Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Прокуратура ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевни Россия фуқаролигидан маҳрум этишни сўрамоқда


Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Россия президенти аппарати олдидаги пикетда - 2018 йил
Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Россия президенти аппарати олдидаги пикетда - 2018 йил

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Россия фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкин. Москва вилоятининг Люберци шаҳар прокуратураси ўзбек фаолини “фуқаролик ҳолатини расмийлаштириш ҳужжатларини қалбакилаштирганликда” айбламоқда.

Озодлик билан суҳбатда Баҳром Ҳамроев ўзига қарши давом этаётган босимларни Навальний намойишларида иштирок этгани, сиёсий фаолияти ва муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келгани билан боғламоқда.

Охирги пайтларда Россияда иш олиб борган бир қанча ҳуқуқ ҳимоячиси ФСБ талаби билан фуқароликдан маҳрум этилгани ёки депортация қилингани маълум.

Прокуратура ишни судга оширди

Москва вилоятининг Люберци шаҳар прокуратураси Москвада фаолият юритаётган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси, “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевни фуқароликдан маҳрум қилиш талаби билан судга мурожаат қилгани тўғрисида хат юборди.

Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоли прокуратурадан юборилган даъво аризасида уни “Ўзбекистон фуқароси” эканига урғу берилгани, ваҳоланки у СССР паспорти билан юрганини билдирди.

- Люберци прокуратураси 1995 йилда мен гўё “фуқаролик олиш мақсадида” бир татар аёлга уйланганимни ковлаб топибди. 25 йил ўтиб, у аёл даъво қиляпти экан давлат органлари билан бирга мени “ноқонуний олган гражданствони”, деб. Аслида, мен охирги бир неча йилда ФСБ террорчилик ва экстремизмда ноҳақ айблаётган кўплаб одамларни ҳимоя қилишда иштирок этиб келаман.

Иккинчидан, мен Навальний ҳимоясига уюштирилган коррупцияга қарши сўнгги митингларда фаол қатнашганим ҳам уларнинг тоқатини тоқ қилди, менимча. Қолаверса, мен Мирзиёевни очиқчасига танқид қилиб келаман. Мен ҳеч қачон Ўзбекистон граждани ҳам бўлмаганман. Уларнинг асл мақсади - мени сиёсий мухолифатдаги фаолиятим учун Ўзбекистонга топширишдир, - деди Баҳром Ҳамроев.

Озодликка тақдим этилган Люберци шаҳар прокуратураси ҳужжатига кўра, 1995 йилда Баҳром Ҳамроев Москва вилоятида яшовчи С.М. билан расмий давлат қайдидан ўтиб яшаган, улар никоҳи 1999 йилда суд қарори билан бекор қилинган.

Давлат идораси расмийлари айбловида ҳуқуқ фаоли бу никоҳ ёрдамида 1996 йилда Россия ватандошлигини қўлга киритгани ва бу “факт Ҳамроевнинг фуқаролик олишда қалбаки ҳужжатларни тақдим этгани” дея баҳоланаётганини кўриш мумкин.

Озодликка маълум бўлишича, прокуратура даъво аризасини Люберци шаҳар судига 4 феврал куни топширган ва ўша куниёқ ариза нусхасини гумонланувчига юборган.

Бироқ ҳуқуқ фаоли ҳимоясини таъминлаётган адвокатлар прокуратура ўз аризасида Баҳром Ҳамроев ва С.М. ўртасидаги никоҳ “қалбаки” деб айтилаётганига бирорта жўяли исбот-далил келтирилмаганига эътибор қаратмоқда.

Б.Ҳамроев эркин сайловлар учун норозилик митингида ҳибсга олинганлар қаторида, 03.05.2019
Б.Ҳамроев эркин сайловлар учун норозилик митингида ҳибсга олинганлар қаторида, 03.05.2019

Озодлик билан суҳбатлашган ҳимоячи Тимофей Широков сўзларича, “фуқароликдан маҳрум қилиш” усули бир неча бошқа ҳуқуқ фаоли, сиёсий етакчи ва дин намояндаларига нисбатан ҳам қўлланилганини гапирар экан, уни ФСБнинг “босим қуроли”, деб атади.

