Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:21

"Янги Ангрен" ИЭС: Қурбонлар яқинлари ва ишчилар фожиа такрорланиши хавфидан огоҳлантирмоқда


“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси
“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси

“Янги Ангрен” ИЭСда 3 киши ўлимига сабаб бўлган портлаш юзасидан жиноят иши очилди.

20 январь куни ИЭСнинг таъмир учун тўхтатилган 5-блокида портлаш содир бўлган, унда 3 киши ўлган, яна 3 киши оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган эди.

Қурбонлардан икки нафари – 52 яшар Манзура Тўйчиева ва 40 яшар Назира Режабоеванинг яқинлари ҳодисага станция ҳудудида техника ва ишчилар хавфсизлиги таъминланмагани сабаб, деб даъво қилмоқда.

Уларга кўра, ҳодисадан 2 кун ўтиб, хабар олган ИЭС раҳбарлари буни “бахтсиз ҳодиса” деб изоҳлашга уринмоқда.

Бу оилаларнинг 22 январь куни айтишича, станция бошқарувини Қозоғистондан туриб юритаётган инвестор қурбонлар оиласига 10 минг АҚШ долларидан нақд пулни шахсан тарқатган ва яна моддий-маънавий ёрдам ваъда қилган. Айтилишича, бу инвестор исмини ошкор қилмаган.

Бу сўнгги 1 йилда “Янги Ангрен” ИЭСда содир бўлган иккинчи ҳалокат. 2020 йилнинг 30 январида чиққан ёнғинда станциянинг 4-3-блоклари томи ёниб кетган, унда ҳеч кимга шикаст етмаган эди.



Тошкент вилоятининг Ангрен туманидаги Нуробод қурғонида яшаган 52 яшар Манзура Тўйчиева 20 январь кунги портлашда вафот этган 3 ишчининг биридир.

Унинг қизи Мафтуна Ҳолиқулованинг айтишича, 22 январь куни уйига ИЭС раҳбарияти ва ушбу станциянинг бошқаруви Қозоғистонда бўлган инвесторларидан бир вакил борган.

Бу вакил ҳамдардлигини билдирган ва марҳума ишчининг оиласига 10 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул берган ҳамда ҳали яна моддий ва маънавий ёрдам берилишини ваъда қилган.

Айни пайтда Мафтуна Ҳолиқулова, ҳодисадан 2 кун ўтиб, улардан хабар олган расмийлар фожиани “бахтсиз ҳодиса” деб аташга уринганини айтди:

- Бизникига келган раҳбарлар “бу бахтсиз ҳодиса” дейишяпти. Бу бахтсиз ҳодиса эмас, станциядаги ишчиларнинг хавфсизлигига риоя қилинмаган. Техника хавфсизлигига ҳам риоя қилинмайди. Бу еттинчи ҳодиса. Ўлимидан олдинги 3 кун ичида онам ҳар куни “станцияда кучли газ ҳиди бор, бошим оғрияпти” деб келди. Ишчиларнинг шароити жуда оғир, уларнинг хавфсизлигини секин-секин тузатамиз, дейишди. Лекин, буни тезроқ қилиш керак, бунақа фалокат бошқа такрорланмаслиги керак!

Мафтуна марҳумлар оиласида ҳол-аҳвол сўраганларга ўз миннатдорлигини билдирар экан, айни пайтда зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган масала – электр станциясидаги ишчилар ва техника хавфсизлигини таъминлашдир, дейди.

Унинг онаси, 52 яшар Манзура Тўйчиева кўп йиллардан бери станцияда ишлаб келган. Бунга қадар унинг поезд уриб кетиб, ҳалок бўлган отаси ҳам айни станцияда меҳнат қилган.

Мафтуна марҳума аёлнинг 3 фарзандидан бири, яна бир қизи турмушга чиққан, яна бир ўғли эса Россияга муҳожирликка кетган.

- Станциядаги иш жуда оғир эди. Онам вақти келганда, арқонларга осилиб, иссиқ ва совуқ жойларда ишлади. Чунки бизни боқиш учун шу ишга эҳтиёжи бор эди. Ҳозир ўлганидан кейин, ўзларининг айби билан ўлди, дейишяпти бизга, мен бу гапга ррози эмасман, - деб таъкидлади Мафтуна.

21 январь куни Озодликка интервью берган яна бир оила - Оҳангарон тумани Қорахитой қишлоғида яшаган 40 яшар Назира Режабоеванинг яқинлари ҳам ИЭС 5-блокида ишчилар хавфсизлиги таъминланмагани боис 3 киши нобуд бўлди, деб даъво қилган.

Марҳума Режабоеванинг келини - Лола Бойғозовага кўра, портлашда нобуд бўлган 3 ишчи – ИЭС ҳудудида бажариладиган энг оғир иш – носоз қурилмалар ва люкларни тозалаш, ямаш ва изоляция қилиш ишлари билан шуғулланган, кунига 8 – 12 соатга чўзиладиган бир ойлик иш учун 2 – 3 миллион сўм атрофида маош олган.

"Янги Ангрен” ИЭСда портлаш қурбони яқинлари: расмийлар ёлғон ахборот тарқатяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:45 0:00

Озодлик бу ҳодиса юзасидан 22 январь куни ҳам, “Янги Ангрен” ИЭС раҳбарияти ва портлашда ўлган аёлларни ишга ёллаган "ВостокЭнергоТеплоИзоляция" ОАЖ дан изоҳ олишга уринди, аммо расмий изоҳ ҳануз берилмади.

22 январь куни Озодлик боғланган бир масъул - “Янги Ангрен” ИЭСда участка раҳбари, деб тақдим қилинган Учқун Мерганов портлашга “бахтсиз ҳодиса” деб қаралаётганини тасдиқлади ва сўнгра бандлигини айтиб, алоқани узиб қўйди.

Ўша куни станция ҳудудида бўлган яна бир масъул - ВостокЭнергоТеплоИзоляция ташкилотининг станциядаги участка раҳбари, деб тақдим қилинган Шоира Сафарматова телефонини эса унинг яқини кўтарди. Қариндошидан олинган маълумотга кўра, Сафарматова ҳодиса кунидан буён "соғлиги оғирлашиб шифохонада қолмоқда ва бирор изоҳ беришга ҳоли йўқ".

21 январь куни исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълумот берган ИЭС маъмурияти қуйи лавозимдаги вакили:

“Аслида бу портлаш баҳона ИЭСнинг аҳволига эътибор қаратишса яхши бўларди, менимча. Биз Тошкентдаги катталарни огоҳлантиравериб, жуда чарчаганмиз. ИЭСда таъмирлаш, янгилаш керак бўлган отсеклар жуда кўп”,- деz арз қилган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) берган маълумотга кўра, 20 январь маҳаллий вақт билан соат 11 яримларда содир бўлган портлашда, “Янги Ангрен” ИЭСнинг 3 ишчи нобуд бўлган, яна 3 нафари жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Расмий баёнотда портлаш “чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши” натижасида содир бўлгани, чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошлангани айтилди.

22 январь куни Бош прокуратура матбуот хизматининг Gazeta.uz нашрига билдиришича, портлаш бўйича жиноят иши очилган.

“ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деб ёзди ушбу нашр.

ИЭСнинг Озодлик боғланган бир неча ишчисига кўра, 22 январга келиб, 5-блок ёпиқ қолмоқда, аммо ИЭСнинг бошқа қисмида иш нормал режимда давом этмоқда.

Озодлик гаплашган ишчилар 2 марҳума ишчи яқинлари иддаосини тасдиқламоқда ва “Янги Анрген” ИЭСда жиддий текширув ўтказилиши ҳамда ишчилар хавфсизлигини таъминланиши шарт, деб таъкидламоқда.

Исми сир қолиши шарти билан маълумот берган ишчилардан бирига кўра, 5-блокдаги портлашнинг асл сабаби уларга мавҳум бўлиб қолаётир.

“Бизга ҳам бироз мавҳум бўлиб турибди, чунки кўмир чанги ёки ис гази ўз-ўзидан портлашга сабаб бўлмаслигини исмимни билгандек, яхши биламан. Носоз труба ва винтеллар сабаб, бутун қозон бўлими атрофида газ ҳиди анқиб ётарди. Менимча ўша йиғилиб қолган газ портлашга сабаб бўлган”.

Кўп йиллардан буён айни ИЭСда ишлаётган ишчига кўра, бу станциянинг ичида кўпгина агрегатлар жуда эскирган ва исталган пайтда шу каби нохуш ҳодиса такрорланиши мумкин.

“Ҳаммасига сабаб хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги ва агрегатларнинг яроқлилик муддатини ўтаб бўлгани”, деди бу ишчи ва айни ҳолат, сўнгги ойларда носозлик кузатилган республикадаги бошқа иссиқлик элекр станциялари, жумладан Тўрақўрғон ва Таллимаржон ИЭСларига ҳам таалуқли, деб ҳисоблашини айтди.

Бу сўнгги 1 йил ичида “Янги Ангрен” ИЭСда содир бўлган иккинчи ҳалокатдир. 2020 йилнинг 30 январида чиққан ёнғинда станциянинг 4-3-блоклари томи ёниб кетган, аммо ҳеч кимга шикаст етмагани билдирилган эди.

XS
SM
MD
LG