Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:19

"Янги Ангрен" ИЭСда иккинчи марта цех раҳбари ўз жонига қасд қилган. Уларга босим ўтказилгани даъво қилинмоқда


"Янги Ангрен” ИЭС
"Янги Ангрен” ИЭС

"Янги Ангрен” ИЭСда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашдан сўнг ўзини осган цех раҳбарининг яқинлари унинг босим остида ўз жонига қасд қилганини иддао қилмоқда.

Марҳум яқинларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Сирожиддин Шодиев станция раҳбарларининг босими остида жонига қасд қилган.

Озодликка маълум бўлишича, 2018 йилда станцияда бўлган "бахтсиз ҳодиса" ортидан бошланган тергов жараёнида яна бир цех раҳбари – Сирожиддин Пўлатов ҳам ўзини осган эди.

ИЭС раҳбарияти айни станцияда содир бўлган бу икки ўхшаш ҳолат - аввалига бахтсиз ҳодиса, сўнгра тергов пайтида ўрта бўғиндаги икки раҳбарнинг ўзини осиши сабаблари ҳақида бирор изоҳ бермади.

Аммо, 26 январь куни станция раҳбарлари маҳаллий нашрга берган изоҳида, 3 киши ўлимига сабаб бўлган 20 январдаги портлашда ишчиларнинг ўзлари айбдор, дейилди.

Ўша кунги портлаш станциянинг таъмир учун тўхтатилган 5-блокида содир бўлган, унда 3 ишчи ўлган, яна 3 нафари оғир куйиш жароҳатлар билан шифохонага ётқизилгани ҳақида Озодлик хабар қилган.


“Ноҳақлик сабаб ўзини осган цех раҳбари”

20 январь куни "Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясининг (ИЭС) портлаш бўлган 5-блокида цех раҳбари бўлган Сирожиддин Шодиевнинг яқинлари унинг ўлимида станция раҳбарларини айбламоқда.

Марҳумнинг яқинлари ижтимоий тармоқларда қолдирган шарҳларида Шодиевнинг “станция раҳбарлари босими остида” портлаш учун жавобгарликни бўйнига олишга мажбурланиши ортидан жонига қасд қилди, деб даъво қилди.

Озодлик бу шарҳлар ортидан марҳумнинг яқинларидан бирига боғланди. Даъвони такрорлаган яқини, Шодиев “нохақлик сабаб ўз жонига қасд қилган”ини айтди. Аммо у Озодликнинг ҳодиса билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб беришни истамади.

Марҳум билан бир цехда ишлаган ишчи, Озодлик билан мулоқотда, Шодиевнинг жонига қасд қилиши ортида станция раҳбарларининг “ҳалокатни ёпди-ёпди қилиш нияти турибди” деган хулосани такрорлади.

У ИЭС ишчиларининг Телеграм тармоғида қарийб 1 ярим минг кишилик канали борлиги ва унда Шодиев хотирасига ёзилган шарҳларни тилга олди.

“Киринг, Шодиев ҳақида айтилган гапларни ўқинг! Шодиев жуда ҳам инсофли, ишини яхши билган, виждонли раҳбар эди. Унинг ўз жияни ёзди: “Станция раҳбарлари портлаш делосини юзига отиб, тан оласан, деб тазйиқ қилишипти”, деб. Аммаси ёзди, синглиси ёзди: “Ҳақиқат борми?!” деб”.

"Янги Ангрен" ИЭСда портлаш: жиноят иши очилди, қурбонлар оиласига $10000дан тарқатилди, портлаган цехнинг раҳбари ўзини осди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00

Озодлик Шодиев вафоти ҳамда 20 январь куни станцияда бўлган портлаш ортидан "Янги Ангрен” ИЭС раҳбариятидан такрор-такрор расмий изоҳ олишга уринди, аммо ҳануз муваффақ бўлмади.

Жумладан, 26 январь куни ИЭС Бош директори Питько Виталий Юрьевичнинг қабулхонасига қилинган телефон қўнғироқлари жавобсиз қолди.

