Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

"Катта оға" кузатмоқда: Россиянинг кузатув камералари


Москванинг "Музеон" санъат хиёбонида совет махфий полицияси асосчиси Фэликс Дзержинскийга қўйилган ҳайкал ва кузатув камераси
Москванинг "Музеон" санъат хиёбонида совет махфий полицияси асосчиси Фэликс Дзержинскийга қўйилган ҳайкал ва кузатув камераси

2020 йилда Россия кузатув камералари энг кўп ўрнатилган мамлакатлар орасида 3-ўринга чиқиб олди. Ҳукумат шунингдек, юз таниш тизимига миллионлаб доллар сарфлади ҳамда Москвада дунёнинг энг мукаммал кузатиш тизимларидан бирини ишга туширди.

Расмийлар бу чоралар жамоат хавфсизлиги даражасини оширишда ҳамда коронавирус пандемиясини жиловлашда кўмак беришини айтмоқда. Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса бу борада оқсаётган қонунчилик ҳамда шахсий маълумотлар хавфсизлигига эҳтимолий путур етишидан хавотирда.

Бошқа мамлакатларда қандай?

TelecomDaily ахборот-таҳлилий агентлиги ҳисобига кўра, Россияда 2020 йилда қарийб 13 млн кузатув камераси ўрнатилган. Дунёда кузатув камералари фақат Хитой (200 млн) ва Қўшма Штатларда (50 млн) Россиядан кўпроқ ўрнатилган. Ҳар 1000 одам бошига тўғри келадиган камералар сони бўйича ҳам Россия Хитой ва АҚШдан кейинги ўринда турибди.

Россиядаги камераларнинг катта қисми (деярли 8 млн) тижорат ташкилотлари томонидан хавфсизликни таъминлаш, ўғрилик ва жиноятларнинг олдини олиш учун ўрнатилган. Камераларнинг учдан бири (таҳминан 4,5 млн) 32,8 фоизи давлат ҳисобидан мактаблар, давлат муассасалари, йўллар ва касалхоналарда ўрнатилган. Қолган 1,1 млн камерага жисмоний шахслар эгалик қилади.

Россия Тергов қўмитаси ходимлари "Очиқ медиа" мухолифат гуруҳи офисида - Москва, 9 сентябрь, 2020
Россия Тергов қўмитаси ходимлари "Очиқ медиа" мухолифат гуруҳи офисида - Москва, 9 сентябрь, 2020

Камераларни ким ўрнатмоқда?

Аввалги (масалан, CompariTech and PreciseSecurity.com томонидан олиб борилган) тадқиқотларда аниқланишича, Россия барча шаҳарлардаги камералар ҳақида ҳисобот бермаган. Бу бошқа давлатлар билан солиштиришни қийинлаштирган. 2019 йилда Москвада 193 минг, Санкт-Петербургда 55 минг камералар ўрнатилгани аниқланган. Бу икки шаҳар ҳам дунёдаги энг кўп видеокузатув олиб бориладиган 50 шаҳар ичида. Москвада ҳар 1000 одамга 15,4 камера тўғри келса, Санкт-Петербургда ҳар 1000 одамга 10,1 камера тўғри келади.

Видеокузатувдан мақсад нима?

Кўпгина давлатларнинг расмийлари видеокузатув камералари жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлиги даражасини ошириш ҳамда йўллардаги вазиятни бошқаришда кўмаклашишини айтиб келмоқда. Лекин жамоат жойларида инсонларнинг дахлсизлиги ҳамда камера орқали олинган маълумотлар хатардан холи сақланиши борасида хавотирлар ҳам йўқ эмас.

2020 йилдаги коронавирус пандемияси даврида бу масалага яна бир жиҳат қўшилди. Бир қатор мамлакатлар карантинга олинган инсонлар уйда бўлишини назорат қилиш учун ушбу юқори технологиялардан фойдаланган. Масалан, Гонконгда инсонлар қўлида карантин билагузуги бўлиши талаб этилган бўлса, Жанубий Кореяда беморларнинг ҳаракатланишини телефонининг локацияси орқали кузатишган.

Бир неча йиллик синовлардан сўнг Россия 2020 йилнинг январида юз таниш тизимини ишга туширди. Москвада аллақачон ўрнатилган 100 минг камерадан аксари ушбу технология билан жиҳозланди. Натижада, пандемия бошланганда, Россияда одамлар карантин қоидаларига амал қилаётганини назорат этадиган тизим аллақачон йўлга қўйилган эди. Баъзи хабарларга кўра, камералар ахлат ташлагани бир неча дақиқага кўча чиққан “қоидабузарлар” ҳақида ҳам мутасадди органларни хабардор қилган.

