг машҳур ва ҳозирдаям ўз довруғини йўқотмаган хонандаси Анна Герман 1936 йилда Урганчда ҳолланд ва поляк муҳожирлари оиласида туғилган.

Онаси Ирма Мартенс Урганчдаги Крупская мактабида немис тили ўқитувчиси, отаси Евгений Герман нон заводида ҳисобчи бўлган.

Анна Герман биографи Иван Ильичёв-Волкановский ўтган йили қўшиқчи дунёга келган Урганч туғруқхонаси ва унинг болалиги кечган жойлардан лавҳа тайёрлаганди.

Ашулачининг Урганчдаги ҳаёти ҳақида 10 серияли "Анна Герман" бадиий фильмида ҳам ҳикоя қилинади.

Тарихчи Комил Нуржоновнинг айтишича, Германлар оиласи Урганчнинг Кўнақаъла деб аталган деҳқон бозори ёнида, Қирғизёп канали бўйига қараган, ўша пайтдаги Акмал Икромов, ҳозирги Огаҳий театрига яқин жойда бўлган.

“Анна қўшиқчиликнинг биринчи ҳадисини Хорзамда олган. Уни уйи ёнида вилоят театри бўлган. У ерда янграган тароналар уйига эшитилиб турган. Мактабдан бўш вақтида келиб мусиқа тинглаган. Бу ҳақда архив ҳужжатларида маълумотлар бор. 10 ёшигача Анна Урганчда яшаган, кейин отасини халқ душмани деб қамашган. Урушдан сўнг Анна онаси билан Полшага кўчиб кетишга мажбур бўлади”, - дейди Комил Нуржон.

Қўшиқчига гул тутган хоразмликлар

Анна Герман йиллар ўтиб дунёнинг энг машҳур санъаткори сифатида танилди.

Комил Нуржон 1969 йилда Полшанинг Сопот шаҳрида бўлган халқаро қўшиқчилик фестивалида Анна Германга хоразмликлар номидан гулдаста тутганини эслайди.

“Сопот шаҳрида қўшиқчилик фестивалида қатнашдик. Уни концертига таклиф қилиндик. Гул кўтариб бордик. "Ҳамюртларим келибди" деб олқишлади”, - дейди Комил Нуржон.

Шоир Ошиқ Эркин ҳам 1977 йилда Ленинград, ҳозирги Санкт Петербург шаҳридаги концертда Анна Германга гул тутган.

“Узун бўйли қомати келишган, овози ширин гўзал. Қарсак бўлиб турган пайтда гулларни олиб саҳна томон юра бошладим. Аннани ёнига бордим. Баланд бўйли, оппоқ кийимда, оққушга ўхшаб турибди. Гулдастани бердим, биз "Урганчдан келдик", дедим. "Эсингиздами Урганч" десам, "қандай эсимдан чиқиши мумкин" деди. Машҳур санъаткор, қучоқлашга қўрқасиз. Лекин у мени ўзи қучоқлади. Қувониб кетдим. Мени қўлимдан тутиб саҳнага чиқариб, "ўртоқлар бу йигит мени ватаним Урганчдан келибди" деди. Зал ҳайрон, кўпчилик билмас экан. "Энди қўшиқларимни уларга бағишлаб айтаман" деди. Шунда ҳамма қарсак чалди. "Октябрь" меҳмонхонасидамиз, келинглар" деди, хоналари номерини айтди. "Лекин Анна эртага эрталаб жўнаб кетамиз" дедик. "Афсус, афсус" деб қолди”.

"Олтин мерос" жамғармаси Хоразм вилояти бўлими стендида Анна Герман сурати ҳам осиғлик.
"Олтин мерос" жамғармаси Хоразм вилояти бўлими стендида Анна Герман сурати ҳам осиғлик.

Онаси хотираларига кўра, Анна Германнинг орзуси Урганчга бориш, туғилиб ўсган шаҳрида концерт бериш бўлган.

Лекин унинг бу орзуси амалга ошмади. 1982 йилда Анна Герман оғир касалликдан сўнг вафот этди.

Порлайверар номаълум юлдуз...

Анна Германнинг биографи, у ҳақдаги китоблар муаллифи Иван Ильичев-Волкановский қўшиқчи номини Урганчда тиклаш борасида Ўзбекистонда энг олий даражада муҳокамалар бораётганини айтади.

Урганчда кўчалардан бирига қайтадан Анна Герман номини бериш, у туғилган Урганч туғруқхонаси ҳамда Урганч аэропортида ёдгорлик тахтасини қўйиш борасида юқори даражада муҳокама кетяпти, бунга тепадагилар рўйхушлик билдирган ва ижобий ҳал бўлади, деб умид қиляпмиз”, - дейди Ильичев-Волкановский.

Озодлик билан суҳбатда бўлган урганчликлар ҳам Анна Германнинг номи унинг она шаҳри Урганчга қайтишидан умидвор.

Қўшиқчининг "Умид" ашуласида айтилганидек:

"Порлайверар номаълум юлдуз,

Яна биз уйдан олис, йироқда

Орамизда шаҳарлар, кентлар

Aеродромнинг парвоз нурлари

Умид менинг йўлкўрсаткичим

Омад эса жасурликнинг соврини

Менга битта қўшиқ етади ахир

Шунчаки ўз уйимда куйламоқ учун.

XS
SM
MD
LG