Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:46

“Мажлис эмас, отбозор” - Мирзиёевнинг танқидидан сўнг мажлислар "учрашув"га айлантирилмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда - Тошкент, 2020 йил 29 декабрь (President.uz)
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда - Тошкент, 2020 йил 29 декабрь (President.uz)

Озодлик манбаларининг айтишича, президент Мирзиёевнинг мажлисбозликка чек қўйиш тўғрисида ҳукуматга берган кўрсатмасидан сўнг ҳокимликлар мажлисларни бошқачароқ форматда йўлга қўйишни бошлаган.

Озодликда, хусусан, Наманган вилоятида президентнинг 27 январь кунги видеоселекторидан буён вилоят ва туман ҳокимлари иштирокида "одамларни ишдан қўйиб" мажлислар ўтказилгани ҳақида маълумот бор. Бу мажлисларнинг баъзилари вилоятдаги расмий нашрларда ҳам ёритилган. Айрим жойларда мажлислар "учрашув" шаклида ўтказилмоқда.

27 январь куни Шавкат Мирзиëев ҳукуматга мажлисбозликка чек қўйиш ҳақида яна бир марта кўрсатма берди. 28 январдан бошлаб ҳокимлар фақат Бош вазирнинг рухсати билан 40 минутдан ошмаган мажлис ўтказиши бўйича маромнома қабул қилинди.

Ҳокимлар йиғилиш ўтказмоқчи бўлса, Президент Администрацияси ва Бош вазирдан рухсат олиши кераклиги таъкидланди.

“Мажлис эмас, отбозор”

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида яна бир марта мажлисбозликка чек қўйиш масаласини кўтарди:

“Мажлисбозлик касалига чалинган бўлсанглар, уйда мажлисларни ўтказинг.Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ мажлис ўтказадиганлар ишдан кетади”.

Мирзиëев навбатдаги мажлисда нутқ сўзламоқда
Мирзиëев навбатдаги мажлисда нутқ сўзламоқда

Президент ўз нутқида “мажлисга кетган вақтнинг 50 фоизини аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилишга кетказилса, шунинг ўзи катта натижа беришини ва одамлар рози бўлиши"ни таъкидлади.

Шу билан бирга, президент ушбу чеклов “Администрация ва Президент йиғилишларидан ташқари”дагиларга тааллуқли эканини урғулади.

Топшириқ барибир бажарилмайди

Бу 2017 йилдан бери “мажлисбозликни тугатиш” ҳақида президентнинг тўртинчи топшириғи. Бу топшириқларга зид тарзда ҳокимлар тонгги соат 3 гача мажлис ўтказиб келингани ҳақида яқинда бошқа ишга ўтказилган шаҳар ҳокиминнг аёли Озодликка гапириб берди. Амалдор эрининг туни билан мажлисдан бери келмаслигидан зада бўлган суҳбатдош президентнинг “мажлисбозликка барҳам бериш” борасидаги тўртинчи топшириғи ҳам бажарилмаслигига ишонади.

2018 йил Бдаош прокуратура президентнинг 216та долзарб топшириғи бажарилмай қолиб кетганлигини билдирган эди. Жорий йилнинг 18 январида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда сўзга чиққан Мирзиëев ўтган 4 йил мобайнида 2 мингдан зиёд қарор имзолагани ва шулардан 600 дан ортиғи бажарилмасдан қолганини афсус билан қайд этди.

Қарор бажариш "услуби" ҳажв қилинган "Элтуз" карикатураси
Қарор бажариш "услуби" ҳажв қилинган "Элтуз" карикатураси

Мажлисбозликни тақиқлаш бўйича топшириқлар хроникаси

2017 йили 9 август кунги селекторда сўзга чиққан президент Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар мажлислар сонини кескин қисқартириш, кўриладиган масалаларга бевосита алоқаси бўлмаган давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва бошқа муассасалар раҳбарларини таклиф қилмаслик зарурлигини таъкидлаганди.

Кетмонов ҳам мажлисга қарши

Мирзиёевнинг ушбу танқидидан сўнг мамлакатдаги сиёсий партиялар ҳам шу пайтга қадар қуруқ мажлисбозлик қилиб келганини тан олган.

