Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:46

Мирзиёев аҳолини коронавирусга қарши эмлашни буюрди. Ҳамма умид Хитой вакцинасидан


Хитойнинг коронавирусга қарши Sinovac Biotech вакцинаси синовлар жараёнида - Пекин, сентябрь, 2020
Хитойнинг коронавирусга қарши Sinovac Biotech вакцинаси синовлар жараёнида - Пекин, сентябрь, 2020

10 февраль куни видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев аҳолини коронавирусга қарши эмлашни тезроқ бошлашга топшириқ берди.

Маҳаллий матбуотнинг иқтибос келтиришича, президент Cоғлиқни сақлаш вазирига 1 ой муддатда биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, электрон рўйхатини шакллантиришни топширган.

Айни пайтда Ўзбекистонга қаердан ва қанча миқдорда вакцина олиб келиниши ҳануз номаълум. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов музокаралар ҳануз давом этаётгани ва жорий йил мартда вакцина келтирилишини айтган.

Ҳозир Ўзбекистонда Хитойнинг COVID-19 инфекциясига қарши ZF2001 рекомбинант вакцинаси 3-фаза клиник синовлардан ўтказилмоқда, аммо синовлар майда тугаши кутилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги (ИРВ) ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) бирга ўтказаётган Хитой вакцинаси синовлари мамлакат расмий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинмоқда.

ИРВдан олинган маълумотга кўра, синовлар муваффақиятли ўтмоқда ва агар тасдиқланса, вакцинани давлат буюртмаси билан тайёр ҳолда Хитойдан келтириш ва ССВ тизими орқали аҳолига етказиш режаланган.

2020 йилнинг сентябрида 35 миллион дозага буюртма берилган Россиянинг “Спутник-V” вакцинаси бўйича расмийлар жим, Ўзбекистон томонидан шартномани имзолаган Laxisam ширкати ҳам бирор аниқ гап айтолмаяпти. Норасмий маълумотга кўра, Россия вакцинаси бўйича сўзлашувлар боши берк кўчага кирган ва барча умид Хитой вакцинасига тикилган.

Кенг пиар акциясига айланган синовлар

Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинаси синовларига бош-қош бўлаётган Инновацион ривожланиш вазирлигидан (ИРВ) олинган маълумотга кўра, синовлар "муваффақиятли кечмоқда".

Вазирликнинг маълум қилишича, 3-фазада 6 минг 751 нафар кўнгилли эмланган, шу кунга қадар ўтказилган 1 ва 2-фаза синовларларда бирор нохуш ҳолат кузатилмаган.

Вазирлик матбуот котиби Назокат Азимнинг Озодликка билдиришича, синовни май ойида якунлаш назарда тутилган ва давлат буюртмаси асосида олиб келиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимлари орқали халққа етказиш режаланган.

“Бу жараёнда бирорта нодавлат ёки хусусий сектор вакиллари иштирок этмайди. Агар синовлар муваффақиятли ўтса, вакцинани тайёр ҳолда Хитойдан олиб келиш кўзланмоқда”, - деди Назокат Азим Озодлик билан суҳбатда.

Матбуот котиби вакцина нархи қанча бўлади, аҳолига сотиладими ёки бепул берилади – бу саволларга ҳозирча жавоб беролмаслигини айтди.

ZF2001 рекомбинант вакцинаси ҳануз синалмоқда

Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинаси (RBD-Dimer) ҳозирча дунё бўйлаб, синовларнинг 3-босқичида турибди.

Ўзбекистон ва Хитойдан ташқари, Эквадор, Малайзия ва Покистонда синалмоқда, аммо ҳали бирор давлатда тасдиқлангани йўқ. Аксинча, Бразилия бу вакцина синовидан воз кечган.

Ўзбекистонда эса синовлар ИРВ бошчилигида кенг кўламли тарғибот акцияси остида кечаётгани кузатилмоқда. Қатор расмий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу жараённи ёритиш учун каналлар ташкил қилинган.

Назокат Азим Хитой вакцинасига бу қадар катта эътибор, Ўзбекистон фақат шу вакцинани сотиб олишга қарор қилганидан даракми ёки бошқа вариантлар ҳам кўриляптими, деган саволга ҳам жавоб бера олмаслигини айтди.

“Биз ҳозирча Хитой вакцинаси синовларини ўтказяпмиз ва бошқа вакциналар ҳақидаги саволларга жавоб бера олмаймиз”, деди матбуот котиби.

Кўнгиллиларни йиғишга МОВ ҳам жалб қилинган

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига (МОВ) Хитой вакцинасини ўзида синашни истовчи кўнгиллиларни топиш ва рўйхатини шакллантириш вазифаси берилгани маълум бўлди.

МОВнинг Тошкент вилоятидаги бўлимларидан биридан олинган маълумотга кўра, уларга ССВ ва ИРВдан қўшма мактуб борган.

Озодлик МОВ вилоятдаги бўлинмалардан бири томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган телефон рақамига кўнгилли фуқаро вакили тариқасида боғланди.

“Бизга расмий хат туширилди. Маҳаллаларда эълон беринглар, ким синовларда қатнашишни истаса, рўйхат қилиб беринглар, дейишди. Лекин, мен яшаб турган ҳудуддан ҳеч ким истак билдирмади. Мен ҳам истамадим, тўғриси”, - деди исмини ошкор қилмаётганимиз вазирлик қуйи бўғин вакили.

Кўнгиллиларга маблағ таклиф қилинмоқда

МОВ вакилига кўра, вазирлик тузилмалари орқали синовга кўнгиллиларни жалб қилиш талаби январь бошида берилган ва истовчилар учун маблағ таклиф қилиниши айтилган.