ИЭС ходимлари Телеграм каналида берилган маълумотга кўра, қуйидаги шахслар 20 январь кунги портлашда жабрланган:

1. Тўйчиева Манзура - вафот этган;
2. Режабоева Наргиза - вафот этган;
3. Қаюмов Абдураҳим - вафот этган;
4. Амонов Охун - оғир куйиш жароҳати билан шифохонада;
5. Сирожитдинов Ўткир - оғир куйиш жароҳати билан шифохонада;
6. Аҳмедов Абдурасул - оғир куйиш жароҳати билан шифохонада;
7. Норметов Усмон - оғир куйиш жароҳати билан шифохонада.

“3 ишчи хавфсизлиги таъминланмагани учун ўлди”

Озодлик радиоси 20 январь куни ИЭСнинг таъмир учун тўхтатилган 5-блокида портлаш содир бўлгани, портлаш оқибатида 3 киши ўлгани ва 3 киши оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилган эди.

ИЭСда 3 киши ўлимига сабаб бўлган портлаш юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан “Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши” айби остида жиноят иши қўзғатилган.

Расмий баёнотда портлаш “чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши” натижасида содир бўлгани, чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошлангани айтилди.

22 январь куни Озодлик боғланган бир масъул - “Янги Ангрен” ИЭСда участка раҳбари, деб тақдим қилинган Учқун Мерганов портлашга “бахтсиз ҳодиса” деб қаралаётганини тасдиқлаган ва сўнгра бандлигини айтиб, алоқани узиб қўйганди.

Аммо ҳодиса қурбонларидан икки нафари – 52 яшар Манзура Тўйчиева ва 40 яшар Назира Режабоеванинг яқинлари, Озодлик билан суҳбатда, ҳодисага станция ҳудудида техника ва ишчилар хавфсизлиги таъминланмагани портлашга сабаб бўлган, деб даъво қилган.


“Бир станцияда 2 раҳбарнинг ўлими”

ИЭС ишчиларининг Озодликка билдиришича, худди Сирожиддин Шодиев каби яна бир ўрта бўғин раҳбар – цех раҳбари Сирожиддин Пўлатов ҳам “бахтсиз ҳодиса” ортидан сирли равишда ўз жонига қасд қилган.

“Аввал ҳам худди шунақа Сирож, деган роса яхши бола бор эди, цех раҳбари, уям ўзини осган. Ўшанда ҳам ишчиларнинг ўзини айби, ТБга (техника хавфсизлиги – таҳр.) амал қилмаган, деб раҳбар ўзини осди, деб ёпишган. Мана худди шунақа яна битта ўлим, буни ҳам олдингисидақа қилиб ёпишяпти. Ҳеч ким жазолангани йўқ, ўша пайтдаги раҳбарлар мана ҳозирам уруғ-чуруғи билан станцияни эгаллаб ўтирибди”, деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълумот берган станция ишчиларидан бири.

Озодлик Сирожиддин Пўлатов яқинларидан бири билан ҳам боғланди. У исми ва Пўлатов билан қариндошлик алоқалари ошкор қилинишини истамади.

Унинг Озодликка билдиришича, 2018 йил январида - ўта қаттиқ совуқда станцияда ишлаётган экскаватор ҳайдовчиларидан бири "ўлиб қолган":

“Ўша йили роса қаттиқ совуқ бўлганди. Ҳайдовчи бола ишлаган экскаватор бузуқ бўлган, ичидаги иситадиган кондиционери ишламаган. Ишчилар ёзма арз қилган, ўша цехга вақтинча раҳбар бўлган Сирожиддин, у ҳам айтган буни, тузатишмаган. Ўта совуқ ҳавода у болани ис гази элтганми ёки бошқа нарса бўлганми, саҳар соат 6 га яқин ўлик топишгандида. Ўшандан кейин тергов бошланиб кетиб, охири Сирожиддин ўзини осиб қутулган. Хотинигаям, болаларигаям ёрдам беришмаган бу ноинсофлар, жанозасигаям боришмаган. Хотини йиғлаб айтиб берганди менга”.