Тиббий ниқоб таққан аёл Москвадаги видеокузатув камераси ёнида - 1 апрель, 2020
Тиббий ниқоб таққан аёл Москвадаги видеокузатув камераси ёнида - 1 апрель, 2020

Камераларга қанча маблағ сарфланган?

Москва 2019 йилнинг ўзида юз таниш технологиясининг жиҳозлари учун 53 млн доллар сарфлаган.“МБХ медиа” нашрига кўра, 2020 йилда Москва мэрияси бу учун қўшимча 35 млн доллар ажратган. Маблағларнинг асосий қисми (тахминан 19 млн доллар) Москва метрополитенида поездларни видеокамералар билан жиҳозлашга сарфланган. Қолган пуллар трамвай ва автобусларда юз таниш тизимини ўрнатишга сарфланган.

Кейинги режалар қандай?

2020 йил июнида Россия барча (43 минг) мактабларини “Оруэлл” номли юз таниш тизими билан жиҳозлаш борасида шартнома тузган. Расмийларнинг айтишича, бу тизим ўқувчиларнинг мактаб вақтида хавфсизлигини ошириш учун жорий қилинмоқда.

Уч ой ўтиб, қўшимча юз таниш тизимлари бутун Россия бўйлаб ўрнатилиши эълон қилинган. Москвадан ташқари яна 10 та шаҳарнинг жамоат жойларида ҳамда кўп қаватли уйларнинг остонасида камералар ўрнатилади. Шаҳарлар рўйхати келтирилмаган, лекин, масалан, Нижний Новгородда 3000 га яқин камералар ўрнатилар экан.

Айрим хабарларга кўра, Россия полицияси инсонларни уларнинг татуировкалари, кўз қорачиғи, овози ёки ҳаракатларидан таниб оладиган тизим устида ишламоқда. Ҳаракатланиш тарзидан таниш тизими инсонни 50 метрлик масофадан, у камерага қарамаётган бўлса ҳам таниб олиш қобилиятига эга. Бу тизим қадам узунлиги, оёқ қўйиш даражаси ёки қўлларнинг ҳаракатлантириш хослигига қараб инсоннинг ҳаракатланишини таҳлил қилади. Тизимни адаштириш осон бўлмайди.

Барча кузатув технологиялари маълумотлар базасига қарам бўлгани учун, Россия юз, бармоқ излари ва бошқа биометрик маълумотларнинг марказлашган базасини яратмоқчи. Базага барча россияликлар ва чет элликларнинг маълумотлари киритилади. Бу база кейинги уч йил давомида шакллантирилади.

Москва марказидаги кузатув камераларидан бири
Москва марказидаги кузатув камераларидан бири

Россияликлар видеокузатув ҳақида қандай фикрда?

Юз таниш тизими Москвада ишга туширилганидан бери сизиб кетган маълумотлар ҳақида хабарлар тарқамоқда. Масалан, рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи “Роскомсвобода” ташкилоти “қора бозор”да шахсий маълумотлари сотилаётган москваликлар ҳақида ҳисобот чиқарган. ”Роскомсвобода” фаоли Анна Кузнецова Москванинг 79 камерасидан олинган маълумотларни, жумладан, ўзига тегишли шахсий маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлган. У Москванинг Информацион технологиялар бўлими устидан судга шикоят қилган. Лекин москваликларнинг ўзи бу масалада бўлинганга ўхшайди. Москваликларнинг 47 фоизи видеокузатувларга ижобий муносабатда бўлиб, камералар жиноятчиликка қарши курашишини айтмоқда. 42 фоиз москваликларнинг бу борадаги қарашлари салбий. Улар видеокузатув ўз эркинликларининг суиистеъмол қилинишига олиб келишидан чўчимоқда. Баъзиларнинг фикрича, камералар шарт бўлмай, ортиқча харажатдан бошқа нарса эмас.

Неъматми, лаънатми?

Пандемия даврида юз таниш тизимларидан фойдаланиш ўзини оқлагандек туюлиши мумкин. Лекин ҳуқуқбонлар ушбу чоралар вақтинча ҳамда вазиятга муносиб экани, ёмон ниятда суиистеъмол қилинмаслигини таъминлайдиган тартибни ўрнатишга чақирмоқда. Масалан, Россия, Беларусь ёки бошқа нодемократик давлатларда бундай технологиялардан жорий ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчиларини аниқлаш учун фойдаланилиши мумкин.

Human Rights Watch ва Amnesty International каби халқаро ташкилотлар Россияда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият ёмонлашаётганини қайд этган. Савол очиқ қолмоқда: пандемия тугагач, Россия хавфсизликни таъминлаш билан инсонларнинг дахлсизлиги ўртасида мувозанатни топа оладими?

XS
SM
MD
LG