Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Қашқадарёда ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилган ишчилар норозилик билдирди


Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг ўнлаб ишчиси ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланганини айтиб, мамлакат президентига видео мурожаат йўллади.

Ташкилот ходимларининг Озодликка айтишича, улардан меҳнат қонунчилигига зид равишда ўз ҳисобларидан таътилга чиқишлари борасида ариза ёздириб олинган.

Корхона раҳбарияти ходимларга ойлик тўлашга пули йўқлигидан шундай қилишдан бошқа чораси қолмагани, лекин ходимлар ариза ёзишга мажбурланмаганини айтмоқда.

Ўзбекистон Меҳнат қонунчилигига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил ходимнинг ўз розилиги билан амалга оширилиши керак.

Агар иш берувчи ходимнинг розилигисиз ўз ҳисобидан таътилга чиқишни талаб қилаётган бўлса, бу меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади.

Косон туманидани Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг сув цехи мутахассиси Маҳмуд Эрамонов 9 январь куни Озодлик билан суҳбатда ўзи ва яна беш юздан зиёд ҳамкасби ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилганини айтар экан бундай деди:

"Бир йилдан бери олти ойлаб ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурлашлар бўляпти. Шу пайтгача чидаб келдик, лекин ҳозир ҳам шу ишлар бўляпти.

Суний равишда ишни ўлдириб, корхонани ўз ҳисобига МЧЖ қилиб олмоқчими. Ҳозир ҳамма норози. Юзлаб одам бессодержанияда ойликсиз ўтирибди. Оиласини боқишга пули йўқ.

Бессадержания бўлаверса камбағаллик кўпаяди. 1 ярим миллион ойлик оламиз. Зўрға кунимизни кўрамиз. Шу пул ҳам ҳозир йўқ. Малакали мутахассисларимиз Россияга, Қозоғистонга кетиб қоляпти, - дейди Эрмонов.

Корхонанинг яна икки нафар ишчиси Озодлик билан суҳбатда ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқишга мажбурланганини айтди.

"Ариза ёзасан ё умуман ишдан кетасан дейди. Умуман кетсак иш йўқ, шунга ёзиб беришга мажбур бўлдик. Уч ойдан бери бессодержанияда ўтирибмиз. Ҳаммамиз малакали ишчилармиз. Агар бу узоққа чўзилаверса Россияга кетамиз, деб турибмиз,", - дейди Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилоти ишчиси.

Озодлик ишчилар эътирози юзасидан Нефт газ қудуқларини синаш ташкилоти раҳбари Фаҳриддин Шамсиддиновдан изоҳ олишга уринди, лекин унинг уяли телефонига кун давомида боғланиб бўлмади.

Ташкилот ҳисобчиларидан бири ходимларга ойлик тўлашга пули йўқлигидан ўз раҳбарияти шундай қилишга мажбурлигини айтди.

"Иш кам, пул йўқ, шунга ишчилардан ўз ҳисобидан таътилга чиқиб туриш сўралди. Бу вақтинча, деб тушунтириляпти. Навбатлашиб чиқиляпти, ноҳақлик бўлаётгани йўқ. Мени ўзим ҳам ойликсиз ўтирибман", - деди корхона ҳисобчиси.

Ўзбекистон Меҳнат қонунчилигига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил ходимнинг ўз розилиги билан амалга оширилиши керак.

Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, ходимга ўз ҳисобидан мажбурий таътил бериш мумкин эмас, бунга фақат ўзи рози бўлиши шарт.

159-моддага кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги агар кимдир ўз иш жойида ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланса вазирликка мурожаат қилишни тавсия қилган.

Ҳуқуқлари бузилган ишчилар вазирликнинг 1176 қисқа рақамли ҳамда + 998 71 200 06 00 ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкин.

Аммо, Косон туманидани Нефт газ қудуқларини синаш ташкилоти ишчилари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақда шикоят қилмаган.

"Давлат идораларига шикоят қилишда фойда йўқ. Эътибор бермайди. Президент қабулхонасига чиқдик, натижа бўлмади. Шунга тўғри Озодликка чиқишга мажбур бўляпмиз", - дейди Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг сув цехи мутахассиси Маҳмуд Эрамонов.

XS
SM
MD
LG