“Биринчи синовларда қатнашганлар учун 400 минг сўм, агар иккинчисига ўтса, яна 200 минг сўм қўшиб берилиши мумкинлигини айтишганди. Лекин менда аниқ маълумот йўқ тўловлар ҳақида. Буни синовга қатнашишга рози бўлганингиздан кейин, бевосита шифокорларнинг ўзидан билишингиз мумкин”, - деди вазирлик вакили.

2020 йилнинг ноябрдаёқ Хитой вакцинаси синовларида қатнашишни истовчилар учун тўлов ваъда қилинган, аммо суммаси очиқланмаган эди.

Уларга ваъда қилинган тўлов миқдори қанча – бу саволга ИРВ матбуот котиби: "Ҳар бир кўнгилли иштирокчи билан шартнома тузилади, ва у ерда суммаси кўрсатилади", деган жавоб берди.

Расмий маълумотга кўра, синов учун Хитойдан 9 минг доза вакцина олиб келинган. Қатнашаётганлар синов муддати давомида тиббий суғурта қилинмоқда ва бу муддатда соғлиги оғирлашса, бепул даволаниши мумкин.

35 млн. доза буюртма қилинган Россия вакцинаси ҳақида жимлик

Ўтган йилнинг сентябрь ойида эришилган дастлабки келишувга кўра, Ўзбекистон Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник-V” вакцинасига 35 миллион доза учун буюртма берган.

Бунинг 10 миллион дозаси 2020 йилнинг охирига қадар, яна 25 миллион доза эса 2021 йил бошида Ўзбекистонга етказилиши айтилганди.

Вакцинани Ўзбекистонга келтириш ваколати берилгани расман айтилган Ўзбекистондаги Laxisam ширкати ўтган йилнинг ноябридаёқ вакцинани қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

1994 йилдан бери Ўзбекистон фармацевтика бозорида ишлаётган Laxisam ширкати бош директори Шавкат Алимуҳамедов вакцинани ишлаб чиқариш ҳақида ҳам келишувга эришилганини билдирганди.

10 февраль куни ширкат мулозими тайёр вакцина ва Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун хомашё таъминоти бўйича ҳануз Россия томонидан жавоб кутилаётганини билдирди. Унинг сўзларидан англашилишича, 35 миллион дозалик буюртма ва вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳақида ҳозиргача ҳеч гап йўқ.

Ширкат раҳбарига кўра, жараённи тезлаштириш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган сўровларга ҳануз жавоб берилмаган.

Ширкат мулозими Ўзбекистонга синов учун олиб келинган “Спутник-V” вакцинаси тақдиридан ҳам бехабарлигини айтди.

Ўтган йил декабрда ССВ Ўзбекистонда синовдан ўтказиш учун 500 доза "Спутник-V" вакцинасига буюртма берилгани ва кейинроқ Россия Саноат ва савдо вазири шахсан вакцина намуналарини Тошкентга келтирганини билдирганди.

10 февраль куни Озодлик ССВга мурожаат қилди, аммо Россия вакцинаси синовлари ҳақида ҳеч қандай маълумот ололмади. Вазирлик мулозими бу саволлар билан ИРВга мурожаат қилишни айтди, ИРВ матбуот котиби Назокат Азим эса, мухбирни яна ССВ вазирлигига қайтарди.

ССВ тизимидаги Озодлик манбасининг айтишича, вазирликларнинг расмий жавоб беролмаётгани Россия вакцинаси бўйича музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолгани билан боғлиқ:

“Бу вакцина ҳозир дунёда талаш бўляпти. 20дан ортиқ давлатда тасдиқланган, ярим миллиард доза вакцинага буюртма тайёр турибди. ССВ ўтган йили мақтаниб айтган келишув қайси даражада эришилган, 35 миллион доза учун буюртма аниқ қилиб михлаб қўйилганмиди ёки шунчаки расмий гап бўлиб қолиб кетганмиди – аниқ жавоб йўқ ҳозир, менинг билишимча. Шунга вазирликлар бу масалани бир-бирига солиб ётибди”.

“Спутник V” вакцинаси истиқболи

“Спутник V” вакцинаси шу кунда хавфсиз ва самарали деб топилган жами 9 вакцинадан бири бўлиб қолмоқда.

3 февраль куни бу вакцина самараси 91,6 фоизни ташкил этгани ва клиник синовнинг муваффақиятли учинчи босқичи ҳақида дунёнинг етакчи тиббиёт журнали - The Lancet нашри ёзди.

Етакчи журнал “Спутник V” вакцинасини хавфсиз ва самарали деб топгандан сўнг кўпроқ мамлакатлар Россия вакцинасини ишлаб чиқармоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:54 0:00

Ҳозирда Россия ўнга яқин давлатда бу вакцинани ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришган. Марказий Осиё давлатларидан ҳозирда Қозоғистонда ушбу вакцинани ишлаб чиқариш жараёни бошланди. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳам коронавирусга қарзи “QazCovid-in” вакцинасини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Россия эса “Спутник V” вакцинаси учинчи босқич клиник синовларнинг маълумотларини аллақачон бир қатор давлатларнинг мутасаддиларига тақдим этган ҳамда вакцинани рўйхатга олиниш илтимоси билан Европа Иттифоқининг регуляторига ҳам мурожаат қилган.

Ҳозирда AstraZeneca ҳамда Pfizer ширкатлари коронавирусга қарши препаратни ишлаб чиқаришни камайтиришга мажбур бўлиши ортидан Европада вакцина тақчиллиги кузатилмоқда.

Бу эса ўз-ўзидан Россия вакцинасига бўлган талабни оширмоқда ва бу вазиятда, Ўзбекистон каби мамлакатларнинг “Спутник V” вакцинасини олиш жараёни янада мураккаблашиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG