Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:49

Мирзиëев ўзи беш ой олдин “Содиқ хизматлари учун” тақдирлаган мулозимни "хиëнат"да айблади


Президент Шавкат Мирзиëев ва Жиззах ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов - коллаж
Президент Шавкат Мирзиëев ва Жиззах ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов - коллаж

Жиззах вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқулов устидан жиноят иши очилди.

Жиззах вилоят прокуратураси вакилининг Озодликка айтишича, ҳоким ўринбосари устидан ҳозирча Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Республика ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимга кўра, 15 январь кечга яқин ҳоким муовини Раҳмонқулов ва Жиззахда 10 январь куни қулаган бино қурилишига бевосита алоқадор бўлган икки мулозим ҳибсга олинган.

Вилоят ҳокимлигидаги ўзини таништирмаган мулозим Раҳмонқуловнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади, инкор ҳам қилгани йўқ.

18 январь ҳолатига ҳокимлик расмий вебсайтида Раҳмонқулов ҳануз вилоят ҳокими ўринбосари сифатида қайд этилган.

"Ўринбосарнинг тўдаси"

15 январь куни президент Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари, Юнусобод тумани маҳалла раислари ҳамда ёшлар билан мулоқот чоғида Жиззахда қулаган уй мавзусига тўхталиб, «Вилоят ҳокими ўринбосарининг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак» дея таъкидлаган эди:

«Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бизнинг сиёсатимизга хиёнат қилган. Буни ҳамма билиши лозим. Унинг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди»

Мирзиёев хиëнатда айблаган Жиззах вилоят хокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқулов бундан атиги 5 ой олдин президентнинг ПФ 6055 қарорига мувофиқ «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган эди.

Жиззахда қулаган уй
Жиззахда қулаган уй

10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилган олти қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган.

Вазият юзасидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тафтиш олиб бормоқда.

Жиззах вилоят прокуратураси вакилига кўра¸ терговга қадар суриштирув мобайнида Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларидан кўрсатма олинган.

"Қурувчилар" оиласи

Матбуотга гапириш ваколати бўлмагани важидан исми айтилмаслигини сўраган прокуратура вакилига кўра¸ Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Раҳмонқулов Акрам Баҳритдинович "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг" компанияси томонидан ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган тендер ва танловларнинг аксариятида комиссия раиси сифатида “тизимли коррупция” билан шуғулланган.

Прокуратура ходимининг ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб маълум қилишича¸ Раҳмонқулов давлат буюртмаларини ўз қариндошларига оид фирмаларга “жиноий мақсадда тақсимлашда” гумонланмоқда.

Бундан олдин Telegramдаги «Davletovuz» канали Жиззахдаги тендерлар билан боғлиқ янги тафсилотларни маълум қилган эди. Хабарга илова қилинган жадвалда ҳоким ўринбосарининг қариндошлари “тендерда ютган” буюртмалар акс этган.

Тендер натижалари акс этган жадвал
Тендер натижалари акс этган жадвал

«Бу давлат буюртмалари қиймати бир неча юз миллиард сўмни ташкил қилади. Фамилия, исм ва шарифларни қараб чиқсангиз бўлди», деб ёзади блогер.

Жадвалда ҳоким ўринбосари Раҳмонқулов Акрам Баҳритдиновичнинг яқин қариндошлари Раҳмонқулов Aкбар Баҳриддинович¸ Раҳмонқулов Aлишер Баҳриддинович, Раҳмонқулов Aдҳам Баҳриддинович, Бaҳриддинов¸ Шуҳрaтжон Aкрaмович каби “тадбиркорлар” исмларини кўриш мумкин.

15 январь куни Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззах шаҳридаги бинонинг қулашига қурилишдаги "ўғриликлар" сабабчи эканини айтганди.

“Пудратчи ташкилотнинг хаёли ўғрилик бўлган... Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250-300-400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараварга туширилган. Шунинг учун устунларнинг кўтариш имкони йўқ» деб айтган вазир.

Ўтган йили Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши ортидан президент Мирзиёев "қурилишларда коррупция ҳоллари кўп" эканини айтганди.

Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Акрам Раҳмонқулов Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён қурилиш билан боғлиқ жиноят иши фигурантига айланган энг юқори мартабали мулозимдир.

XS
SM
MD
LG