- Бу жуда жиддий айблов. Охирги пайтларда амалга оширилган бу каби ишларни ҳисобга олсак, Ҳамроевни ҳақиқатан фуқароликдан маҳрум этишлари ва, энг хатарлиси, Ўзбекистонга депортация қилишлари мумкин. Паспорти тортиб олиниб, Тожикистонга чиқариб юборилган Каромат Шарипов ишини мисол келтиришим мумкин.

Улар шу тариқа “номақбул шахсларни” мамлакатдан чиқариб юбормоқда. Айниқса, Россияда юзага келган репрессив вазиятни ҳисобга олган ҳолда. 25 йил олдинги ишни кўтариб, унга “ноқонунийлик” тусини бериш кимга зарур бўлиб қолибди, дейсиз?! Шунча йил кўрмаган нарсасини кўриб қолгани ажабланарли. Шубҳасиз, бу унинг сиёсий ва ҳуқуқ ҳимоясидаги фаолияти билан боғлиқ. Аслини олганда, шу тариқа истаган россияликни фуқароликдан чиқариб, унга бўлмаган айбловларни илиш мумкин, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Адвокат Широков Ўзбекистон томони Баҳром Ҳамроевга фуқаролик берганини тасдиқловчи ҳужжат юборса вазият янада мураккаблашиши мумкинлигини билдирди.

Айтиш жоизки, 2017 йил охирида Подмосковьенинг айнан Люберци шаҳар суди тожикистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ҳаракати раҳбари Каромат Шариповни фуқароликдан маҳрум этиб, уни Тожикистонга чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Тожик мигрантлари ҳимоячиси сифатида Россияда ном қозонган 57 яшар Каромат Шарипов 2020 йилда Тожикистонда вафот этиб, ўша ерда дафн этилди.

Маълум бўлишича, вазиятдан хабар топган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти прокуратуранинг Баҳром Ҳамроевни фуқароликдан маҳрум этиш талабига ўз қаршилигини билдириб, очиқ хат тайёрламоқда. Ҳуқуқ фаоли иши юзасидан хат давлат идоралари, жумладан омбудсман Татьяна Москалькова, халқаро ташкилотлар - Human Rights Watch, Amnesty International, Frontline ва бошқаларга жўнатилгани айтилди.

Ҳамроев ва унинг фаолияти

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев бундан олдин ҳам ФСБ назоратига тушгани, 2016 ва 2017 йилда ФСБ ва Росгвардия махсус кучлари унинг квартирасида тинтув ўтказгани Озодликда хабар қилинганди.

Баҳром Ҳамроев Москвада эркин сайлов ўтказилиши талаби билан 2019 йилнинг августида бўлиб ўтган митингда ҳибсга олинганди.

Ўша йил май ойида Москванинг Тверской туман суди Баҳром Ҳамроевни айни модда билан якка пикет учун 15 минг рубль миқдорида жаримага тортган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси 2019 йилнинг 17 апрелида Кремль майдонида Москвага ташриф буюрган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга қарши “Раҳмон! Сиёсий маҳкумларни озод қил!” плакатини кўтариб чиққани учун ҳам жавобгарликка тортилган.

У шунингдек, Шинжон уйғурлари, Қрим татарлари, қирғизистонлик ўзбеклар, россиялик сиёсий маҳкумлар ҳимоясига қатор якка пикетларни уюштирганди.

2018 йилда унга нисбатан икки ўзбекистонлик муҳожирни ўз квартирасида қайдга қўйгани учун жиноят иши очилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 2010 йилда ҳимоячи ФСБ ходими томонидан қаттиқ калтакланган; 2011 йилда номаълум шахслар Ҳамроевга уйи яқинида ҳужум уюштирганди.

XS
SM
MD
LG