"Станция оғир аҳволда, раҳбарлар ишчилар оғзини ёпиш билан овора"

Станциянинг Озодлик гаплашаётган ишчилари, марҳум ишчи ва 2 цех раҳбарининг яқинлари иддаосини тасдиқламоқда.

Улар ижтимоий тармоқлар ва Озодлик билан суҳбатларда “Янги Анрген” ИЭСда жиддий текширув ўтказилиши зарурлиги ҳамда ишчилар хавфсизлигини зудлик билан таъминланиши шартлигини таъкидламоқдалар.

Жумладан, 26 январь куни маълумот берган ишчига кўра, ИЭСдаги қозонлар жуда эскириб кетган, йиллардан буён капитал таъмир кўрмаётир:

"Қозонлар 1976 йилдан бошлаб, 1982 йиллар орасида қурилган, қозонлар ўшанда ўрнатилган. Фойдаланиш муддати неч йил эканини билмайман. Лекин ҳар йили 2 ёки 3 та блок ремонтга берилади. Назаримда, ўшанда катта ўйин бўлади, у ёғи бу ёғини ямаб қўйишади. Аслида 2014 йилдан буёғига тўлиқ ремонт қилинмади назаримда, балки қоғозда ремонт қилинар".

Станция ишчилари муттасил равишда Қозоғистондан келтирилган кўмир ишлатилиши, бу кўмирнинг калорияси 7 мингдан ортиқ бўлган боис эскириб кетган қозонлар аранг дош бераётганини ҳам таъкидламоқда.

Ишчиларнинг шикоят қилишича, айнан шу сабаб станциядаги ишчиларда ис газидан заҳарланиш қўрқуви ҳам кучайган, аммо бу борадаги шикоятлари раҳбарлар томонидан инобатга олинмаётир.

21 январь куни исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълумот берган ИЭС маъмурияти қуйи лавозимдаги вакили ишчиларнинг шикоятларини қисман тасдиқлаган эди.

“Аслида бу портлаш баҳона ИЭСнинг аҳволига эътибор қаратишса яхши бўларди, менимча. Биз Тошкентдаги катталарни огоҳлантиравериб, жуда чарчаганмиз. ИЭСда таъмирлаш, янгилаш керак бўлган отсеклар жуда кўп”,- деб арз қилган эди станция мулозимларидан бири.

"Станциядаги ҳалокатга ишчиларнинг ўзлари сабабчи"

2021 йил 20 январь куни Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясида содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисида станция бошқарув компанияси Kun.uz наширига маълумот тақдим этди.

Ушбу баёнотда айтилишича, 20 январь куни портлаш содир бўлган "5-қозон агрегати вақтинча тўхтатилган ва у кимёвий тозаланаётган пайтда қозон тозаловчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келган".

“Yangi-Angren IES” акциядорлик жамияти томонидан вафот этганларнинг оила аъзоларига қўшимча равишда 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди". "Вафот этган ходимларнинг ёрқин хотираси энергетиклар қалбида доимий сақланиб қолади", дейилади станция раҳбарияти тарқатган баёнотда.

Бу баёнот ҳам ИЭС ишчилари томонидан кескин танқид билан қарши олинмоқда. Ижтимоий тармоқда эътироз билдирган ишчилар, вафот этган ишчиларнинг яқинлари, президент Шавкат Мирзиёевдан уларнинг шикоятларига эътибор қаратилишини талаб қилмоқда.

Бу сўнгги 1 йил ичида “Янги Ангрен” ИЭСда содир бўлган иккинчи ҳалокатдир. 2020 йилнинг 30 январида чиққан ёнғинда станциянинг 4-3-блоклари томи ёниб кетган, аммо ҳеч кимга шикаст етмагани билдирилган эди.

XS
SM
MD
LG