"Биз асосан самарасиз йиғилишлар ўтказиш билан овора бўлиб қолаётганимиз ҳам бор гап. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам тан олиш керакки, маҳаллий кенгашларимиз фаолиятини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди” деган Халқ демократия партиясининг Олий Мажлисдаги фракцияси раҳбари Ҳатамжон Кетмонов. Бошқа партиялар вакиллари ҳам қуруқ рақамлардан иборат ҳисоботлар топшириш билан машғул бўлиб қолганлари, амалий ишга ўтиш вақти келганини айтишган.

Ҳатамжон Кетмонов
Ҳатамжон Кетмонов

2018 йилнинг 27 август кунги селектор йиғилишда Ўзбекистон раҳбари Давлат органларига мажлислар сони ва давомийлигини қисқартириш бўйича топшириқ берди.

Мажлисда кераксиз ҳисобот ва маълумотлар йиғиш тўхтатилиши талаб қилинди.

Мажлислар тартиби ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар сонини кескин камайтириш назарда тутилмоқда: улар графика бўйича ўтказилиб, ҳафтасига 2−3 мартадан ошмаслиги бўйича алоҳида кўрсатма берилди.

Мажлислар давомийлиги давлат даражасида 2 соатгача, вилоят, туман ва шаҳар даражаларида 1−1,5 соатгача қисқартирилиши талаб қилинди.

2019 йил 1 январдан бошлаб республика ва ҳудудлар даражасидаги мажлис ва йиғилишларни ўтказиш, фақатгина «Ijro.gov.uz» тизимидаги мажлислар ва йиғилишлар махсус марказлашган маълумотлар базасига ўтказилаётган тадбирнинг мақсади, натижалари, иштирокчилар таркиби ва давомийлиги кўрсатилган қайдлар киритилганидан сўнг амалга оширилиши ҳақидаги қарор кучга кирди.

Ушбу меъёрлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов мажлислар сонини кескин камайтириб, тонг саҳарда ёки ярим кечада йиғилиш ўтказишни бутунлай чеклаш бўйича топшириқлар берган.

Барча топширирқлар охирида Президент ва администрация мажлислари бу чекловлардан мустасно” эканлиги ëзиб қўйилган.

Мажлисбозликни қисқартириш бўйича 27 январь кунги президент топширишидан кейин Ўзбекистондаги ҳокимлик идораларида ўнлаб мажлислар ўтказилгани ҳақида Озодликда маълумотлар бор.

Хоразм вилояти Қўшкўпир туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка 29 январь куни билдиришича¸ “шу кунларда ўтказилаëтган мажлислар “тадбиркорлар¸ ëшлар ва фаоллар билан учрашув” дея қайта форматланмоқда”

Андижон ҳокимлигидаги мажлис
Андижон ҳокимлигидаги мажлис

Фарғона водийсидаги Озодлик мобил мухбирига кўра, “мажлисбозликни тугатиш ҳақида президент топшириқ берган 27 январдан бери Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида одамларни ишдан қўйиб, мажлис ўтказган.

Нега Ўзбекистонда мажлисбозликни тугатиб бўлмайди?

Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаëтган Навоий вилояти Конимех тумани собиқ ҳокими Исмоил Аспановнинг Озодликка айтишича, "шаклланган маъмурий буйруқбозлик тизими бекор бўлмаганича мажлисбозликдан қутулиб бўлмайди".

"Аслида, тепадан бир киши бошқарадиган тизим бекор бўлиб, менежмент эркинлашиши керак. Амалдорларга ўзи фаолият олиб борадиган соҳада мустақил қарорлар қабул қилиб, максимум эркин ишлаш муҳити яратилиши лозим. Мажлис билан мажлиснинг фарқи бор. Бутунлай мажлисни запрет қилиш ҳам самара бермайди. Амалдорларга аниқ вазифалар белгиланадиган эрталабки қисқа, ишчан мажлислар ва бунинг ортидан самара текшириладиган мониторинг бўлса, кифоя. Мирзиëевнинг ўзи Бош вазир бўлган пайтидан шунақа соатлаб мажлис ўткзаишга ўрганиб қолган эди. Менежмент борасида у кишидан ўрганиб бўлмайди", - дейди собиқ мулозим.

XS
SM
MD
LG